Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:21

Фарғонани қайта қуриш авжида


Фарғонанинг Қувасой ва катта йўл ўтадиган бошқа кўчаларидаги уйлар бузилиб, йўллар кенгайтирилмоқда.
Фарғонанинг Қувасой ва катта йўл ўтадиган бошқа кўчаларидаги уйлар бузилиб, йўллар кенгайтирилмоқда.

Кейинги бир-икки йил ичида Ўзбекистондаги аксарият шаҳарларнинг марказий кўчалари бўйидаги уйлар бузилиб, ўрнига янгилари қурилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 15 ноябрдаги қарорига биноан бундай қайта қуриш ишлари Фарғона шаҳрида ҳам амалга оширилмоқда. Оддий фарғоналикларнинг айтишича, қайта қуришдан ютганлар ҳам бор. Лекин ютқазаётганлар кўпроқ.


Абдураҳмон Фарғонанинг Қувасой кўчасида яшайди. У шаҳарда амалга ошаётган ўзгаришлардан хурсанд.

- Зўр кетаяпти. Мисол эски йўллардан кўра мана ҳозир кўчалар кенг. Кечалари ëруғ бўлаяпти кўчаларимиз, дейди Абдураҳмон.

Ўзи яшайдиган Қувасой кўчасидаги ўзгаришлар тўғрисида гапирар экан, 34 ёшли тадбиркор йигит Абдураҳмон “Асосан уйлар бузилиб йўллар кенгаяяптида. Замонавий йўллар тушадида бу ерга” деди.

Абдураҳмоннинг айтишича, бир қисми йўлга тушиб қолгани учун ҳовлиси торайиб қолганларга давлат ер участкаси ажратмоқда.

- Уйи йўлга тушаëтган бўлса, уларга хўжалик берилаяпти. 6-8 сотихдан чек берилаяпти, дейди 34 га кирган тадбиркор йигит Абдураҳмон.

Бироқ яшаб турган доми деразасидан Қувасой кўчаси кўриниб турадиган иқтисодиёт ўқитувчиси Маъруфжон Абдураҳмоновнинг сўзларига қараганда, масала Абдураҳмон айтганидан кўра мураккаброқ.

Домланинг айтишича, Қувасой кўчасининг қайта қурилаётганидан ютганлар ҳам йўқ эмас.

- Фарғона шаҳрининг қоқ марказида иккита маҳалладошимизнинг уйи бузилди. Икковининг ҳам ўрнини давлат эмас тадбиркорларга ажратиб беирлди. Олти рақамли пулга сотишдида иккаласи ҳам. Улар ҳозир икки жойдан, ота болалар алоҳида этажли чиройли уйларни олишди. Дадаси Нексия машиналарни олиб юрибди. Ўғли эса Матиз машинасини миниб юрибди.

Озодлик: Олтита рақамли ўзбек сўмидами?

- Долларда, дейди Маъруфжон Абдураҳмонов

Маъруфжон Абдураҳмонов айтаётган бу ҳовли Қувасой кўчасининг энг бозорбоп жойида – Тез тиббий ёрдам маркази олдида.

Озодлик: Қувасой кўчасида уй бузиш қачон бошланди?

- Бошланганига бир ой ҳам бўлгани йўқ.

Озодлик: Уйларни бузар экан қанақа шартлар билан бузаяпти?

- Уйнинг жойини давлат ўз ихтиëрига олиб, у ерда фақат йўл бўладиган бўлса, йўлга қўшиб юборилаëтган бўлса, у одамларнинг фиғони фалакка чиққан, дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Биз ўзимизни гўëки фарғоналик – Қувасой кўчасининг, масалан, 20 уйи соҳиби, деб фараз қилдик ва шундан келиб чиқиб суҳбатдошимизга бир неча савол бердик.

Озодлик: Қувасой кўчасида 20-уйда менинг уйим бор дейлик. Уйим кўчага чиққан. Менга ҳокимият нима дейди?

- Ҳокимият бош план бўйича “Сизнинг уйингизнинг мана шунча метри катта магистрал йўлга қўшилар экан. Шунинг учун ўрнига сизга фалон жойдан участка берилади. Ҳозирча сиз марҳамат фалон жойда яшаб турасиз вақтинча” деб кўчириб юбораяпти.

Озодлик: Агар мен “Уйимнинг кўчага тушган қисмига мен ўтган йил 20 минг доллар сарфлаб иморат қурганман. Энди куйиб қолавераманми?” десам, нима дейди?

- Ҳеч нарса демайди. “Сен пландан ташқари қургансан” дейдида. “Планда йўқ, БТИнинг рўйхатидан ўтмаган. Бузиб, материалларингни олиб кетаверасан” дейди.

Озодлик: Йўқ, деб оëғимни тираб туриб олсамчи?

- Уйини мазза қилиб сотди деяптманку. Ўшанинг ўрнига новвойхонаси ҳам бор эдида. Беларус трактор борку, ўшани олиб келиб гумбиллатиб бузишган олдин. Қон-қақшаб югуриб “Домла, нима қилсам бўлади? Маслаҳат беринг. Сиз тушунасизку қонунни” деб менинг олдимга чиққан. Кейин мен шунақа гапларни гапирганман. Хусусий мулк Ўзбекистон республикаси конституцияси бўйича ҳам, бошқа қонунлар бўйича ҳам давлат ҳимоясида бўлади, деб тушунтирган эдим. Балки менинг айтган гапим бўйича бўлдими, энди Худо билади, лекин ҳарқалай уйларини яхши пулга сотишди.

Озодлик: Мен ўтган йил 20 минг доллар сарфлаганимга қарамасдан булдозерини олиб келдида бузди. Мен қурилиш материалларимни олиб Фарғонанинг четидаги янги ер участкасига бораман. Давлат менга уйим учун ҳеч нарса бермайдими?

- Товон пулини БТИнинг баҳолаши бўйича тўлашади.

Озодлик: У баҳо бозор нархларига қанчалик мутаносиб?

- Осмон билан ерча фарқи бўлади. Ҳеч ким БТИнинг пулига ҳеч нарса қила олмайди. Битта тандир ëки битта-иккита нарсага етса керакда, дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

У кишининг айтишича, Қувасой кўчасида яшайдиганлар орасида фақат бир оила давлат қўйган шартлар асосида уйини бўшатиб беришга рози бўлмаяпти.

- Бир маҳалладошимиз борда. Уйи ҳалиям турибди. Шундай тратуарга туташган уй. Нимага? Чунки у қонунни билади, ўзини ўзи ҳимоя қила олади. Қизи билан туради. Уларнинг уйини ҳеч ким буза олмаяпти. Қонун бор эканда. Ўзини ўзи ҳимоя қилаяпти. Унинг ичкарисида ҳовлиси борда. “Ўша жойларга менга алоҳида уй қуриб берасан. Ундан кейин бузавер” деяпти. Миллати рус. Шунинг учун ҳам биринчидан ўшанга тегиша олмаëтган бўлса керак, дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Ўзбеклар эса, русларга нисбатан анча ройиш келади, деб қўшиб қўйди суҳбатдошимиз.

Фарғонадаги қайта қуриш ишлари тўғрисида 9 апрел куни ЎзА агентлиги ҳам ёзди.

Қувасой кўчасининг бир қисмини ўз ичига олган “Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сабоҳатхон Турғунова ЎзА мухбирига “Маҳалламизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшмоқда”, деган.

ЎзА маълумотларига кўра, 2012-2015 йиллар давомида Фарғона шаҳрида умумий узунлиги 84,8 километр бўлган автомобил йўллари, бир қанча кўча ва кўприклар қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари олиб борилади. Жами 17 объектда 150 миллиард сўмликдан ортиқ қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилади, 14 янги кўприк бунёд этилади.
XS
SM
MD
LG