Қирғизистон жанубидаги Жалалобод шаҳар суди Республика Ўзбек миллий-маданий маркази президенти муовини Қодиржон Ботировни миллий низо чиқаришда айбдор деб топиб, сиртдан бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этган, Жалолобод вилоят суди эса, ўзининг 2012 йил 31 январ кунги қарори билан ҳукмни ўз кучида қолдирган эди.
Маълум бўлишича, Ботировнинг ишончли вакили, адвокат Саидкамол Аҳмедов ўз мижози устидан чиқарилган суд ҳукмига асос бўлган унинг 2010 йил 15 май куни Жалолободда ўтказилган митингда қилган нутқини мустақил экспертизадан ўтказган.
Қўлимизда Москвадаги “Суд экспертизалари маркази” (“Центр судебных экспертиз по ЦФО”) чиқарган 25 саҳифали хулосанинг нусхаси.
Хулоса муаллифи Валерия Иванова Озодлик саволларига жавоб берар экан, Ботировнинг нутқи устидан тадқиқот ўтказганини тасдиқлади. Лекин у айтадиган барча гаплари хулосада акс этганини таъкидлаб, қўшимча шарҳ беришни истамади.
Биз нутқни лингвистик экспертизадан ўтказишга буюртма берган юрист Саидкамол Аҳмедовга бир неча савол билан мурожаат қилдик.
Озодлик: Нима учун экспертизадан Ботировнинг 2010 йил 15 май кунги нутқи ўтказилди?
- Постановление о предявление обвинениеда шу нарса асосий далил бўлиб ўтади.
Озодлик: Шу 15 май кунги чиқиши-а? 15 май кунги нутқи асоий далил бўлган.
- 15 май асосий.
Озодлик: Москвалик экспертлар қандай хулосага келди?
- Экспертизанинг виводи утверждат қилаяпти что Ботировнинг чиқишида ҳеч қандай ноқонуний чақириқлар ва ноқонуний гаплар бўлмаган. Асосий вивод шу.
Озодлик: Демак, миллатлараро низо қўзғашга чақириқ бўлмаган.
- Экспертиза хулосасида унақа чақириқлар йўқ деб бераяпти, дейди Саидкамол Аҳмедов.
Адвокат Саидкамол Аҳмедовнинг фикрича, москвалик экспертлар хулосаси Қирғизистон қонунларига биноан “янги очилган ҳолат” сифатида қабул қилиниши ва Ботиров иши қайта кўриб чиқилиши лозим.
Озодлик: Сизлар экспертизани бошқа мамлакат ҳудудида ўтказдинглар. Қирғизистон қонунлари қаршилик қилмайдими?
- Жиноят процессуал кодекси шуни регулироват қилади. Бу тўғрисида қонун ëзмаган. Бошқа мамлакатда қилиш мумкин эмас ëки фалонча мамлакатларда қилиш мумкин деган нарса йўқ, дейди Қодиржон Ботировнинг адвокати Саидкамол Аҳмедов.
Биз Ботировнинг ўзи билан ҳам боғландик.
Озодлик: Ишингизни Қирғизистон суди такроран кўриб чиқишига ишонасизми?
- Қирғизистонда қандай ҳолат бўлишидан қатъий назар биз қонун асосида шу ишларни қилаяпмиз. Сабаб қараб чиқадими чиқмайдими биз шуни ўтишимиз керак. Мен ўйлайманки, бу энг муҳим ҳужжатлардан биттаси. Қирғизистонда қайси ҳолатларда бундай ишлар амалга ошираëтгани ўз ўзидан кўриниб турибди. Прокуратуранинг босими асосида ва милиция ва бошқа структураларнинг асос мақсади ўзларининг қилган айб ишларини ўзбекларга юклаш мақсадида шу ишларни амалга ошириш, деди Ботиров москвалик экспертлар хулосасини назарда тутиб.
Унинг гапларидан “янги очилган ҳолат” ҳам ўзи устидан чиқарилган ҳукмнинг қайта кўриб чиқилишига ёрдам беришига ишончи кучли эмаслиги кўриниб турибди.
Қирғизистон расмийларининг баёнотлари эса, аксинча, Ботиров бўйича ишнинг тобора авж олаётганини кўрсатмоқда.
Қирғизистон Бош прокурори биринчи ўринбосари Нурлан Жээналиев 13 апрел куни Азаттик радиоси саволларига жавоб берар экан, Ботировга қарашли мулкларни давлат фойдасига мусодара қилиш юзасидан алоҳида судлов ўтказилиши тўғрисида хабар қилди.
- Ботировнинг мулклари бўйича материаллар судга берилди. Суд ҳукми чиққанидан сўнг унинг йигирмага яқин мулки давлат фойдасига мусодара қилинади, деди бош прокурор ўринбосари.