Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:36

Ўзбекистонда текшир-текшир камайиши кутилмоқда


Расмийлар ваъдасига ишониладиган бўлса, келажакда Ўзбекистонда тадбиркорлар назорат органлари билан кўпроқ интернет орқали алоқада бўладилар.
Расмийлар ваъдасига ишониладиган бўлса, келажакда Ўзбекистонда тадбиркорлар назорат органлари билан кўпроқ интернет орқали алоқада бўладилар.

Ўзбек расмийлари статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини сезиларли даражада қисқартирмоқчи.

Бу ҳақда 16 июл куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан имзоланган фармонда қайд этилади.

Мазкур фармон “бозор иқтисодиёти талабларига, халқаро меъёрлар ва стандартларга мувофиқ, бюрократик ғовларни бартараф этиш, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ҳамда соддалаштириш, ҳисобот тизимини ва ҳисоботларни тақдим этиш тартибини тубдан такомиллаштириш ҳисобига ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун максимал даражада қулай шарт-шароитларни вужудга келтириш мақсадида” қабул қилингани айтилмоқда.

Фармонга мувофиқ, 2012 йилнинг 1 августидан бошлаб рухсат беришга оид 80 та тартиб-таомил бекор қилиниши кутилмоқда, бу эса тадбиркорлар юки 26 фоизга енгиллашини англатади. Шунингдек, лицензияланадиган фаолият турларининг 15 таси бекор қилиниши (яъни аввалгига нисбатан 20 фоизга қисқариши) кўрсатилган.

Шунингдек, фаолият турларини амалга ошириш учун лицензиялар амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилиши, бунда мазкур фаолият турларини амалга ошириш учун аввал берилган лицензияларнинг амал қилиш муддатлари чекланмаган, деб ҳисобланиши қайд этилмоқда.

Фармонда “тадбиркорлик субъектлари томонидан илгари кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда аризалар такроран тақдим этилган тақдирда янги асослар бўйича лицензия ва рухсатномалар беришдан бош тортиш тақиқланиши”ни таъкидланган.

Жорий қилинаётган янги тартиб 2013 йил 1 январдан бошлаб барча солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ойма-ой солиқ ҳисоботини тақдим этиш бекор қилинишини (қўшимча фойда солиғи бундан мустасно), микрофирмалар йиллик статистик ҳисобот тақдим этишини (аввалги тартиб бўйича ҳар чоракда топшириларди) кўзда тутади.

Фармонда “тадбиркорлик фаолияти соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари меъёрларига оғишмай риоя этилиши учун шахсан жавобгар бўлишлари тўғрисида лицензиялар ҳамда рухсатнома характеридаги ҳужжатлар бериш бўйича ваколатли органларнинг раҳбарлари қаттиқ огоҳлантирилиши” ҳам урғуланган.

Айни пайтда “ҳисоботларни тақдим этиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш масалаларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг сўзсиз риоя этишлари устидан мунтазам назоратни ўрнатиш ҳамда бюрократик ғовларни бартараф этиш ва ўрнатилган қонунчилик бузилишининг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш” Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси зиммасига юклатилиши қайд этилади.

Фармонда Вазирлар Маҳкамасига “икки ой ичида” лицензиялар ва рухсатномалар учун йиғимлар миқдорини танқидий қайта кўриб чиқиш ва уларнинг камида икки баробар арзонлаштириш буюрилади.

Шунингдек, ҳукуматга “2014 йилнинг охирига қадар барча тадбиркорлик субъектлари статистик, солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига тўла ҳажмда босқичма-босқич ўтказилишини, шунингдек, 2012-2016 йиллар мобайнида ариза берувчиларга аризаларнинг ўтиш жараёнини интерактив кузатиш имкониятини яратган ҳолда лицензия ва рухсатномаларни олиш учун интернет тармоғи орқали аризаларни беришнинг электрон шакллари жорий этилишини таъминлаш” вазифаси ҳам юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига эса “манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда интернет тармоғида ягона веб-сайт яратиб, унга лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари рўйхатини, лицензия ва рухсатномалар олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, тегишли фаолият турларини амалга ошириш учун лицензия ва рухсатномалар олган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги доимо янгиланиб турадиган маълумотларни жойлаштириш” вазифаси топширилган.
XS
SM
MD
LG