4 январ куни кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонуний ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига биноан иқтисодий жиноятлар содир этганликда айбдор, деб топилиб озодликдан маҳрум қилинган шахсларнинг жазоси енгиллаштирилади.
Жиноят Кодексининг баъзи моддалари бўйича жавобгарликка тортилганлар эса, муайян шартларни бажарган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод қилиниши ҳам мумкин.
Лекин 4 январ куни қабул қилинган қонунда белгилаб қўйилган енгилликлар қамалиши ортидаги сабаблар сиёсий эканлиги айтиладиган маҳбусларга ҳам тааллуқли бўлишига ишонч йўқ.
2013 йилнинг биринчи жумасида кучга кирган қонунда Жиноят Кодексининг 12 та моддаси ҳамда 2 модданинг биттадан банди бўйича жавобгарликка тортилганлар учун жазо енгиллаштирилган.
Масалан, 178-модда - Чет эл валютасини яшириш, 179- модда - Сохта тадбиркорлик, 179- модда - Сохта банкротлик...
Жазоси енгиллаштириладиган моддалар орасида 190- модда - Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш моддаси ҳам бор.
Қонунни шарҳлаб беришни Ўзбекистон Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқовадан сўрадик.
Озодлик: Янги қонунда назарда тутилган енгиллик нимадан иборат?
- 178-184, 185-185 прим 2, 189-192 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларнинг судланганлиги улар давлатга жуда кўп зарар етказмаганда, ушбу кодекснинг 78-моддасида назарда тутилган муддатларнинг камида тўртдан бир қисми ўтганидан кейин суд томонидан олиб ташланиши мумкин.
Озодлик: Масалан 190-модда “Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш” деган экан. Шу хабарни бундай қўлига олиб кўрган одам бундан буëн лицензиясиз фаолият билан шуғулланса, энди жазоланмас экан деган ...
- Жазоланмаслиги эмас. Агарда давлатга жуда кўп зарар етказилмаганда ушбу жиноят билан, мана кодексда 78-модда бор, мана шу муддатлари ўтгандан кейин камида тўртдан бир қисми ўтганидан кейин суд битта қарор қабул қилиши мумкин. Суд жазонинг тўртдан бир қисмини олиб ташлаши мумкин. Жазо ҳақида гап кетаяпти.
Озодлик: Жазо юмшатилади, лекин бу дегани жазосиз қолади дегани эмас-а?
- Жуда фикрингиз тўғри. Шахс жиноятни содир қилса, сиз айтган 178 бўладими, 190 бўладими, албатта суд томонидан жазоланади, деди Светлана Ортиқова.
Сенатор “катта зарар” тушунчасини қўллади. Ўзбекистон президенти 29 декабр куни имзолаган яна бир қонун билан зарар ҳажми ҳам ўзгарди.
Қонунда зарар миқдорининг 6 хил ўлчами белгилаб қўйилган бўлиб, энг ози - минимал иш ҳақининг 30 бараваридан 100 бараваригача, энг йирик зарар эса, минимал иш ҳақининг 500 баравари ва ундан кўп, деб белгилаб қўйилган.
180-модда - Сохта банкротлик, 181-модда - Банкротликни яшириш, 189-модда - Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, 191-модда - Қонунга хилоф равишда ахборот тўплаш, уни ошкор қилиш ёки ундан фойдаланиш моддалари бўйича жавобгарликка тортилганлар эса, янги қонунга биноан, айбларини тан олган, жабрланганлар билан ярашиб олган ва етказилган зарарни қоплаган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод қилинади.
Сенатор Ортиқовага яна бир савол бердик.
Озодлик: Ҳозир жазоси юмшатилган 10дан зиëд моддаларнинг рўйхати мана олдимизда турибди. Уларнинг энг биринчиси 178-модда. Чет эл валютасини яшириш деган модда. Шу моддани мутлақо бекор қилиб юборса бўлмайдими?
- Ҳар қандай оила, ҳар қандай давлат ўзининг мақсади, ўзининг халқи, дунëқараши, ўзининг миллий манфаатларидан келиб чиқиб, у ëки бу қонунларни қабул қилади. Ўзбекистонда демак ҳозир жиноят кодексининг 178-моддаси керакми, демак, шу ҳатти-ҳаракатни ҳаракатсизлик орқали етказилган зарар ва жиноят учун жавобгарлик белгиланган. Эрта-индин шу керак эмас бўлса, демак қонун чиқарувчи субъект ëки қонунчилик ташаббусига эга бўлган субъект унақа ғояни илгари суриб тегишли лойиҳани ишлаб чиқиши мумкин, деди Сенатор Ортиқова.
Гап иқтисодий жиноятлар учун жазони енгиллаштириш устида борар экан, маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари рўйхатларидан тушмай келаётган қатор сиёсий маҳбуслар ёдга тушади.
Улардан бири Самандар Қўқоновдир. Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, Чиноз туманидаги нефт базаси директори, мухолифатдаги партия аъзоси бўлган ва бу йил 68га кирган бу маҳбус 20 йилдан бери қамоқда сақланмоқда. Қўқонов иқтисодий жиноят содир этганликда айбланиб қамалган эди.
Яна бири 1992 йили Ўзбекистонда очилган илк хусусий банк –“Рустамбанк”нинг эгаси Рустам Усмоновдир.
1998 йил 19 октябр куни Андижон вилоят Жиноят ишлари бўйича суд ҳукмига кўра, Рустам Усмонов товламачилик, валютани ноқонуний олиш-сотиш каби моддалари бўйича айбланиб, 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Жазо муддати тугашига саноқли ойлар қолганида Усмонов қамоқхона ички тартибини бузганликда айбланиб, қамоқ муддати яна 5 йилга узайтирилган.
Ўтган ойда Рустам Усмоновнинг ўғли, 34 яшар Дилшод Усмонов Москва шаҳар Федерал миграция хизматига мурожаат қилиб, ўзига қочқинлик мақоми берилишини сўради.
Бундай қарорга келишига, 12 ноябрда Жаслиқдаги 64/71 қамоқхонасида отаси билан учрашув сабаб бўлганини айтар экан, Дилшод бундай деган эди:
- Дадамни қамоқхонада қийналишлари, жазо муддати тугаган бўлса-да¸ яна қўшимча 5 йил қўшиб беришгани, дадамдан яна пул талаб қилишаётгани ва дадамни “сен чиқиб бу азобларни бутун дунёга айт” деганларидан сўнг Россияга келдим. Чунки Ўзбекистонда менинг дардимни эшитадиган ҳеч ким қолмади. Дадамнинг ўз қони билан чойшабга ёзган “Или судите, или казните” деган мактубини олиб чиқдим. Албатта¸ бу гапларни айтганимдан сўнг¸ қамоқхонадан бу чойшабни олиб чиққаним ошкор бўлганидан сўнг, мени ҳам қамоққа олишлари мумкинлиги хавфи пайдо бўлган эди, дейди Дилшод Усмонов.