Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:24

Андижонда аҳолига бепул товуқ, арзон уруғ тарқатиляпти


Бу кампания Ўзбекистон Бош вазири назорати остида аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш давлат дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Андижон вилоятидаги мутасадди ташкилотлардан олинган маълумотларга кўра, андижонликларга имтиёзли нархларда уруғ сотиш ҳамда бепул товуқ тарқатиш кампанияси Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2011 йил октябр ойида ўтказган селектор йиғилишидан сўнг амалга оширилмоқда.

Имтиёзли нархлардаги сабзовот уруғлари аҳолининг кенг қатламига таклиф қилинмоқда. Бепул товуқ эса кам таъминланган ва ночор оилаларга тарқатилмоқда.

Вилоятдаги мутасадди ташкилотлар раҳбарларидан олинган маълумотларга кўра, имтиёзли нархдаги сабзовот уруғларини сотиш кампанияси шу кунларда якунига етмоқда.

- Андижон вилоят бўйича 28 та Дамас, 4 та Нексия ажратилган. Бош вазирнинг 2011 йил 24-25 октябр кунлари ўтказган йиғилишидаги топшириқ бўйича. Бош вазир ҳамма ҳокимларни чақириб, йиғилиш ўтказган эди. Январ ойида ҳам шунақа йиғилиш бўлган. Аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш бўйича бўлган эди, дейди Андижон вилоятидаги мутасадди ташкилотлардан бирининг раҳбари.

Унга кўра вилоятдаги, асосан, 4 та банк — Агробанк, Ҳамкорбанк, Халқ банки ҳамда Микрокредитбанкларга аҳоли яшаш пунктлари бириктирилган.

Банк ходимлари ва маҳалла қўмиталари фаолларидан иборат гуруҳлар қишлоқма-қишлоқ, маҳаллама-маҳалла юриб, аҳолига ўз томорқасида етиштириш учун сабзавот уруғлари ҳамда кўча бўйларига экиш учун узум кўчатларини арзон нархда сотмоқда.

Жумладан, 33-35 дона карам кўчатининг нархи 1000 сўм, 1 килограм сабзи уруғининг нархи эса 20 минг сўмдир.

- Масалан, 1 кило сабзи уруғи 20 минг сўм атрофида. Аҳоли граммлаб олаяпти. Агар шароити яхши бўлса, пулини ўзи тўлаб оляпти. Агар яхши бўлмаса, ночор бўлса бепул беряпмиз, дейди андижонлик мутасадди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг топшириғи асосида аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш дастури ижросига бириктирилган Ҳамкорбанкнинг Андижон вилояти бўлими мутасаддисига кўра, ҳар бир банк ихтиёрига иккитадан Дамас автомобили ажратилган.

- Бизнинг банкка ҳам иккита қишлоқ фуқаролар йиғини бириктирилган, иккита қишлоқ. Ходимларимиз 2 та Дамасда бориб, уруғларни тарқатиб келишяпти. Албатта, арзон, имтиёзли нархларда сотяпмиз уруғларни, - дейди Ҳамкорбанкнинг Андижон вилояти бўлимларидан бирида ишловчи ўзини таништирмаган ходим.

Мутасаддилардан олинган маълумотларга кўра, уруғ ва кўчатлар Андижон ҳамда Фарғона вилоятларида етиштирилган маҳаллий уруғлардир.

Бундан ташқари, Андижон вилоятида Бош вазир Шавкат Мирзиёев назорати остида амалга оширилаётган ушбу дастур доирасида аҳолига товуқ ҳам тарқатилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, бу кампания ҳозирча хайрия асосида амалга оширилмоқда.

- Сўнгги 20 кун ичида биргина Жалолқудуқ тумани доирасида 50 та хонадонга 20 тадан товуқ тарқатдик. Товуқ кам таъминланган ва ночор оилаларга бепул тарқатилди. Яқин кунлар ичида яна 1000 та товуқ келади, - дейди Андижон вилоятидаги мутасадди ташкилотлардан бирининг ходими.

Унга кўра, вилоят бўйлаб ночор оилаларга тарқатилаётган товуқлар чет давлатлардан биридан келтирилган. Аммо, айнан қайси давлат эканини бу мутасадди айтиб беролмади.

Муҳими, бу вилоятда ҳам айни кампания мунтазам назорат остида амалга оширилмоқда.

Яъни, Андижон вилоят ҳокимлиги қошида махсус мониторинг гуруҳи тузилган ва бу гуруҳ ойма-ой йиғилган ҳисоботни Тошкентга тақдим қилиб келмоқда.

Ҳозир Ўзбекистон аҳолисини ўз томорқасидан унумли фойдаланиш ҳисобига озиқ-овқат билан таъминлаш кампанияси бутун республика бўйлаб кузатилмоқда.

Бунга қадар Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида аҳоли томорқаларидаги шароитни ўрганиш ва унга кўра, экин экиш, парранда ёки чорва боқишни таклиф қилиш билан шуғулланаётган гуруҳлар тузилгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Вилоят ва туман ҳокимликлари мутассадилари иштирокидаги гуруҳ масъуллари алоҳида дафтар тутиб, ҳар бир хонадон томорқасида мавжуд экин, мевали дарахт, парранда ва чорва сони ҳақидаги ҳисоботни тўғри Тошкентга жўнатаётганини сўзлаб берган эдилар.

Хусусан, Қашқадарё вилоятида ҳам худди Андижон вилоятидаги каби аҳолига кўпроқ экин-тикин экиш, жумладан, иссиқхоналар қуришни тавсия қилиш, Бухорода эса парранда ва чорва, жумладан, жўжа боқиш тавсия қилинаётган аниқланган эди.

Норасмий манбаларда берилган хабарларга кўра, ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ўтказиладиган селектор йиғилишларида Бош вазир бу кампания бўйича ҳисоботларни алоҳида суриштирмоқда.

Республика бўйлаб йиғилган маълумотлар эса Ўзбекистонда аҳолини Озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича бир неча йил муқаддам қабул қилинган ҳукумат қарори ижроси ўлароқ қайд этиб борилмоқда.
XS
SM
MD
LG