Ҳуқуқ фаоли товламачиликда айбланди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Янгийўл туман судининг 10 июлдаги ҳукмига кўра, Гулноза Йўлдошева Жиноят кодексининг 165-моддаси билан товламачиликда айбланиб, икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.Бу ҳақда Озодликка Гулнозанинг отаси Йўлдошали Йўлдошев маълум қилди.
- Товламачи деб туҳмат қилишаяпти. Бу қизимизни роса уришибди бўйнингга оласан деб. Муҳиддин Ҳожимуродов “Мендан 2000 доллар олди” деб Гулнозанинг бўйнига гапирди судда. Бу Муҳиддин Ҳожимуродовнинг туҳмат гапи. Гулноза олмадим деди. “Мени турмада уриб ҳамма ëғимни янчиб ташлашди бўйнингга ол деб” деди Гулноза. Суднинг башарасига гапирди тўғри. Муҳиддин Ҳожимуродовнинг гапи бўйича "берасан, бўлмаса устингдан ëзиб катта тепаларга мурожаат қиламан дегани учун 2000 доллар берганман. Яна 1000 доллар беришим керак унга" деб судда эълон қилди Муҳиддин. Муҳиддиннинг гапини маъқуллаб суд ҳайъати Гулнозага 2 йил бердида. Муҳиддин Ҳожимуродов илгари вақтда милиция ходими бўлиб ишлаган. Ҳозирги кунда воситачи. Бунақа тил билан айтганда вербовшик. Ўзбекистондан Қозоғистонга одам сотадиган, ўтказадиган одам,- дейди Йўлдошали Йўлдошев.
Яқинлари ҳимояси учун курашиб ҳуқуқ фаолига айланган Гулноза Йўлдошева Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи аъзосидир.
Гулноза Йўлдошева ўтган йилнинг 23 декабр куни Озодликка берган интервьюсида 2011 йилнинг март ойида ўз акалари ва яна бир неча йигит собиқ милиция ходими воситачилигида Қозоғистонга яхши иш, яхши маош ҳақидаги алдов ваъдалар билан олиб кетилиб, у ерда қул қилиб ишлатилгани ҳақида гапирган эди.
Гулноза Йўлдошева шундан кейин ўзи мустақил равишда одамларни Қозоғистонга қул қилиб сотиш бўйича текширувлар олиб борган ва ҳуқуқ фаоллари сафига қўшилган.
2012 йилнинг 9 апрел куни ҳуқуқ ҳимоячи Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи мулозим қабулида бўлган ва бу учрашувдан икки кун ўтиб Йўлдошева қиз ҳибсга олинган эди.
"Гулнозанинг овозини ўчиришмоқчи"
Гулноза Йўлдошева билан боғлиқ вазиятни кузатиб келаётган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, Гулноза Йўлдошева атайлаб уюштирилган жиноят қурбони бўлмоқда.- Гулнозани қўлга олиш, умуман уни қилмаган иши бўйича айблашининг сабаби Тошкент вилояти, Чиноз туманида куч ишлатар тизимлари яъни милиция, прокуратура, МХХ, ҳоким одам сотишга аралашган. Гулнозанинг иккита акасини Қозоғистонга сотиб юборишган. У ерда қул сифатида ишлатилган. Гулноза юқори ташкилотларга аризалар ëзган жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида ўша сотган одамни. У ҳам чинозлик одам. Лекин у органлар билан ишлаб ҳаммаси билан апоқ-чапоқ бўлиб юраркан. Асосий сабаб Гулнозанинг товушини ўчириш ва ҳеч қаëққа ëзмаслик,- дейди Суръат Икромов.
Чиноз тумани ҳокимияти расмийлари ва прокуратураси ходимларидан мавзу юзасидан маълумот олиш имкони бўлмади.