Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:29

"Ўзбекистон" ўзбекона одобни унутдими?


Ўзбек фоҳишалари ҳақида ҳуқуқ идоралари билан ҳамкорликда ҳозирланган ҳужжатли филмни намойиш қилган Ўзбекистон миллий телеканали қош қўяман деб¸ кўз чиқаргандек.


Телевизордан кўрсатилаверса ҳатто маймун юлдуз бўпкетади

Россиялик телеакадемик Познер айтган дейишади бу гапни.

Познерники дейиладиган гап оригиналда деярли бундай: Телевизордан кўрсатилаверса маймуннинг белидан пасти ҳам юлдуз бўпкетади.

Ўрисча айтилган бу гапни сўзма-сўз келтиролмаймиз - ўзбекона эканлиги кўкларга кўтарилиб мақталаверадиган одоб меъёрлари йўл қўймайди.

“Ўзбекона одоб” тананинг белдан пастидаги юмшоқ қисми номини ёзишга йўл қўймайди.

Йўўқ, ўзи бор ўша сўз. Лекин ёзиш мумкинмас. Уят бўлади-я!

Бугун гап ўша уят тўғрисида. Телеэкрандаги уят тўғрисида.

Гап фоҳишаларга боғлиқ икки телематериал устида бўлади.

Биринчиси - Таиланд жинсий хизмат бозоригача етиб борган ўзбек фоҳишалари тўғрисида National Geographic телеканали тайёрлаган информацион лавҳа.

Иккинчиси - “Ўзбекистон” телеканалининг Тошкентдаги “хата”ларда милиция ўтказган рейдлар асосида тайёрлаган “Нигоҳ” кўрсатуви.

Гап, аслида, бу икки кўрсатув муаллифлари проституция билан шуғулланаётган ўзбек аёллари инсоний қадрини қанчалик ҳурмат қилган-қилмаганликлари тўғрисида бўлиши керак.

Лекин масалани бундай қўйишга қўрқамиз. Ўзини мутлақ бегуноҳ, мутлақ комил, деб ҳисоблагувчи тингловчимизнинг “Фоҳишаям одамми!” деб ҳайқиришидан қўрқамиз.

Қўрқамизу, паааст овозда “Фоҳишаям одам!” деб қўямиз-да, масалага бошқа томондан ёндошамиз.

National Geographicнинг сюжети

Фоҳишалик – уят иш, уятли иш.

Афтидан, National Geographic телеканали бу оддий ҳақиқатни яхши билади.
Таиланддаги притонлардан бирида ўтказилган рейддан репортаж тайёрлар экан, телеканал у ердаги ўзбек фоҳишалари юзини йирик планда кўрсатмайди.

Умумий план тасвирларда ҳам аёлларнинг юзини суваб кўрсатади. Фоҳишанинг кимлигини, унинг қош-кўзи чиройли-хунуклигини кўрмайсиз.

Полициянинг кутилмаган рейдидан ўзини йўқотиб, каловланиб қолган фоҳиша аёллардан, улар қилаётган ишдан иргана бошлайсиз.

Ўзбек аёлларнинг ўзбекча-ўрисча-инглизча валдирашидан ҳижолат бўла бошлайсиз. Ўл-а, дейсиз. Кунларинг қурсин.

Лавҳани кўрар экансиз, кадр орти матнидан рейд ўтказишдан мақсад бу “импортний” фоҳишалар одам савдоси қурбони бўлганми-йўқлигини аниқлаш бўлганини биласиз.

National Geographic телеканали лавҳасида биронта ҳам чиройли кадр, биронта ҳам чиройли юз йўқ. Фоҳишаларнинг хирқи овози, қорни бир томонга, маммаси (пардон) бошқа томонга туртиб чиққан беўхшов таналари бор, холос.

Ирганасиз холос.

Энди “Нигоҳ”га нигоҳ ташлаймиз

“Ўзбекистон” телеканалининг “Нигоҳ” кўрсатувида пафос тўла баландпарвоз гапларни эшитасиз; чиройли кадрларни, бири-биридан ёш, бири-биридан кўхлик фоҳишаларни бирин-кетин, бирин-кетин йип-йирик планларда кўрасиз.

Овозларини айтмайсизми, овозларини!

Бу овозлари саҳнабоп жалб этувчи аёлларни ҳар қандай лотинамиркон сериали дубляжига жалб қилса бўлади.

“Нигоҳ”ни ўзбекчани билмайдиган одам кўрса, уни ўзбек қизларининг гўзаллиги тўғрисидаги кўрсатув экан, деб тушуниб олиши ҳеч гап эмас.

Жалб этувчи чиройли қизлардан баъзиларининг ҳасрати ҳам батафсил берилган “Нигоҳ” кўрсатувида.

Қизгинанинг ҳасратини эшитиб ўтириб, телевизорни силагингиз кепкетади: “Вой, бечора...”

Жалб этувчи қизларни кадр ортидаги кўзга тушмас одамлардан дам униси, дам буниси сўроқ қилади. Энг кўркамларини сизлайдилар. Бундайроқларини сенсирайдилар.

Лекин, ҳар икки ҳолдаям сўроқ қилгувчиларнинг “қўй оғзидан чўп олмаганлигини”, “бузоқнинг ҳақи бор, деб сут ичмаганлигини” ҳис қилиб турасиз. Фаришталардир кадр ортидагилар.

Кадр ортидагилар қанчалик фаришта бўлмасинлар, уларнинг “Нигоҳ”ига қизларимнинг нигоҳи тушишини хоҳламаган бўлардим.

Ахир, ҳатто бир кадрда турсикчаси устига шимини тортаётган аёлниям кўрсатишди. (Пардон, демайман: кўрсатиш мумкину кўрсатганлари тўғрисида айтиш мумкин эмасми?!)

Наҳотки, кўрсатув муаллифлари миллий (бу сўзни “умумдавлат”, деб ўқинг) телевидениеда аёлни турсикчан кўрсатиш уят эканлигини билмайдилар?

Фоҳишалар тўғрисидаги кўрсатувда натурализмга шу қадар ўрин бериш шартмиди, ахир?!

Ахир, ҳар қандай саводсиз ҳам фоҳиша ўз мижози билан “Ўзбек халқ эртаклари” ўқиш учун учрашмаслигини биладику!

Наҳотки, кўрсатув муаллифлари йирик планда узоқ ушлаб турилган чиройли чеҳра, ҳатто у фоҳишаники бўлса ҳам, кўрувчида фақат ижобий эмоциялар уйғотишини билмайди?

Боз устига, ўша чиройли чеҳра эгаси ноқобил отасидан ҳасрат қилиб, манқа-мишириғини оқизса-чи!

Улар, телеакадемик Познерники дейиладиган “Телевизордан кўрсатилаверса ҳатто маймун юлдуз бўпкетади”, деган гапни эшитмаганмиканлар?

Ёки кўрсатув муаллифлари аёлнинг турсигини, “қаҳрамонкалари”нинг юзларини тасвирда суваб қўйишни билмайдиларми?

Биладилар. Ана, фоҳишалик қилаётганларни жиноят кодексининг бирор моддасини бузганликда айблай олмаганлари ҳолда, чинакам жиноятчилар – Интернет қўшмачиларнинг юзларини, кўчада кетаётган тасодифий машиналар номерини суваб кўрсатдилар-ку!

Бу дунёнинг сўлу соғини бироз тушуниб қолган ҳар қандай кас биладики, ҳар бир фоҳишанинг ўз “легенда”си бор.

Буни “Нигоҳ”чилар ҳам билади. Билмаслиги мумкин эмас. Лекин фоҳишанинг ўша легендаси муаллифларнинг фоҳишалик сабаблари тўғрисидаги “кашфиётлари” тўғри эканлигига далил бўлиб хизмат қиладики, ундан фойдаланиб қолишлари керак-да!

“Чайнаётганим” “Нигоҳ” эфирга узатилганига бир неча ҳафта бўлиб қолди.
Нега бугун гапираяпман?

Яқинда минтақадаги қўшни миллат ёшларининг Москвадаги бир гуруҳи миллатдош қизларини бошқа миллат вакиллари билан юргани учун калтаклаётганлари тўғрисида хабар пайдо бўлди.

“Ватанпарвар, миллатпарвар” йигитлар наздида қизлар номақбул йўлга кириб кетганлар.

Калтакланган қизларга раҳмим келди.

“Нигоҳ” кўрсатувига тушиб қолган қизларга ҳам раҳмим келувди.

Бас, жамият кўниккан андозалардан ташқарига чиқиб кетган бу аёлларга менинг – томошабиннинг раҳми кела бошлаган экан, демак, “Ўзбекистон” телеканали “Нигоҳ”и қийшиқ бўлиб қопти.

Айниқса, кўрсатувга тушиб қолган қизларнинг ота-онасига раҳмим келди.
Бу дунёнинг сўлу соғини бироз тушуниб қолган ҳар қандай кас биладики, бу масалада ҳар доим ҳам ота-онани айблаб бўлмайди.

Қизларини ёмон йўлдан қайтаролмаган тевараги теп-текис, илмли, обрўли оилаларни биламан...

Нимага эришган бўлишлари мумкин “Нигоҳ” кўрсатуви муаллифлари?

Тахминимизча, кўрсатувга тушиб қолган қизлардан ҳеч йўқ биттасининг отаси ўзини осиб қўйган бўлса керак.

Қизларчи, қизлар? Улар қайтдими ёмон йўлдан?

Тахминимизча, қайтганлари йўқ. Ҳатто, бозорлари янаям юришиб кетди. Ахир чакана реклама бўлдиларми?

Қайтганлари йўқ, деб тахмин қилишимизга яна бир сабаб бор.

“Ёмон йўлга кирган аёл ўзи тавба қилсаям...” деб бошланадиган ва “... тавба қилмайди”, деб тугайдиган матални эшитганмисиз?

Тўла айта олмаймиз матални - ўзбекона эканлиги кўкларга кўтарилиб мақталаверадиган одоб меъёрлари йўл қўймайди.

Тилимизда маталдан тушириб қолдирганимиз сўз бор, аслида.

Лекин ёзиш мумкинмас. Уят бўлади-я!

Телеакадемик айтмаган бу матални.

Ўзбек айтган. Миллатни назарда тутаяпман.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:55 0:00
Бевосита линк

YouTubeда тинглаш
XS
SM
MD
LG