Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:36

"Марғилонгаз" раддияси: Портлашга биз масъул эмас


Ёнғин рўй берган хонадонда 6 ёшли қизалоқ ва 1 ойлик гўдак онасиз қолди.
Ёнғин рўй берган хонадонда 6 ёшли қизалоқ ва 1 ойлик гўдак онасиз қолди.

Ташкилот расмийси Марғилон шаҳрида 3 апрел куни бир кишининг нобуд бўлишига олиб келган портлашга газ мосламасидан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлган, демоқда.

Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги "Марғилонгаз" ташкилотининг Техника хавфсизлиги бўлими мутахассиси Муҳаммаджон Матмусаевман, деб ўзини таништирган ва 10 апрел куни Озодликка боғланган мутасадди шаҳардаги Тошлоқ маҳалласида газ портлаши ҳодисаси юзасидан баёнот берди.

Муҳаммаджон Матмусаевга таъкидлашича, Марғилон шаҳри, Тошлоқ маҳалласи, Шоҳимардон кўчаси, 1-уйда 3 апрел куни содир бўлган портлашга ўша куни нобуд бўлган 26 ёшли келинчак Фотима Машрапованинг газ мосламасидан нотўғри фойдаланиши сабаб бўлган.

Бу хонадонда газ портлаши оқибатида ёш оила аъзолари куйгани ҳақидаги хабар 8 апрел куни Озодликнинг электрон манзилига келиб тушган эди.

Хонадон вакилларидан бири Мавлудахон 8 апрел куни Озодлик билан суҳбатда воқеа тафсилотларини гапириб берган эди.

- 10 кундан бери газ бўлмаган. Ундан олдин ёниб турарди озгина. Болаларига эътибор қилмаган шекилли, вентил очиқ қолган. Азонда уйига газ тўлиб қолган, уларни газ элитиб қўйган, ҳидини билмаган. Кейин уй совуб кетибди, болаларим совқотмасин, деб келин аям ёқиб кўрганда уй портлаб кетган,- дейди Мавлудахон.

Аёлнинг сўзларига кўра, ҳамма уйқуда бўлгани, бунинг устига оила соҳибининг тунги сменада ишда бўлгани боис саҳарлаб рўй берган портлаш ва унинг ортидан чиққан ёнғинда 26 ёшли келинчак Фотима Машраповани сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Бундан ташқари, унинг 1 ойлик ўғли ва 6 ёшлик қизи ҳам жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Машраповлар оиласи фожеага газнинг узилиши ва яна газ келишидан аҳолининг ўз вақтида огоҳлантирилмаслигини сабаб билиши, аммо бу борада уларнинг мурожаатига жавобан тумандаги газ таъминотига масъул ташкилот бахтсиз ҳодисага ўзини масъул билмаслигини айтганини билдирган эди.

Озодлик ўша куни "Марғилонгаз" ташкилотига ҳам боғланган ва ташкилотнинг телефон гўшагини кўтарган, аммо ўзини таништирмаган 2 ходими жавобни кейинга қолдирган эди.

10 апрел куни Озодликка боғланган Муҳаммаджон Матмусаев бу борада баёнот берди.

- Марғилон шаҳар, Тошлоқтепа м.ф.й ҳудудидаги Шоҳимардон 1-уйда, 1-Б хонадонда потлаш бўлганининг сабаби — бу Машрабовлар хонадонида содир бўлди — бу хонадон эгалари "Горгаз" ходимлари томонидан огоҳлантирилган. Техника хавфсизлиги, ëнғин хавфсизлиги бўйича огоҳлантириб, тушунтириш ишлари олиб борилган. Газдан нотўғри фойдалангани тўғрисида далолатнома қилиб, ускунаси муҳрлаб қўйилган. Ходимимиз кириб муҳрлаган. Уни газ тармоғидан узиб қўйган.

Озодлик: Содда қилиб айтиб беринг, нима қилишган? Қўшимча ускуна ўрнатганми?

- Резина шланг билан тунука печкани улаб қўйиб фойдаланган булар. Уч кун олдин ходимимиз орқали огоҳлантирув бўлган бу хонадонга. Бизнинг ходим борган бу хонадонга, огоҳлантириш берган. Нима учун бошқа хонадонларда бўлмаяпти? Айнан шу хонадон ускуналарни назоратсиз қолдирган. Ўз вақтида ўчириб ëқиш, шамоллатиш, димоходларни қараш, ҳар бир хонадоннинг вазифаси борку. Фақат "Горгаз"ни нотўғри айблаш билан қолиш керак эмаску?!

Озодлик: Мана ҳозир газ танқислиги бор нарса. Буни бор муаммо деб тан олайлик. Газ қайта ëқилишдан олдин одамлар огоҳлантириладими?

- Огоҳлантирилади. Газчилар ҳам қараб ўтирмайдида опа. 10 кун газ бўлмаган, деган гап нотўғри.

Озодлик: Хўп, неча кун газ бўлмаган унда?

- Бир кун ҳам (газсиз) бўлмайди. Бизга дарров навбатчилик қисмига хабар беришади. Ходимларимиз етиб боради. Бизда бу тўғрисида ҳеч қандай эътироз бўлмаганку.

Озодлик: Демак, Тошлоқ маҳалласида бир кун ҳам газ узилмаган?

- Йўқ, унақанги узилиш бўлмаган.

Озодлик: Сиз техника хавфсизлиги бўйича мутахассис экансиз. Унда сизнингча портлаш нимадан чиққан?

- Шланг қўйган. Вентил (газ жўмраги) йўқ у ерда. Тунука печкани қўйиб фойдаланганда.

Озодлик: Портлаш бўлмайдику агар газ узилмаган бўлса?

- Бу назоратсиз қолдирганда. Назоратсиз қолдирса, ҳар қанақа ҳолат бўлиши мумкинку?!

Озодлик: Ëниб турган газни назоратсиз қолдирганми?

- Комиссия аъзолари ўрганиб чиқдида. Умуман мумкинмас бўлган ҳолатда газдан фойдаланган. Газнинг команда қиладиган вентили хонанинг ташқи томонида. Хонанинг ичига резина шлангни олиб киришган. Уйдан чиқиб, газни ёқиб келгунча уйга газ тўлганда. Умуман мумкинмас нарсада бу.

Озодлик: Ташқаридан ëқиб уйга киргунча бир ëки икки дақиқа ўтди, дейлик. Бунинг ичида уйга газ тўлиб бўлганми?

- Газ борлиги учун уй газга тўлган. Бу (марҳума Фотима Машрапова) кириб гугурт чаққан.

Озодлик: Газ босими шу даражада кучли бўлганми?

- Кучли бўлмаган. Лекин у тўғридан-тўғри (шлангдан) ëққан. Горелка йўқ, автоматика йўқ. Вентилни шундай очса, уйнинг ичи бирпасда тўладию.

Озодлик: Тошлоқдаги фожеада бир аëл ўлди, икки бола жароҳатланди. Шу воқеадан кейин шу маҳаллада яшайдиган ëки Марғилонда яшайдиганларга техника хавфсизлиги бўйича масъул раҳбар сифатида нима маслаҳат берасиз?

- Умуман газдан фойдаланувчи истеъмолчиларга шуни айтардимки, газдан ëнғин хавфсизлиги, техника хавфсизлигига эътибор бериб, созланган ускунадан яроқли ҳолатда фойдаланса, бунақа ҳолат бўлмайди. Ҳеч ким ўзининг фарзанди ҳаётига ўзи зомин бўлмайди.

Озодлик: Яна бир саволни такрорлашга мажбурмиз ака. Биргина Тошлоқ маҳалласи эмас, бошқа маҳаллаларда ҳам бунақа воқеа бўлганидан, болалар ўлгани ҳақидаги фактлардан хабаримиз бор. Аксарият ҳамма ҳолатларда газ узилиши ва ëқишдан олдин аҳоли огоҳлантирилмаслиги сабаб қилиб келтирилган. Сиз шуни қувватлайсизми?

- Ëқишдан олдин бирорта жойда огоҳлантирмасдан газ берилмайди. Бунга ҳеч ким йўл ҳам қўймайди.

Озодлик: Газ узилиб туришини тан оласизми?

- Йўқ, унақа узилиб турадиган газ бўлмаган. Бу Марғилон шаҳар бўлса. Битта-яримта газ магистрали узоқ бўлган шаҳарнинг чекка жойи бўлганда унинг йўриғи бошқа бўларди. Ўшанда ҳам газни ўчириб, меъëрига солиб туриб, огоҳлантириб, кейин газ бериларди.

Озодлик: Яъни, газ узилиши Марғилонда бўлмаган?

- Йўқ, бўлмаган.

Озодлик: Қисқа муддатга ҳам?

- Бўлмаган. Қисқа муддатга бўладиган бўлса, ўша ерга етарли ишчи кучини олиб бориб, огоҳлантириб кейин қиламиз.

Озодлик: Тошлоқ маҳалласида газ узилмаган?

- Йўқ. Бунақанги нотўғри фикрлар тўғрисида бунақанги ҳар хил гаплар чиқиб кетишига бизнинг эътирозимиз катта, - деди ўзини "Марғилонгаз" ташкилотининг Техника хавфсизлиги бўлими мутахассиси Муҳаммаджон Матмусаев, деб таништирган ва Озодликка ўзи боғланган мутасадди.

Аввало, биз мутасаддига мавзуга ойдинлик киритишда кўмак бергани учун алоҳида миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Озодлик олинган бу расмий баёнот асосида фожеа тафсилотларини янада аниқлаштириш ва хусусан, бу баёнотга Марғилон шаҳри аҳолиси ҳамда Тошлоқ маҳалласидаги фожеани бошдан кечирган Машраповлар хонадони муносабатини ўрганишга ҳаракат қилади.
XS
SM
MD
LG