Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 08:21

Ўзбек - қирғиз чегарасида отишма: қурбонлар бор


Ўзбек-қирғиз чегарачилари ўртасида бўлган отишма чоғида ҳар икки томондан жами икки чегарачи ҳалок бўлгани ва уч одам яралангани тасдиқланди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати қошидаги Чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрибоеванинг маълум қилишича, ўзбек ва қирғиз чегарачилари ўртасидаги отишма 17 июл куни Жалолобод вилояти Олабуқа туманидаги Булоқбоши қишлоғи яқинида жойлашган чегара ҳудудида содир этилган. Отишма чоғида бир нафар қирғиз чегарачиси ҳалок бўлган, икки нафар қирғизистонлик ўқотар қуролдан жароҳат олган. Бу чегара ҳудуди Ўзбекистон томонидан Наманган вилояти Чуст туманидаги Гава пунктида жойлашган.

Гулмира Бўрибоева Ўзбекистон томонида ҳам ҳалок бўлганлар борлиги ҳақидаги маълумотлар ўрганилаётганини айтди. Расмий Тошкент ҳозирча бўлиб ўтган воқеага ўз муносабатини билдирмади. Ўзбек ахборот агентликлари Ўзбекистон томонидан “ЭСПЕРО” махсус отряди сержанти ҳалок бўлган ва бир чегарачи ярадор бўлган деган ахборотни ёйинлади.

Қирғизистон Чегара хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, 17 июл куни Кўктош-Булоқбоши автомобил йўлини таъмирлаш ишлари олиб борилган. Йўлининг бир қисми баҳсли ҳудуд бўлиб ҳисобланган. Асосан маҳаллий аҳоли вакилларидан иборат бўлган йўл таъмирчилари йўлнинг баҳсли ҳудуддан ўтувчи қисмини ҳам таъмирлай бошлаган. Қирғизистон Чегара хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳудуд баҳсли экани ҳақида таъмирчилар огоҳлантирилган эди. Аммо шунга қарамай, маҳаллий аҳоли ишни тўхтатмаган.

Шундан сўнг қирғизистонликлар билан гаплашиш учун Ўзбекистон чегарачилари келган. Аммо ўртада даҳанакаи жанг бошланиб, ўзбек чегарачилари қирғизистонликларга қарата ўқ отган. Қирғизистон чегарачилари ватандошларини ҳимоя қилиш мақсадида ўт очишга мажбур бўлган. Қирғизистон Чегара хизматининг расмий версиясида мана шундай маълумот берилади.

Ўзбекистон матбуотида эса чегарадаги воқеа "қирғиз чегарачиларининг провокацияси" сифатида баҳоланган. Яъни Ўзбекистон томони фикрича, ўқ отишни биринчи бўлиб 20 нафар қирғиз чегарачиси бошлаган.

Мазкур фожеали воқеадан сўнг Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Зокир Тиленов Ўзбекистон Чегара хизмати раҳбари билан телефон орқали суҳбатлашди. Томонлар вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш масаласини муҳокама қилган. Айни пайтда воқеа жойида тегишли ташкилотлар текширув-тергов ишларини олиб бормоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара чизиғи бир ярим минг километрни ташкил қилади. Бу ҳудуднинг 300 километри баҳсли бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган маълумотда айтилишича, йил бошидан бери Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида тўртта жанжалли вазият содир бўлган.
XS
SM
MD
LG