Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:37

Москва Қирғизистон орқали Тошкентни жиловламоқчими?


"Россия раҳбари Владимир Путин Ўзбекистоннинг қўшни давлатлардаги лойиҳаларга қарши чиқаётганидан устамонлик билан фойдаланиб, катта геосиёсий ўйинни бошлаши мумкин", демоқдалар экспертлар.

Россия президенти Владимир Путин 10 июл куни ўтган энергетика комплексини ривожлантириш комиссияси йиғинида Қирғизистондаги Қамбарота-1 ГЭСи, Норин ГЭСи каскадларини, Қоракеча иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаларини тезлатиш ва молиялаштириш масаласини кўтарди.

Путин Қирғизистонга мужда йўлладими ёки...

Бироқ Путин йиғин давомида Қирғизистондаги лойиҳаларда Россиянинг улуши юзасидан бахсларни қандай ҳал этиш масаласини кўтармади. Россия Қирғизистонда қурилажак мазкур иншоотларда ўз улуши 75 фоиздан кам бўлмаслигини талаб қилмоқда. Қирғизистон томони эса Россияга 50 фоиздан ортиқ улуш берилмаслигини билдирмоқда.

Қирғизистон ҳукуматининг ахборот сиёсати бўлими бошлиғи Султан Каназаровнинг айтишича, Россия президентининг бу билдирувини қирғиз томони шартларига рози бўлиш ишораси сифатида қабул қилиш мумкин.

- Қирғизистон билан Россия Юқори Норин ГЭСи каскадларини қуришда Россия иштирок этиши тўғрисида келишиб олган эди. Россия бу лойиҳани амалга оширишга тайёр экани ҳақида ишора қилмоқда, деб ўйлайман. Путиннинг бу билдируви катта сиёсий аҳамиятга эга. Бу билан Россия Қирғизистондаги лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириши мумкин, -деди Султон Каназаров.

Экспертлар: Путин Ўзбекистонга чақириқ ташлади

Қирғизистон Россиядан мазкур лойиҳалардаги иштироки ва улуши юзасидан аниқ жавобни июн ойи охиригача беришни талаб қилган эди. Бироқ қирғиз ҳукуматидаги ишончли манбаларнинг билдиришича, шу кунгача Москва бу талабга жавоб бермаган. Шундан келиб чиққан ҳолда қирғизистонлик экспертлар Путин ўз баёноти билан расмий Тошкентга чақирув ташлади, деган фикрдалар.

- Бу Ўзбекистонга таъсир этиш мақсадида қилинган бир сиёсий ҳаракат бўлди. Шунинг учун бу баёнотни Россиянинг Қирғизистондаги вақтинчалик манфаати юзасидан билдирилган баёнот сифатида қабул қилиш керак, -дейди сиёсатшунос Чўлпон Сидиқбаев.

Ўзбекистон 2007 йилдан бери Қирғизистондаги гидроэнергетик лойиҳаларга қарши чиқаётган ягона давлат ҳисобланади. Агар лойиҳалар амалга ошса, Қирғизистон минтақадаги сув заҳираларининг 80 фоизга яқинини назорат қилиш имкониятига эга бўлади. Ўзбекистон томони бу билан минтақада экологик ҳалокат юзага келиши мумкин деган нуқтаи назарда.

Экспертлар Россия мана шу вазиятдан фойдаланган ҳолда Москва таъсир доирасидан ташқари сиёсат юритаётган Тошкентни жиловлашга ҳаракат қилаётир деб ҳисоблайдилар.

- Москва бу билан Ўзбекистонга: ”Сен лойиҳаларга қарши чиқаётган эдинг, биз эса энди бу лойиҳаларни қўллаймиз”, демоқчи бўлаётир. Аммо Москва бу билан Ўзбекистонни ўз таъсир доирасига қайтара олишига ишониш қийин. Ўзбекистон Россияга қарши чиқиб, ғарб давлатлари ва Хитой билан яқинлашиш сиёсатини олиб боради, деб ўйлайман, -деди халқаро алоқалар бўйича бишкеклик эксперт Искандар Ўрмон.

Россия минтақада катта сиёсий ўйинни бошладими?

Сиёсатшунос Чўлпўн Сидиқбоев фикрича, Кремл Қирғизистондаги лойиҳаларнинг 75 фоизига эгалик қилиш борасидаги позициясида собит қолиши мумкин. Биринчидан, бу позицияни сақлаб қолиш орқали Россия Қирғизистондаги лоийҳаларнинг амалга ошириш жараёнини йиллаб ортга суриш имкониятини қўлга киритади. Иккинчидан эса Ўзбекистон ва Қирғизистон геосиёсий муносабатларини ўзи хоҳлагандек бошқара олади:

- Ўрни келганда Россия Ўзбекистонга ишорат бериши мумкин. Ўзбекистон бу ишорат ортидан Қирғизистонга босим кўрсата бошлайди. Қирғизистон эса оқибатда Россиянинг пинжига янада кучлироқ киришга мажбур бўлади, -деди сиёсатшунос Чўлпўн Сидиқбоев.

Россия 2008 йилда Қирғизистон билан Қамбарота ГЭСини қуриш учун 1 миллиард 700 минг доллар маблағ ажратиш ҳақидаги шартномани имзолаган эди. Ўшанда бу маблағнинг 450 миллион доллари берилган. Бироқ 2010 йилда Кремл Ўзбекистон билан яқинлашиш мақсадида Қирғизистондаги гидроиншоотлар юзасидан президент Ислом Каримов сиёсатини қўллашини билдирган эди.

Кремл мазкур билдирув ва Қирғизистон- Россия алоқаларининг совуқлашгани муносабати билан ваъда қилинган кредитни беришни тўхтатган эди.
XS
SM
MD
LG