Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:23

Тошкент ва Бишкек бир-бирини "қуролли босқинчилик"да айблади


Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида 17 июлда содир бўлган отишмадан сўнг икки мамлакат чегарачилари ўртасида ахборот уруши бошланди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати қошидаги Давлат Чегара қўмитаси 17 июл куни ўзбек-қирғиз чегарасида содир этилган отишма учун масъулиятни Қирғизистон зиммасига юклади. Ўз расмий баëнотида мазкур хизмат қирғиз чегарачиларининг ҳаракатларини “қуролланган босқинчилик” сифатида талқин этди.

Ўзаро айбловлар. Ким ҳақ?

Ўзбекистон Чегарани қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, Наманган вилояти Чуст туманида жойлашган Ғова чегара пунктида чегарачилар ҳужжатсиз юк автомашиналарини ўтказишдан бош тортган. Шундан сўнг ўзбек чегарачиларига қўшни Қирғизистоннинг Булоқбоши қишлоғи аҳолиси таҳдид қилган. Ўзбек чегарачилари маҳаллий аҳоли қуршовидан чиқиб кетаётганида Қирғизистоннинг “Бўри” махсус отрядининг 14 ҳарбийси ўзбек чегарачиларини ўққа тутган.

Баёнотда тўқнашув оқибатида оддий аскар И.Иброҳимов ҳалок бўлгани ва сержант И.Эшназаров оғир яралангани маълум қилинган.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийлари эса отишма учун масъулиятни Ўзбекистон зиммасига юкламоқда. Қирғиз чегара қўмитаси Тошкентнинг қирғизларни қуролли босқинчиликда айблаб берган баёнотини Ўзбекистоннинг ўзига қайтарди.

- Биз” қуролли босқинчилик ҳаракати” деган гап ўзбек чегарачилари учун ҳос бўлган ҳислат деб ҳисоблаймиз. Негаки улар биринчи бўлиб Қирғизистон ҳудудидаги тинч аҳолига ўқ отди. Ўзбек ҳарбийлари бу билан икки давлат ўртасида имзоланган икки ва кўп тарафлама шартномаларни бузганини билдирамиз, -деди Қирғизистон чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрибоева.

Баҳсли ҳудудлар низолар ўчоғи

Бу каби баёнотларни ва ўзаро айбловларни бугунги кунда ўзбек ва қирғиз матбуотида кўплаб учратиш мумкин. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги эса ўзбек-қирғиз чегарасининг баҳсли ҳудудларида жорий йилнинг олти ойида камида тўрт марта тўқнашувлар бўлгани ҳақида маълумот тарқатди.

Шундан келиб чиққан ҳолда чегарачилар ва хафсизлик бўйича экспертлар Ўзбекистон-Қирғизистон ҳудудидаги 60 га яқин баҳсли ҳудуд кимга тегишли экани аниқланмугунича, бу каби тўқнашувлар содир этилаверади, деган фикрдалар.
Экспертларга кўра, бу каби тўқнашувлар давлатлараро низоларга ҳам айланиб кетиши мумкин.

Бишкеклик эксперт, ўзбек-қирғиз чегарасини аниқлаш давлатлараро комиссиясига узоқ йиллар раислик қилган Саламат Аламановнинг айтишича, баҳсли ҳудудлар масаласи яқин ўн йилликларда ҳал этилмайди ва низолар марказига айланиб қолаверади. Экспертга кўра, баҳсли ҳудудлар борасида ҳар икки давлат ўзининг ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган позициясига эга ва томонлар бу позициясидан чекинмоқчи эмас.

- Бугунги кунгача томонлар бу позициясидан ва талаблардан чекинмай келаётир. Бу нотўғри позиция эканини чегарадаги отишмалар исботлаб турибди. Томонлар бу принципдан бош тортиб, баҳсли ҳудудлар масаласида бир қарорга келишлари лозим. Албатта, Ўзбекистон Қирғизистоннинг талабларини тўлиқ инобатга ололмайди, Қирғизистон ҳам Ўзбекистон позициясини мутлақо қабул қилиши мумкин эмас. Чегара масаласида бир ўрталиқ меъёрни топишимиз керак, -деди Саламат Аламанов.

Чегара ёпилди. Оддий одамларга қийин

17 июлда ўзбек-қирғиз чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган отишма ортидан Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасини бир томонлама ва огоҳлантиришсиз ёпиб қўйди. 18 июлдан бошлаб ўзбек-қирғиз чегарасидаги “Дўстлик” ўтказиш пунктига борган қирғизистонликлар Ўзбекистон ҳудудига ўтказилмаяпти.

Ўшлик Абдуллажон Ваҳобовнинг қизи Ўзбекистонга турмушга чиққан. У қизи 2-3 кунга Ўшга келганини, энди эса чегара ёпиқлиги туфайли Ўзбекистонга ўта олмаётганини айтди.

- Қизим Қирғизистон фуқароси. Ўзбекистонга турмушга чиққанидан бери никоҳ ҳақидаги гувоҳномани олишолган эмас. Шунинг учун Ўшдан гувоҳнома олиш учун маълумотнома олишга келган эди. Энди уйига кетолмай сарсон бўлиб юрибди. Унинг эри ҳам касал бўлиб қолибди. Нима қиларимизни билмай бошимиз қотган. Оддий одамларга жуда ҳам қийин бўлди, -дейди Абдуллажон Ваҳобов.

Ўзини Гулноза деб таништирган 50 ёшли аёл асли ўзбекистонлик. У Ўшга турмушга чиққан. Айни пайтда у Қирғизистон фуқароси ҳисоблангани учун Ўзбекистонга қариндошларини кўргани бора олмаяпти.

- Мен Ўзбекистондан Қирғизистонга келин бўлиб тушганман. Ота-онамни кўриб келай деб йўлга чиққандим. Чегарадан ўтказмай қўйишди, -деди Гулноза опа.

2010 йилги Ўш қирғинидан сўнг Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларини бир томонлама ёпиб қўйган эди. Расмий Тошкент узоқ давом этган музокаралардан сўнг ўзбек-қирғиз чегарасидаги 17 ўтказиш пунктидан фақат биттасини очишга розилик билдирган эди. Шундан сўнг ўтган йилнинг 26 октябрида Ўш ва Андижон чегарасидаги “Дўстлик” пункти икки томонлама борди-келди учун очилган эди.
XS
SM
MD
LG