Бундан 9 кун муқаддам – 1 октябр куни Ўзбекистонда алкоголли ичимликлар ҳамда тамаки маҳсулотлари чакана савдосини аввал берилган рухсатномалар билан амалга ошириш тўхтатилди. Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 7 март кунги 65- қарорига биноан ароқ-вино ва тамаки сотувчи дўконлар тегишли қонунлар талабларидан келиб чиқиб, агар зарурат бўлса, ўз жойини ўзгартириши ва янги лицензия олиши керак эди.
“Алкоголли ва тамаки маҳсулотлари тарқатилиши ва истеъмолини чеклаш тўғрисида”ги қарор матнида ўша талаблар нималардан иборат эканлиги айтилмаган, лекин мавзу юзасидан эълон қилинган хабарларда, гап ароқ сотувчи дўконларни болалар муассасаларидан муайян узоқликда жойлаштириш ҳақида борганлиги ўқиш мумкин.
Ҳукуматнинг 65-қарорида ароқ-вино ва тамаки сотувчи дўконлар дислокациясини қайта кўриб чиқиш учун Ишчи гуруҳ тузилажаги айтилган.
Хўш, ўша гуруҳ дўконларни жойидан жилдирдими-йўқми?
Савол жавобини Наманган вилояти Чортоқ тумани мисолида топишга ҳаракат қилиб кўрдик.
“Чортоқшаробсавдо” базасининг ўзини таништирмаган мутасаддисига кўра, туман марказидаги дўконлар талабга жавоб бергани учун ўз ўрнидан қўзғатилгани йўқ.
- Талабга жавоб берганлиги учун қолган. Лицензияси бор, ҳаракат қилаяпти, ишлаяпти. Савдо ҳажми ўзгаргани йўқ. Товарооборотимизга таъсир қилгани йўқ. Дўконлар лицензиясини бошқатдан олиб ишлаяпти, дейди алкогол ичимликлари савдоси билан шуғулланадиган мутахассис.
Унинг айтишича, Чортоқ туманидаги ароқ дўконларининг ҳаммаси 65-қарорга мувофиқ 1 октябрдан янги лицензияларни олишган.
- Марказда 5та дўкон бор. Шу дўконлар бир ойда тахминан 120 миллион сўм атрофида савдо қилади,- дейди “Чортоқшаробсавдо” базасининг ўзини таништирмаган мутасаддиси.
Чортоқ тумани марказида, 2010 йилги маълумотга қараганда, 52,8 минг киши истиқомат қилади.
Ароқ сотиладиган дўконларнинг бир жойдан бошқа жойга кўчирилишини ичувчилар сезмаса, бошқалар илғамай қолиши ҳам мумкин.
Лекин бу соҳадаги ўзгаришни маҳалла оқсоқоллари билади, деб Тошкентдаги маҳаллалардан бири билан боғландик. Озодликка шахси сир қолиши шарти билан гапирган маҳалла оқсоқолининг айтишича, қарор кучга кирганидан кейин ён атрофдаги ароқ дўконлари ёпилган.
- Маҳалланинг ҳудудида, ичида йўқ унақа магазинлар. Йўлнинг нариги бўйи бозор бўлганлиги учун иккита дўкон бор эди. Ҳозир улар ëпилди. 1-октябрда кучга кирганидан ëпилди. Ишламайди ҳозир. Уларнинг лицензияси ўша пайтгача эди. Шунинг учун ëпилди иккаласи ҳам,- дейди Тошкентдаги маҳаллалардан бири ходими.
Мустақил иқтисодчи Миркомил Тошкандий 1 октябрдан бери спиртли ичимликлар савдосида кузатилаётган ўзгаришлар ҳақида Озодликка буларни айтди.
- Ҳозир кўчадаман мен. Келаëтган эдим циркнинг олдидан. Ўша ерда ҳам бор. Ўзим яшайдиган жойда иккита точка бор. Бемалол олса бўлади. Тамаки маҳсулотлари умуман дўконларда муаммо эмас. Озиқ-овқат сотадиган дўконларнинг кўпида бор. Спиртли ичимликлар махсус белгиланган жойларда ҳамма жойда бор. Бемалол сотиб олса бўлади. Катта муаммо эмас у, дейди Миркомил Тошкандий.
Масала юзасидан Интернетдаги хабар
Ўзметроном сайти хабари Миркомил Тошкандий айтган гапларнинг мутлақо аксидир. (Тошкент – катта, мавзелардаги шароит бир-бирига ўхшамаслиги мумкин)Сайтга кўра, “Ўзбекистонда спиртли ичимликлар билан савдо қилувчи деярли барча дўконлар ўз ишини вақтинча тўхтатган. Аҳвол ақл бовар қилмас даражага етган. Одамлар тўю тўркинга на ароқ ва на коньяк сотиб ола билаяпти”.
Мақола муаллифи фикрича, ароқ-вино ва тамаки сотиш учун янги лицензия олиш кераклигини белгилаб қўйган 65-қарор коррупциянинг янада авж олишига хизмат қиладиган ҳужжатдир.
“Муаммо лицензиянинг ақл бовар қилмас даражада қимматлигида, муаммо дўконнинг мактаб ва боғчалардан лозим узоқликда турганлигини исботлашдадир. Бу эса, амалдорга пора бермай исботлаш мутлақо имконсиз юмушдир”, деб ёзди сайт.