Милиция ва маҳалла ҳамкорликда
Шу кунларда Тошкентда “Тозалаш-антитеррор” тадбири ўтказилаяпти. Айни тадбир¸ Озодлик манбаларига кўра¸ милиция ходимларининг маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари билан ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Миробод туманидаги Шароф Рашидов маҳалласининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилаётган ушбу тадбир байрам кунлари хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга оширилаяпти.
- Бизлар РОВД билан ҳозир учта йиғилиш ўтказдик “Антитеррор” тадбири бўйича, профилактика нозирлари билан биргаликда. Ҳозир байрамга тайëргарлик кўриб қўшимча куч беришди РОВД томонидан. Тинчликни сақлаш, байрамга огоҳлик, ҳуқуқбузарларни йўқ қилиш, олдини олиш бўйича иш олиб бораяпмиз, деди маҳалла фаоли.
Участка нозирлари “казарма” ҳолатида
Исмини ошкор қилмаётганимиз Юнусобод туманидаги участка нозирларидан бирининг айтишича, шу кунларда шаҳардаги барча участка нозирлари кучайтирилган тартибда ишлаяпти.
“Биз “казарма” ҳолатидамиз. Ҳайитдан уч кун аввал шу тартибда ишлашга ўтдик. Кеча-кундуз постдамиз. Энди Мустақиллик байрами ўтгунча “казарма” ҳолатида бўламиз”¸ деди участка нозири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.
Участка нозирининг бу гапини билвосита тасдиқлаган ЎзА агентлигининг ëзишича, Тошкентдаги 476 та милиция таянч пунктида участка нозирлари “Тозалаш-антитеррор” тадбири доирасида куну тун ишлаяпти.
Маҳалла посбонлари ҳам кечаю кундуз навбатчиликда
Чилонзордаги Наврўз маҳалласининг ўзини таништирмаган фаолига кўра, байрам арафасида нафақат милиция ходимлари, балки маҳалла посбонлари ва фаоллари ҳам кечаю кундауз навбатчиликни йўлга қўйган.
- Маҳаллада навбатчилик қилинган. График бўйича нима қилишаяпти, навбатчилик қилишаяпти. Уй бошлиқлари билан суҳбат ўтказдик. Уларга огоҳлантириш бердик, дейди маҳалла фаоли.
Мардикорлар “ови” ҳам кетаяпти
Озодликнинг Тошкентдаги манбаларига кўра, шаҳарда айни тадбир доирасида паспорт текшириш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтказилаяпти.
Тошкентда яшовчи Шавкат Бадаловга кўра, паспорт текшириш рейдлари, асосан, мардикорлар ва вилоятдан пойтахтга меҳмонга келганларга қаратилаяпти.
- Байрам яқин бўлгани учун назорат кучайган. Ҳар куни ҳар битта бозорда милициянинг автобуслари келиб турибди. Мардикорлар, эрталабдан кечгача бозорда иш пойлаб турганларни, ташқаридан келганларни, Тошкентдан ташқаридан келганларни пойлаяпти. Кўпчилигининг документи чатоқку. Уларни автобусга босиб, Панелнийга олиб боришади, уйига ҳам жўнатиб юборишади. Ҳар йил бўладиган жараëнку. Байрам олдидан ҳаммасини қувади, дейди Шавкат Бадалов.
Отинойилар уйма-уй юрибди
Чилонзордаги Меҳржон маҳалласининг Озодлик мухбири суҳбатлашган фаолига кўра, байрам кунлари хавфсизликни сақлаш мақсадида отинойилар маҳалладаги диндорлар оиласи ичида тушунтириш ишлари олиб бораяпти.
- Оилалар билан ишлаяпмиз. Носоғлом диний ғоялар тарқалмаслигининг олдини олиш учун диний оқимдаги оилалар билан ишлаяпмиз. Вояга етмаганлар билан ишлаяпмиз. "Антитеррор" тадбир ўтказилаяпти. Мана¸ масалан¸ бизлар уй бошиларни йиғиб, подъездкомлар билан суҳбатлашаяпмиз. Бизнинг маҳалламизда диний оқимдалиги учун ИИБ рўйхатида турадиган иккита одам бор. Ўшалар билан суҳбатлар ўтказаяпмиз. Маҳалламизга бириктирилган отинлар бор, қўлида сертификати бор, имомлардан ўтган. Улар келиб, оилаларга кириб, суҳбатлашиб, керакли маслаҳатлар бериб тушунтириш ишлари олиб бориб юришибди. Маҳалла билан ҳамкорликда маҳалла отинлари юришибдида, дейди маҳалла фаоли.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг маҳаллий матбуот орқали тарқатган хабарига кўра, байрам арафаси ва байрам кунлари пойтахтдаги йўл-патрул назорати кучайтирилади.
Озодлик суҳбатлашган оддий тошкентликларнинг айтишича¸ пойтахтга кираётган ҳар бир автомобилни қаътий текширувдан ўтказиш жараëни аллақачон бошланган.