Маълумки, юз минглаб, баъзи маълумотларга қараганда 5 миллион нафар атрофидаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожири сифатида Россияда юради.
Улар Россия раҳбарининг Тошкент сафаридан ўзлари учун бирон нарса кутаяптими? Каримов Путин билан меҳнат муҳожирлари масаласини муҳокама қиладими?
Бу саволларни бугун “Эркин микрофон”га мурожаат қилганлар¸ шунингдек ўзбекистонликларнинг Москвадаги “Ватандош” жамияти раҳбари Усмонали Баратовга бердик.
Бир неча йилдан бери Москвада ишлаб юрган Акмалжоннинг фикрича, меҳнат муҳожирлари масаласи икки давлат раҳбарлари ўртасида муҳокама қилинса яхши бўлар эди.
“Депортация қилишга баҳона тополмай туришади”
- Иш масаласида ëки кўп депортация бўлаяптида. Документ муддати ўтиб кетган бўлса ҳам депортация бўлиб кетаяпти ëки пул жиҳатдан етмай қолади документ қилишига. Ҳар ой 1000 сўмдан тўлаймиз давлатга. Бир хил болалар шуни тўлай олмай беш-олти кун ўтиб кетади. Ана шунга кўпи депортация бўлиб кетаяпти. Шуларга сал эътибор берсин. Ўтиб кетган бўлса, штрафини олсаю депортация камроқ бўлса. Иш бўлиб турса, дейди бир неча йилдан бери Москвада ишлаб юрган Акмалжон.
“Тошкент меҳнат муҳожирлари масаласи мавжудлигини ҳеч қачон тан олмаган”
Россияга бормай, Ўзбекистоннинг ўзида ишлаётган, мактаб ўқитувчиси Бобуржон эса, мавзу юзасидан мана бундай фикр билдирди.
- Владимир Путиннинг Ўзбекистонга келиши Ўзбекистон учун менимча жуда катта аҳамиятга эга. Чунки айрим тахминларга қараганда беш миллионга яқин фуқаромиз Россияда мардикорлик қилиб ишлаяпти. Менинг назаримда президент Каримов Путиннинг олдига биринчидан ўзбек меҳнат муҳожирларига Россияда шароит яратиш масаласини қўйиши керак. Уларни иш билан таъминлаш, ойликларини вақтида бериш. Владимир Путин мана шу масалалар билан Россия президенти сифатида шуғулланса, яхши бўлардида.
Озодлик: Сиз айтгандай масалани Ўзбекистон раҳбари Россия раҳбари олдига қўяди¸ деб ўйлайсизми?
- Энди, мен ўйламайман. Тўғрисини айтишим керак.
Озодлик: Нима учун?
- Чунки шунча миллиард-миллиард доллар Ўзбекистонга фойда келтираëтган меҳнат муҳожирларининг аҳволи Россияда нақадар оғир қийинчиликлардан кечаяпти, лекин Ўзбекистон ҳукумати шу пайтгача бирор марта меҳнат муҳожирлари масаласини кўтарганини на матбуотда, на телевидениеда, на президент гапида эшитмадик, дейди мактаб ўқитувчиси Бобуржон.
“Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини таъминлаш Москва манфаатларига зид”
Ўзбекистонликларнинг Москвадаги “Ватандош” жамияти раҳбари Усмонали Баратовнинг фикрича, Россия ва Ўзбекистон раҳбарлари ўртасида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари масаласи кўтарилмайди.
- Менинг фикримча, Владимир Путиннинг Тошкентга сафарида бу масала кўтарилмаса керак.
Озодлик: Нима учун?
- Бу масала кўтарилса, масаланинг тагидан яна кўп муаммолар чиқади. Яъни Россияда юрган миллион-миллион ўзбекларнинг бу ерда медицина ҳимояси, меҳнат ҳимояси, пенсион ҳимояси каби саволлар кўтарилишга мажбур бўлади. Бу Россия учун невигодной масала. Менимча, Путиннинг Ўзбекистонга бориш масаласи бошқа томонлама. Хавфсизлик, Ўзбекистон пахтаси, газини сотиб олиш масаласида бўлса керка.
Озодлик: Сиз Россия учун манфаатли эмас дедингиз меҳнат муҳожирлари масаласининг Тошкент билан муҳокама қилиниши. Ўзбекистонлик меҳмнат муҳожирининг манфаати нуқтаи назаридан келиб чиқадиган бўлсак, қандай масалалар шу кунда муҳокама қилинса, яхши бўларди?
- Биринчидан, ...
Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.
Озодлик ёрдам берди
Навоий вилоят, Нурота туманидаги махсус спорт мактабида эркин кураш бўйича мураббий бўлиб ишловчи Насриддин Рўзибоевдан мана бу хушхабарни эшитдик.
- Бизларга етти ойлик маош берилмаган эди. Озодлик радиосига мурожаат қилган эдим. Мен ҳозир вазиятдан фойдаланиб, Озодлик радиоси ходимларига шахсан Садриддин Ашурга раҳмат демоқчиман. Чунки бизлар етти ойлик маошимизни олдик сизларнинг ëрдамларингиз туфайли. Сизларнинг анча ëрдамларингиз тегди. Садриддин Ашурнинг хизматлари катта бўлди. Шунга мен миннатдорчилик билдирмоқчиман. Раҳмат демоқчиман. Ишларингизга омад. Чунки мен доимо эшитиб бораман. Кўп кишиларнинг муаммоларини ҳал қиласизлар. Сизларга омад тилайман. Раҳматимни етказиб қўйинг, дейди Навоий вилоят, Нурота туманидаги махсус спорт мактабида эркин кураш бўйича мураббий бўлиб ишловчи Насриддин Рўзибоев.
**************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.
Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!