Бундан 33 йил аввал Афғонистонда хизмат қилган пайти бедарак йўқолган самарқандлик Баҳриддин Ҳакимов шу йилнинг 23 феврал куни Ҳирот вилоятидан топилди.
53 ёшли Баҳриддин Ҳакимовни МДҲга аъзо давлатлар ҳукумат бошлиқлари Кенгаши ҳузуридаги Байналмилалчи жангчилар ишлари бўйича қўмита фаоллари топди.
Бу ҳақда Озодликка мазкур қўмита раисининг ўринбосари Александр Лаврентьев маълум қилди.
Лаврентьев жорий йилнинг 23 феврал куни Ҳиротда Баҳриддин Ҳакимов билан шахсан учрашиб, суҳбатлашган.
- У ўзбек. У рус тилини унутган, фақат айрим сўзларни эслайди. Лекин ўзбекча гапиради. Менинг таржимоним бир қанча тилларни билади. Унга ўзбекча савол берганди. У ўзбекча жавоб берди,- дейди Лаврентьев.
Асли Самарқанд шаҳридан бўлган Баҳриддин Ҳакимов, 101-моторлашган ўқчи полкида хизмат қилган.
Лаврентьевга кўра, Баҳриддин Ҳакимов 1980 йилнинг сентябр ойида Афғонистоннинг Эрон билан чегарадош Ҳирот вилояти ҳудудида бўлган шиддатли жангда оғир ярадор бўлиб, асирга тушган.
- Жанг тугагач уни излашган. Бироқ у ярадор бўлиб йиқилган жойидан топилмаган. У асирликка тушган экан,- дейди Лаврентьев.
Асирликка тушган Ҳакимовни маҳаллий табиб гиёҳлар билан даволаб, оёққа турғизган. Табиб уни ўғил қилиб олиб, гиёҳлар билан даволашни ўргатган. Ҳозир Баҳриддин Ҳакимовнинг ўзи ҳам табиблик билан шуғулланади.
Баҳриддин Ҳакимов ҳозирда Шайх Абдулла исмини олган. Шайх Абдулла афғонистонлик аёлга уйланган, бироқ фарзанди бўлмаган. Рафиқаси ўлгач эса, Абдулла бошқа уйланмаган, ҳозирда ёлғиз яшайди.
33 йил аввал бедарак кетган ўзбек аскари билан шахсан кўришган Лаврентьевнинг айтишича, Шайх Абдулланинг қўлида шахсини тасдиқловчи бирорта ҳам ҳужжат йўқ. Лекин у Самарқанддаги қариндошлари ҳақида ва қайси ҳарбий қисмда хизмат қилгани борасида тўлиқ маълумот берган.
Байналмилалчи жангчилар ишлари бўйича қўмита Баҳриддин Ҳакимовнинг дараги чиққач, у билан учрашишга қарийб бир йил сарфлаган.
- Мен тахминан бир йил аввал Ҳиротда асирликка тушган собиқ совет аскари яшаётгани ҳақида маълумот олдим. Афғонистонда давом этаётган уруш ва мамлакатдаги вазият боис бу аскарни топиш бир йилга чўзилди. Ниҳоят 23 феврал куни у билан учрашишга муваффақ бўлдик,- дейди Лаврентьев.
Суҳбатдошга кўра, Баҳриддин Ҳакимов ҳозирда Ҳирот шаҳри яқинидаги ярим кўчманчи пуштунлар қабиласида яшайди.
- У вилоят чеккасида яшайди. У ерда телефон алоқаси йўқ. Электр энергияси ҳам йўқ. Биз билан учрашишга келган пайти, маҳаллий бойлардан бири унга пул бериб, бозордан кийим олиб кийинтирди,- дейди Лаврентьев.
Самарқанд вилояти байналминалчи жангчилар бўлими раҳбари Эсон Ҳасановнинг Озодликка айтишича, Баҳриддин Ҳакимовнинг ота-онаси оламдан ўтиб кетган. Унинг ёлғиз акаси - Шароф Ҳакимов милицияда узоқ йиллар ишлаб, ҳозир пенсияга чиққан. Подполковник унвонига эга Шароф Ҳакимов укаси Баҳриддиннинг расмларидан таниган.
Александр Лаврентьевга кўра, Баҳриддин Ҳакимов агар Самарқанддаги қариндошларига зарар етмаса, улар билан учрашиш ниятини билдирган.
- Мен ундан ўз яқинларингни кўришни истайсанми деб сўраганимда, у агар улар учрашишни хоҳласа, албатта кўришиш нияти борлигини айтди. Лекин у, бундай учрашув яқинларига зарар келтирмаса, кўришишини айтди,- дейди Лаврентьев.
Самарқанд вилояти байналминалчи жангчилар бўлими раҳбари Эсон Ҳасановнинг айтишича, Баҳриддин Ҳакимовнинг яқинлари билан учрашиш масаласи бир ҳафта ичида ҳал бўлади.
МДҲга аъзо давлатлар ҳукумат бошлиқлари Кенгаши ҳузуридаги Байналмилалчи жангчилар ишлари бўйича қўмита 1992 йилнинг 13 март куни ташкил қилинган. Ўтган вақт давомида қўмита томонидан Афғонистонда бедарак йўқолган 31 собиқ совет аскари топилган.
Ҳозирда қўмита Афғон урушида бедарак кетган яна 263 нафар аскарни қидиришда давом этмоқда.
Афғонистондаги ўн йиллик уруш чоғида, расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистондан Афғонистонга 65 мингдан зиёд аскар юборилган.
Улардан 1512 нафари ҳалок бўлган, 2500 дан зиёд аскар ва зобит ногирон бўлиб қайтган.