Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:26

Баҳс майдони: Юлдуз Усмонова маддоҳлик қилаяптими?


Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг президент Каримов туғилган кунига бағишлаб айтган ва 30 январда YouTubeга жойланган ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар жамламасидан иборат клипи 12 дақиқа давом этади.

Юлдуз Усмонова ижросидаги попурри "Бешигида авлиёлар ўсган элим,
Садоқатни юртбошингдан ўрган элим...
" деб айтилган эски қўшиғидан бошланган.

Бундан кейинги шингил қўшиқларда Юлдуз Усмонова ватан ҳақида, ўзбеклар ва Ўзбекистон ҳақида куйлайди ва яна халқни юртбошини асрашга даъват этади:

Карвон бўлсанг, сарбонингни асрай билгил, деб куйлайди хонанда.

Юлдуз Усмонова бу ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларида Ислом сўзини кўп ишлатади. Бу ислом дини ҳақидами ёки президент Ислом Каримов ҳақидами - буни мухлиснинг ўзи англаб олади:

Ислом қадрин баланд бил
Тани жонинг садқа қил...


Ёки...

Аждодларни эъзозлаган азиз бўлғай,
Отасини суйган элни енгиб бўлмас.


Ёки...

Оллоҳ ўзи етказган инъомини асрагай,
Туғросини, тахтини, Исломини асрагай,
Кел ёнимга, азизим - юлдузмисан, оймисан,
Ўзбегимсан ҳамиша - юпунмисан, боймисан,
Ватандошим, бу мушфиқ ватандан куйлашайлик,
Юртбошимиз билан биз дунёга бўйлашайлик...




Попурри сўнгида Юлдуз Усмонованинг президент ҳақида айтган янги қўшиғидан парча янграйди:

Биз битта осмонда, атрофида юлдузлар кўп,
Подшоҳ бир, вазир мингта, ҳар томонда ғанимлар кўп,
Ҳамма бир инсонлардек, орқасидан гап-сўзлар кўп,
Халқим сенга Юлдуз сўзим, дилда тоза ниятлар кўп...


Бир неча йилдан буён мамлакатдаги барча саҳна эшиклари ёпилган Юлдуз Усмонова хорижда ижод қилаётган эди.

2012 йил декабрида эса у бирданига Гулнора Каримова раҳбарлик қилаётган “Фонд Форум”нинг йил якунларига бағишланган йиғилишида жюри аъзоси сифатида пайдо бўлди.

Шундан сўнг Юлдуз Усмонованинг Гулнора Каримовага бағишлаб "Гулисан" қўшиғи Ўзбекистондаги Интернет сайтларида пайдо бўлди.

Президентнинг туғилган кунига бағишланган Юлдуз Усмонова попурриси YouTube порталига 30 январ куни қўйилди.

Катта саҳна эшиклари Ўзбекистонда ёпилгани учун бир неча йилдан буён хорижда ижод қилаётган Юлдуз Усмонованинг Ўзбекистонга қайтиб, президент оиласи ҳақида қўшиқ айтаётгани нимани англатади?

Ўзбек примадоннасининг катта саҳнага қайтиш учун Президент ва унинг қизини мадҳ қилишдан бошқа чораси қолмадими?

Ўз шахсий манфаати учун маддоҳлик қилиш халқ тан олган санъаткорга ярашадими?


Баҳс майдонида Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг мухлислари баҳслашди.

Тошкентлик 29 ёшли Дилшод ва Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Алишер фикрича, Юлдуз Усмонованинг юртбошига ва унинг қизига атаб айтган қўшиқлари бу маддоҳлик эмас, балки санъат намунаси.

Бироқ, бухоролик 38 ёшли Шуҳрат ва Россиядаги меҳнат муҳожири 32 ёшли Муҳаммадзоид фикрича, Ўзбекистондаги санъат сиёсат билан боғлиқ ва ўзбек примадоннасига катта саҳна эшиклари очилиши учун, президент қизини мадҳ қилишдан бошқа чораси қолмади.

Баҳснинг тўлиқ шаклини қуйида тингланг:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:45:55 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG