Президент ўзбекистонликларга ярим килодан икки килогача гўшт совға қилди.
Ислом Каримов 5 июл куни имзолаган фармон тўғрисида ўтган ҳафта хабар берган эдик.
9 июл куни Озодлик мухбири президент фармони бевосита ўзига таъсир қилувчи баъзи ўзбекистонликлардан шу кунда олаётган маоши ёки пенсиясига нима келишинию 1 августдан бошлаб ортадиган пулларини нимага сарфлашларини сўради.
Янгийўллик Фахриддин ака пенсионер.
- Мен 3-гуруҳ ногирониман. Битта оëғим сал чўлоқланади.
Фахриддин ака ногиронлик пенсияси олади.
- 61 минг пенсия оламан.
Фахриддин акадан бу пулга қанча гўшт ола билишини сўрадик.
- Жуда чиройли, таниш-билиш қилиб олсам, уч ярим кило гўшт ола оламан, холос. Яхши колбасадан бўлса, уч кило колбаса оламан, дейди Фахриддин ака.
1 августдан бошлаб Фахриддин аканинг пенсиясига 9 минг сўм атрофида пул қўшилади. 15 фоизга ортадиган пенсиясига у 4 кило гўшт ола билади.
Бухоролик Нормурод ака ҳам пенсионер. Лекин уники меҳнат пенсияси ва миқдори 147 минг.
Лекин Нормурод ака бу пулни тўла олмайди, чунки у ишлайди.
- Ўшанинг ярмини беради.
Озодлик: 147 мингнинг ярми 73,5 минг бўларкан. Ўша 73,5 минг нимага етади?
- 5 кило 350 грамм гўштга етади, дейди Нормурод ака.
Нормурод ака, негадир биз кутмаган бошқа товарга ҳам “чақди” оладиган пенсиясини.
- 75та пайпоқ.
Нормурод ака 1 августдан пенсияси қанчага ортишини ҳисоблай бошлади.
- 75 мингнинг 15 фоизи қанча бўлади? 11 минг 250 сўм бўлади. Нима у 11 минг сўм? Тўхтанг шуни 2880 га бўлайлик. Бор-йўғи 3,9 долларга кўпайибди. Нимага хурсанд бўламиз? Ҳаммаси ҳозир бозорга ҳисобланади. Ботинка ҳам, кўйлак ҳам, кўп нарса. Фақат деҳқончиликдан, ўзимиздан чиққан нарсалар сўмда. Киядиган нарсанинг ҳаммаси четдан келаяпти. Телефон оламан десангиз ҳам шу гап, дейди бухоролик пенсионер Нормурод ака.
Жиззахлик ўқитувчи Зиёдулла Раззоқов шу кунда ишсиз. Жорий йил бошида ишли эди ва у бир ярим ставка ишларди.
- Қўлимга ҳар хил харажатлардан ташқари 250гача қоларди, дейди Зиëдулла Раззоқов.
Бу пулга нималар ола билишини сўрадик муаллимдан ҳам.
- Бир қоп ун, беш литр ëғ, 2 кило гўшт оламан холос, дейди Зиëдулла ака.
Агар Зиёдулла Раззоқовни 1 сентябрдан ишга тикласалару у яна 1 ярим ставка ишласа, унинг маошига 37 минг сўм қўшилади.
- 37 мингга яна 1 кило 800 грамм гўшт беради, деб, бирпасда ҳисоб-китоб қилиб берди жиззахлик муаллим.
Ўзбекистон раҳбари 5 июл куни имзолаган фармонга мувофиқ 1 августдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бир ойлик энг кам иш ҳақи 72,355 сўмни ташкил қилади.
Ҳозир Ўзбекистонда энг кам ойлик иш ҳақи 62,920 сўмдир.
Расмиий маълумотларда айтилишича, кексалик пенсиясига чиққан ва ёшлигидан ногирон бўлган фуқароларнинг энг кам пенсияси 141,520 сўмни ташкил қилади. Ҳозирда ногиронлик учун энг кам пенсия 123,060 сўмдир.
Қарилик ва меҳнатга лаёқатсизлик учун тўланадиган нафақа 86,835 сўмни ташкил қилади. Шу кунгача бу турдаги нафақа 75,510 сўм бўлган.
Охирги марта Ўзбекистонда энг кам ойлик маошлар 2011 йил декабр ойида ўртача 10 фоизга оширилган эди.
Бугунги суҳбатдошларимиз уччаласи ҳам битта гапни айтди.
Биргина Фахриддин аканинг гапини келтирамиз.
- Тушунтира олсам агар тўғри тушунаман десангиз, агар президент 15 фоизга ойлик маошни кўтарган бўлса, ҳали ҳеч ким пул олмасдан, ойлик кўтарилмасдан, нарх-наво 15-20 фоизга ўсиб кетади. Доллар қиммат бўлди, дейди. Қайси магазинга кирсангиз, доллар қиммат бўлди дейди, бозорга борсангиз, доллар қиммат бўлди. Мана шу гап, дейди Фахриддин ака.
Бу гапни ҳар йили ҳар бир ўзбекистонликдан эшитиш мумкин.