Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:33

CPJ Азимжон Асқаровнинг озод этилишини сўрамоқда


Азимжон Асқаров (ч.) қамоқхонага уни зиёрат қилиш учун келган Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Ақун (ў.) билан бирга, 2011 йил декабри.
Азимжон Асқаров (ч.) қамоқхонага уни зиёрат қилиш учун келган Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Ақун (ў.) билан бирга, 2011 йил декабри.

Қароргоҳи Ню Йоркда бўлган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевни ҳуқуқ фаоли ва журналист Азимжон Асқаровни дарҳол озод этишга чақирди.

Мазкур чақириқ акс этган петиция Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) томонидан 6 ноябр куни ёйинланди.

Унда 2012 йилги матбуот эркинлиги мукофоти лауреатларини қутлаш бўйича шу йилнинг 20 ноябр куни ўтказилажак тадбирда қўмита Бразилия, Хитой, Қирғизистон ва Либерияда ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда расмийлар суиистеъмолини ёритган тўрт журналистга мукофот топшириши айтилади.

“Бу журналистлардан бири - қирғизистонлик Азимжон Асқаров мазкур маросимда иштирок этолмайди. Ню Йоркда ҳамкасбларидан табрик қабул қилиш ўрнига Асқаров Қирғизистондаги қамоқхонанинг совуқ камерасида яна бир тунни ўтказади. Нима учун? Чунки у ўз минтақасидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг жиноятларини фош қилган”, дейилади петицияда.

Қўмита вакиллари фикрича, бу мансабдор шахслар Асқаровдан ўч олиш учун унга қарши айбловларни уйдирганлар, сўнг уни “хўжакўрсин суд” воситаси билан озодликдан маҳрум қилганлар. Ҳеч қандай жиноят содир этмаган Асқаров эндиликда умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда.

“Биз, қуйида имзо чекканлар, Сизни Азимжон Асқаровни зудлик билан озод қилиш учун ўз ваколатларингиздан фойдаланишга чақирамиз. Сизда мудҳиш адолатсизликни тузатиш имконияти бор ва биз Сизни бу имкониятдан фойдаланишга чақирамиз”, - дейилади Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан тайёрланиб, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевга йўлланган петицияда.

Қўмита мазкур петиция имзолаш учун очиқ эканини ҳам билдирган.

20 ноябр куни Азимжон Асқаровга берилажак мукофот унинг тутқунликда олаётган биринчи мукофоти эмас.

2011 йилнинг 8 март куни Прагада Яхлит дунë фестивали очилиш маросимида Чехиянинг Фалокатдаги одамлар ноҳукумат ташкилоти Қирғизистон қамоғида умрбод қамоқ жазоси ўтаëтган ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни Homo Homini мукофоти билан тақдирлаган эди.

2011 йилнинг 16 мартида Азимжон Асқаров Мартин Энналс жамғармасининг Женевада ўтган йиғинида нуфузли Мартин Энналс мукофотига номзод деб топилган эди.

Тутқунликда 60 ёшини нишонлаган Азимжон Асқаров 2010 йил июн воқеалари пайтида Бозорқўрғон туманида тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб, қўлга олинган эди.

2010 йилда унга нисбатан Бозорқўрғон туман суди ва кейинроқ Жалолобод вилоят суди бир умрлик қамоқ жазосини белгилаган.

2011 йилнинг 20 декабрида эса Қирғизистон Олий суди Азимжон Асқаров ишини кўриб чиқиб, унга нисбатан ўқилган ҳукмни ўзгартиришсиз қолдирди.

Сўнг Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун Азимжон Асқаровни ҳимоя қилиш халқаро қўмитасини тузиш ташаббусини кўтарган.

Amnesty International, Human Rights Watch каби қатор халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаров устидан маҳкамани сохта айбловларга ҳамда сиёсий сабабларга асосланган, дея кескин танқид қилганлар ва Асқаровнинг зудлик билан озод этилишини талаб қилиб келмоқдалар.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг 2012 йилги мукофотига, шунингдек, бразилиялик журналист Маури Кёниг, либериялик журналист Маэ Азанго ва тутқунликда қолаётган тибетлик журналист Дхондуп Ванчен ҳам сазовор бўлган.
XS
SM
MD
LG