Россия президенти Владимир Путиннинг 20 сентябр куни Қирғизистонга сафари кутилмоқда. Бишкекдаги сўзлашувлар якунида Қирғизистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида Юқори Норин ва Қамбарота - 1 гидроэлектростанцияларини биргаликда қуриш ҳамда ҳарбий соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги шартномалар имзоланиши кутилмоқда.
Бу воқеа Ўзбекистон раҳбарининг 7 сентябр кунги баёнотидан пайдо бўлган интригани кучайтириши мумкин.
Президент Нурсултон Назарбоев билан учрашувдан сўнг Остонада ўтказилган матбуот анжуманида Ислом Каримов Тожикистондаги Роғун ГЭСи ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи қурилиши ҳақида гапирар экан: "Вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу ҳолат шунчаки диний қарама-қаршилик эмас, урушларни келтириб чиқариши мумкин", дея таъкидлаган эди.
Москва билан Бишкек ўртасида ГЭСларга оид ҳужжатлар имзоланиши Тошкент – Бишкек муносабатлари қандай таъсир қилади?
Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг фикрича, Москва билан Бишкек ўртасида ГЭСлар қуришга оид ҳужжатларнинг имзоланиши, шубҳасиз, Тошкент –Бишкек муносабатларига салбий таъсир кўрсатади.
- Менинг назаримда¸ муаммо чигаллашиб боради ва муносабатларга салбий таъсир кўрсатади бундай қарорлар¸ агар улар қабул қилинса. Албатта¸ Россия-Ўзбекистон, Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларига путур етказади. Бу шак-шубҳасиз. Чунки бундай қарор, агар у қабул қилинса, аввало¸ ҳақиқатан ҳам қабул қилиниб ишлар бошланса, Ўзбекистоннинг манфаатлари, талаблари, чақириқлари умуман ҳисобга олинмаганлигидан, Ўзбекистон позицияси писанд қилинмаганлигидан далолат беради. Бунга Ўзбекистон қандай қараши мумкин? Фақатгина салбий реакция бериши мумкин холос. Чунки ҳеч бўлмаганда¸ бундай қарорларни қабул қилишдан олдин қандайдир олдиндан¸ дейлик Россия ва Ўзбекистон орасида қандайдир бошланғич музокараларми, келишувлар, мувофиқлаштириш ишлари олиб борилса бўларди. Худди шундай ишларни Ўзбекистон билан Қирғизистон орасида келишув ëки музокаралар олиб борилса бўларди, дейди тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов.
Саволимизни Қирғизистон республикаси Хавфсизлик кенгашининг собиқ раҳбари, ҳозирда мустақил эксперт Мирослав Ниёзовга ҳам бердик.
У ҳам Москва билан Бишкек ўртасида ГЭСлар қуришга оид ҳужжатлар имзоланиши Тошкент –Бишкек муносабатларига салбий таъсир қилади, деган фикрда.
Бироқ шунга қарамай, Ниёзов шартномаларнинг имзоланиши, ГЭСлар қурилиши тарафдори.
- Каримовнинг хоҳиш-истаклари қандай бўлишидан қатъий назар, табиий ресурслар мавжуд қоидалар асосида тақсимланаверади. Янги қоидалар ўйлаб топишнинг кераги йўқ. Тошкент – Бишкек муносабатлари эса, Каримов ўзининг ортодоксал ғояларидан воз кечмагунича ёмонлашиб бораверади. Унинг минтақада ўзи хоҳлаган тартибни ўрнатиб олишга интилиши зиддиятларни келтириб чиқаради, холос, деди қирғизистонлик эксперт.
Масала муҳокамасига қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаевни ҳам жалб этдик. Мана унинг фикри:
- Кескинлик даражаси жиҳатидан Тошкент – Бишкек муносабатлари Тошкент - Душанбе муносабатларидан кейин туради. ГЭС қурмоқчи экан, Қирғизистон раҳбарияти ўзининг иқтисодий манфаатларидан келиб чиқмоқда. Ва Бишкек бу масалада Тошкентга қулоқ солмоқчи эмас , деди Дўсим Сатпаев.
Учала эксперт ҳам Москва билан Бишкек ўртасида ГЭСлар қуришга оид ҳужжатлар имзоланиши Тошкент –Бишкек муносабатларига салбий таъсир қилади, деган фикрни билдирди.
Хўш, бу ёмонлашув даражаси қандай бўлади? Наҳотки, президент Каримов тилидан янграган “уруш” сўзини эслатадиган даражага бориб етади?
Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов:
- Йўқ, менимча бундай демаган Каримов. Уни тўғри тушуниш керак. Аввало у огоҳлантирувчи баëнотда айтганки, дарëларнинг юқори оқимида жойлашган Тожикистон ва Қирғизистонга қарата огоҳлантирувчи ëки қуруқ маънода айтилган гаплари шу бўлдики, ҳар қандай иншоотларни, гидроиншоотларни қуришдан олдин халқаро экспертиза натижалари кутилсин, натижалари эълон қилинсин, ўшандан кейингина қарорлар қабул қилинсин, акс ҳолда бу можаровий масала чигаллашиб кетиши мумкин ва ҳоказо гаплар. Тўғри маънода уруш олиб борилиши, уруш бошланиши деган маънода эмас. Бундай ҳолатга муносабатлар ва вазият етиб бормаса керак деб ўйлайман, дейди тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов.
Қирғизистон республикаси Хавфсизлик кенгашининг собиқ раҳбари, ҳозирда мустақил эксперт Мирослав Ниёзов эса, уруш эҳтимоли тўғрисидаги саволимизга жавобан мана бундай деди.
- Ўзбекистон ўзининг уруш таҳдидини мустақил амалга ошира олмайди. Бу ишни фақат Ғарбга таяниб қилиши мумкин. Бу ҳолда Россия аралашади. Ва шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, минтақага хавф солиб турган уруш таҳдиди Ғарб билан Шарқ ўртасидаги можаро бўлади. Шунинг учун Қирғизистон Россия билан бир альянсга кириши лозим. Агар бу можаро гиж-гижлангудай бўлса, биз номини айтишга ҳам қўрқаётганимиз воқеа юз беради. Яъни кенг миқёсли уруш даражасидаги қуролли тўқнашув юз бериши мумкин, деди қирғизистонлик эксперт.
Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаевни ҳам ўрганаётганимиз масалада ўта оптимист дейиш қийин.
- Россиянинг Қамбарота ГЭСи лойиҳасига қўшилиши дарҳол ҳарбий тўқнашувга сабаб бўлади, демаган бўлардим. Лекин Тошкент бу масаладаги ўзининг қатъий позицияси тўғрисида яна бир бор баёнот беражаги аниқ. Ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетишини кутишга ҳожат йўқ. Лекин театрга оид иборани ҳам эсдан чиқармаслик керак: агар спектаклнинг биринчи кўринишида деворга милтиқ осиб қўйилган бўлса, охирги кўринишга бориб у албатта отилади, деди Дўсим Сатпаев.