Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:33

Ўзбекистон бошқарув аппарати 15 фоизга қисқаради


Кейинги 3 йил ичида давлат ва хўжалик бошқаруви ходимларини мунтазам қисқартириб келаётган Ўзбекистон ҳукумати 2013 йилда бошқарув аппаратини ўртача 10-15%га қисқартирмоқчи.


“Биров ўқимайдиган ҳар бир газетага Президент девонида биттадан раҳбар бор”, деди таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев Ўзбекистон давлат идораларида навбатдаги қисқартишлар амалга оширилажаги тўғрисидаги янгилик юзасидан фикр билдирар экан.

Хабарларга қараганда, Ўзбекистон ҳукумати келаси йили бошқарув аппаратини ўртача 10-15%га қисқартирмоқчи.

Ўзбекистон ҳукумати кейинги 3 йилдан бери давлат ва хўжалик бошқаруви ходимларини мунтазам қисқартириб келмоқда.

Янгилик тафсилотлари ва унинг ортидаги катта муаммога кекса журналистнинг муносабати билан мухбиримиз таништиради.

12.уз сайтининг хабар қилишича, бу масалани Ўзбекистон бош вазири биринчи ўринбосари, Молия вазири Рустам Азимов етакчилигидаги Давлат ва хўжалик бошқаруви таркибини оптималлаштириш ва ходимлари сонини қисқатириш республика махсус комиссияси таҳлил қилиб чиқади.

Хабар қилинишича, давлат раҳбари фармойишига кўра, Азимов етакчилигидаги комиссия давлат ва хўжалик бошқаруви таркибини оптималлаштириш ва ходимлари сонини 10-15%га қисқатириш юзасидан ўз таклифларини ҳукуматга тақдим этиши лозим.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ҳукумати қарори билан сўнгги 3 йил давомида давлат идоралари ходимларининг 27 фоизи қисқартирилган.

Хусусан, 2010 йилнинг январида қабул қилинган қарорга биноан давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан 9224 ходим ёки умумий персоналнинг 12 фоизи қисқартирилган эди.

Қисқартириш жараёни 2011 йилда ҳам давом эттирилди: 6730 амалдор (10фоиз) ишсиз қолди.

2012 йилнинг 1 февралидан бошлаб эса, яна 21202 киши ишдан бўшатилди.

Натижада, давлат бюджетидан молиялаштириладиган вазирликлар ва идоралар ва уларнинг ҳудудий структураларида 20049 штат бирлиги қолди.

Натижада вазирликлар ва идораларда ҳаммаси бўлиб 64 штат бирлиги, вилоятлардаги бошқармаларда 206, туман бўлимларида 629, соҳалар бўйича жойлардаги идораларда 254 штат бирлиги қисқарган, деб ёзди 12.уз

Таниқли ўзбек журналисти Шароф Убайдуллаев янгиликни шарҳлар экан, гапни узоқдан – Совет давридан бошладики, давлат аппарати “семириш касали”га ўша даврдаёқ чалинган эди.

- 70-йилларгача Ўзбекистон Компартияси биноси Гогол кўчасидаги бинода жойлашган эди. Уч қаватли мўъжазгина бино. Энди 1964 йилда ҳозирги президент аппаратининг биносига Ўзбекистон Компартияси Шароф Рашидов даврида кўчиб ўтган эди. Бу олти қаватли бино ўша пайтда айтишларича бир неча қавати бўш қолган. 70-йилларда бино лиқ тўлиб, ходимлар сиғмай 70-йилларнинг ўрталарида яна тўрт қаватли бино қурилди. Бу ҳам асосий бинонинг ярмидан кичик бўлмаган бино. 70-йилларнинг охирига келганда яна унинг ëнида ихчамроқ бино қурилди. Хуллас Ўзбекистон Компартиясининг марказий комитети 80-йиллар арафасида учинчи бинога тарқалиб кетди, дейди Шароф Убайдуллаев.

Кейин Қайта қуриш даври бошланди. Коммунистлар давлат аппаратини шишириб юборганликда танқид қилинди. Танқид объекти “қисқартирамиз”, деб ваъдалар берди ва охир-оқибат бош-оёғи билан “қисқариб кетди” – СССР парчаланди.

Ўзбекистон тарихида янги давр бошланди.

Яна Шароф Убайдуллаевга қулоқ тутамиз.

- Мана Вазирлар Маҳкамаси, деган идорамиз илгари ҳозирги олти қаватли бинонинг, Мустақиллик майдонидаги бино, илгари Министрлар советининг биноси, ўша бинонинг ярмига жойлашган эди, ярми Госплан эди, яъни бугунги Иқтисод вазирлиги. Ҳозир Иқтисодиëт вазирлиги у ердан чиқиб кетган. Вазирлар Маҳкамаси тўла эгаллаган. Вазирлар Маҳкамаси қисқа вақтда икки баробар кўпайиб кетдими ким билади, бино ҳозир тўлиқ уларнинг тасарруфига ўтган. Қолаверса бутун вазирликлар битта 20 қаватли бинога жойлашган эди. Ҳозир 40 жойга тарқалиб кетган, дейди Шароф Убайдуллаев.

Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, семириш касаллигига Президент девони ҳам чалинган.

- Мен илгари ҳам бир айтган эдим, бошқа бўлимлар, бошқа бўлинмалар ҳақида айтиб ўтирмайман, биз ишлаган 70-80-йилларда Марказий комитет аппаратида матбуот билан беш киши, нари борса 6 киши шуғулланарди. Иккита сектор бор эди. Матбуот сектори ва телевидение-радио сектори. Шу секторларда иккитадан одам ишларди, битта сектор мудири бўларди. Энди мен ҳозир билишимча 15-20 одам бор. Хайриддин Султинов бошчилик матбуотга 20-30 одам раҳбарлик қилади. Деярли ҳар бир одам ўқимайдиган матбуотга президент аппаратида биттадан раҳбар бор, дейди кекса таниқли журналист Шароф Убайдуллаев.

Хўш, Ўзбекистон ҳукумати амалдорларни қисқартирар экан, аппаратнинг семириб кетганини тушуниб етдими ёки уни боқиш учун бюджет ожизлик қилиб қолдими?

Бу энди алоҳида таҳлил мавзуидир.
XS
SM
MD
LG