Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:21

Тошкент контрабандачилардан қутулмоқчи


Айрим мустақил нашрларга кўра¸ Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ва чегарачиларига контрабандага аралашган ҳар бир кишига қарата ўт очиш буюрилган. Айни пайтда иқтисодчилар¸ бугунги ўзбек бозори тегирмонини контрабанда моллари юритаëтганини айтадилар.


Қирғизистондан Ўзбекистонга қандай товарларни қанча миқдорда қонуний олиб кириш мумкин?

Бу саволни “Андижон-ВЭД” божхона маскани телефонини кўтарган ходимга бердик.

- Келсангиз, бизда китобимиз бор. Ўзимиз ëзиб, ўшанга қараб туриб ҳар битта саволингизга жавоб берамиз.

Озодлик: Масалан¸ мен бир хил ўнта жинси олиб ўтаëтсам, ўтказасизми?

- Сизга тушунтираяпманку ака. Телефонда мен жавоб бермайман. Сиз келсангиз, мурожаат қилсангиз, шунга қараб туриб қанча савол бўлса, жавоб берамиз, деди “Андижон-ВЭД” божхона маскани телефонини кўтарган ходим.

2010 йилги Ўш фожиаси минтақадаги энг йирик Қорасув бозори савдосини касод қилди. Лекин дўкондорлардан бирининг айтишича, ҳануз бу бозорда сотиладиган товарларнинг тахминан ярми Ўзбекистонга ташилади.

Озодлик: Қисқарган ҳажмнинг қанчаси Ўзбекистонга тўғри келади?

- Аниқ айта олмайман. 50 фоиз бўлса керак, дейди дўкондорлардан бири.

Ўзбекистонни Ўш ва Қорасув шаҳарлари билан боғловчи чегара постлари бир қарашда ўта мустаҳкам. Андижондан қариндошидан хабар олиш учун Ўшга келаётган одам "Дўстлик" чегара масканида эрталабдан кечгача навбат кутиши мумкин.

Лекин бу ҳолатнинг Ўзбекистонга юк ташувчилар учун дахли йўқ.

- Эски синовдан ўтган клиентлар бир-бирига пул жўнатади, товар жўнатади. Қорасувда махсус стоянкаларда махсус КамАЗлар бор. Ўшаларга юкланади. У ëғи уже керакли жойлар ўтказадида. Махфий жойдан, ўзлари биладиган жойдан ўтказишади. Шунинг ҳисобига йўлкира катта.

Озодлик: Шу юкни Қирғизистондан Ўзбекистонга расман ўтказишнинг иложи йўқми?

- Расман мана Абу Сахий ишлаяпти. Фақат унинг йўлкираси жуда қиммат.

Озодлик: Демак, Абу Сахийдан фойдаланмаганлар ўғри йўллар билан ўтарканда.

- Шунақа, деди Қорасув бозорида ишловчи, исми айтилмаслигини истаган савдогар.

Мавзу юзасидан олдин тайёрланган қатор материалларда аксар кузатувчилар Абу-Сахий ширкатини Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора ëки Лола Каримова назорат қилишини айтган.

Қўқонлик Абдукарим ака фикрича, шаҳар бозорларидаги товарларнинг катта қисми Қирғизистондан келтирилган Хитой молларидир.

- Асосий Хитой товари сотиладида. Халққа сал арзон шу бўлиб турибди. Оддий зажигалка ҳам ўша ердан келаяпти. 500-600 сўмга оласиз. Унинг чироғи ҳам бор, бошқаси ҳам бор, деди қўқонлик Абдукарим ака.

Фарғонанинг Олтиариғида яшовчи, чакана савдогар Салимахон опанинг айтишича, Қўқон шаҳри бозорига товарлар Қирғизистоннинг Халмиён қишлоғидаги бозордан ташилади.

- "Жаҳон бозори" бор Қўқонда эшитган бўлсангиз. Ўша Қўқоннинг "Жаҳон бозори"га ҳам Халмиëндан товар олиб борилади. Кейин у ëққа борган нарса Қўқондан бизнинг Фарғонага, Олтиариққа қайтиб келади, дейди чакана савдогар Салимахон опа.

Умуман, эса, Қирғизистон чегарасига яқин шаҳар-қишлоқлар бозорларидаги товарларнинг мутлақ катта қисми, Салима опанинг фикрича:

- Қирғизистондан келаëтгани 70 фоизни ташкил қилади.

Ўзбекистон чегарачилари контрабандага қарши том маънода ўт очаётгани тўғрисида ҳам Салима опадан эшитдик.

Савдогарлар Қирғизистоннинг Халмиёнидан товарни олади. Энди уни Ўзбекистонга олиб кириш керак.

- У ердан у товарни олиб келиш учун нечта одамлар ўлиб кетаяптию. Жуда қийин у ердан товар олиб келиш.

Озодлик: Нима учун ўлиб кетади? Сиз ўлиб кетаяптию деб шунчаки образ қилиб айтаяпсизми ë чиндан ҳам ўлиб кетадими?

- Ҳеч ҳам образли эмас. Масалан, чегарани бузиб ўтиб олиб келинади у товарлар. Оралиқда битта сой қилиб беш метр кавлаб қўйилади. Шу кавланган жойдан кўприк қилиб ўтишаяпти олиб келаëтган тадбиркорлар, сотувчилар. Ундан кейин будка қўйилган солдатлар бор чегарачи. Тўхта деса тўхтамайди. Отиб юбораяпти кўпчилигини. Кўпчилик авария бўлиб ўлаяпти. Жуда шунақа ҳолат кўп бўлади. Айланма йўллар билан олиб келинаяптида у товарлар, дейди Салима опа.

У киши ваҳима билан айтаётган ўлимлар тўғрисида кейинги ойларда расман тасдиқланган хабарлар пайдо бўлган эмас.

Ўзбекистон ҳукумати кейинги йилларда қўшни мамлакатлардан олиб кириладиган қатор саноат товарлари учун 40 фоиздан 100 фоизгача бож белгилаган. Бу чора маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоялаш мақсадида кўрилаётгани айтилади.

Лекин мавзуни анча чуқур ўрганган EurasiaNet мухбири респондентлари фикрича, ҳукумат яратган муҳит божхоначилар ва чегарачиларнинг бойишига хизмат қилаяпти, холос.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:52 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG