Мавзуга оид янгилик 12.уз сайтида пайдо бўлди.
Сайтга кўра, “ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга, лекин конкурсдан (тест синовларидан) ўта олмаган ва зарур миқдордаги балл йиға олмаган абитуриентларни педагогика, қишлоқ хўжалиги, табииёт-илмий ва техникавий йўналишлардаги олий ўқув юртларига тўлов шартномаси асосида қабул қилишда имтиёзлар бекор қилинди.”
Бу 12.уз хабарининг биринчи абзаци эди.
Хабарнинг иккинчи абзаци биринчисини инкор қилади.
“Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларига 2012/2013 ўқув йили учун қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг кенгайтирилган мажлисида айтилишича, тилга олинган категориядаги абитуриентлар конкурсда бошқалар билан бир қаторда иштирок этади ва улар йиққан баллар имтиёз сифатида қўшиладиган баллар билан биргаликда ўтиш баллидан юқори бўлса, улар ўқишга қабул қилинади”, деб ёзди 12.уз сайти.
Хўш, армиядан қайтган йигитлар учун имтиёзлар бекор қилиндими-йўқми?
12.узнинг чучмал хабаридан пайдо бўлган бу саволни бериш учун Ўзбекистон Республикаси олий ва махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати билан боғландик.
Хизматнинг ўзини таништирмаган ходими саволимизга жавобини “Кўнгилларига келганини ёзаверишар эканда”, деб бошлади-да, масалага оид вазиятни мана бундай тушунтирди.
- Агар у (ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасини олиб қайтган абитуриент) ҳужжат топширгани олий ўқув юрти конкурсидан ўта олмаса, унга Давлат комиссияси бошқа олийгоҳни тавсия қилади. Абитуриент аризасида ўша – бошқа олийгоҳ кўрсатилган бўлади, деди вазирлик масъул ходими.
Унинг айтишича, яна бир янгилик бор: ҳарбий хизматдан қайтган абитуриент учун имтиёз сифатида қўшиб бериладиган балллар миқдори бироз кўпайтирилган.
- Илгари 25 эди, ҳозир 27 фоиз максималдан. 61 балл қўшилаяпти, деди вазирлик ходими.
Вазирлик вакили тилга олган янгиликлар тўғрисидаги расмий ҳужжат шу кунда тайёрланмоқда.
- Буни ҳозир нимаси чиқаяпти, ишланаяпти. Мана яқин кунларда чиқади низоми,
деди Ўзбекистон Республикаси олий ва махсус таълим вазирлигининг ўзини таништиришни истамаган масъул ходими.
Хуллас, Ўзбекистон армиясидан ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси олиб қайтган абитуриентлар учун ҳукумат белгилаб қўйган имтиёзлар бекор қилингани йўқ, аксинча кўпайди.
Ўзбекистон президенти 31 май куни имзолаган қарорда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва тегишли тавсияномага эга бўлган ёшларнинг олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида йиққан балларига максимал ўтиш баллининг 27 фоизи қўшилажаги белгилаб қўйилган.
Ҳарбий қисм раҳбарияти зиммасига эса хизматни муносиб ўтаган ёшларгагина олийгоҳларга кириш учун тавсиянома бериш масъулияти юклатилган.
Қўмондонлик берган тавсиянома берилган кунидан бошлаб уч йил мобайнида яроқлидир.