Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:32

Ўзбекистонга 44 млрд. 889 млн. 500 мингта кўчат сиғади


Бундан уч йил олдин президент Каримов қорақалпоғистонликларга япон олчасини экишни маслаҳат қилган эди.
Бундан уч йил олдин президент Каримов қорақалпоғистонликларга япон олчасини экишни маслаҳат қилган эди.

Ўзбеклар чучварани хом санаб қўйишга ўрганиб қолмаяптими? Ўзбеклар жўжани баҳордаёқ санаб қўймаяптими? Ўзбеклар ёзганнинг ўзи ҳам, ёзилганни ўқиган ҳам ишонмайдиган хабарларга кўникиб қолмаяптими? "Икир-фикрлар"ини юритар экан, муаллиф охир-оқибат шу саволлар қаршисида қолади.


Кайфият

Танангизда томир, томирингизда қон борлигини сезадиган фасл келди.

Шунақаям беўхшов бўладими, деб ўйлай бошлайсиз қишки бошмоғингизга ола қараб, шунақаям оғир бўладими?

Пешонангиздан силқиган тердан хўл бўлган телпакни ахлат қутига улоқтиргингиз келади.

Кўпчий бошлаган мушакларингиз қиш ичи юмшаб қолган кафтларингизни қичитади – ердан тезроқ нам қочсаю уни чопсангиз, кўчат эксангиз.

Бошмоқни ечарман, телпакдан қутуларман, лекин кўчатни қайга экай бу шиша-бетон шаҳарда?

Хуморбосди излаб

Сувга тушган аспириндай вишиллаб турган кўнгил ҳовурини информация билан босмоқ бўламан.

ЎзАга кираман. Шунақа ахборот агентлиги бор, биласиз. Ундан баҳорий хабарларни излайман.

Биринчи инфо

Агентликнинг “Роль махалли в обновлении страны растет” сарлавҳали 4 март кунги ўрисча материалида кўз ва кўнгилни яйратувчи мана бу хабар бор:

“2013 – 2015 йилларда кўкаламзорлаштириш йўлида катта ишлар амалга оширилади. Ҳар йили 15 миллионта манзарали ва 29,5 миллионта мевали, шунингдек, ички кўчалар ва маҳаллаларнинг махсус ажратиладиган “яшил” ҳудудларида 10 миллионта бута ва гул экиш режалаштирилган. Бу ишларнинг барчаси аҳолининг дам олиши, уни эстетик тарбиялаш ва соғломлаштриш учун зарур шароитларни яратади”.

ЎзАнинг бу хабарини ўқиркан, қароқларимни юмиб хаёлан дам олишга, эстетик тарбиямнинг чаласини бутлашга ҳозирландим.

Бироқ нимадир ҳалақит бера бошлади.

Нимайкина?!

Топдим. Гап рақамларда. Бошқа хабарда учраган рақамларда.

Иккинчиси

ЎзАнинг ўзбекча саҳифасида 4 март куни пайдо бўлган хабарлардан бирида мана бундай дейилган:

“Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари, Ватанимиз мустақиллигининг 22 йиллигига ҳар бир фуқаро 22 туп кўчат экиш эзгу орзуси билан йўғрилган кўкламги дала ишлари бошлаб юборилди”.

Бояги ўрисча хабарда ҳар йили ҳаммаси (манзарали ва мевали дарахтлар ва гуллар) бўлиб 44,5 миллионта кўчат ҳақида гап кетган эди.

Ўзбекча хабарда эса, “ҳар бир фуқаро 22 туп” экажаги ҳақида айтилди.

Бу икки хабарнинг аввалгисидан кейингиси тўғрироқ бўлса керак.

Учинчи инфо

Чунки ЎзА “22 йилликка – 22 туп кўчат” тўғрисида 27 феврал куни ҳам ёзган эди:

“…ҳар бир фуқаронинг Ватанимиз мустақиллигининг йигирма икки йиллигига йигирма икки туп кўчат ўтқазиш ташаббуси халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда”.

44 млрд 889 млн 500 мингта кўчат

Ҳисоб-китоб қилиб кўрдик.

Ўзбекистон аҳолиси куни кеча 30 миллион кишига етгани хабар қилинди.

Бас, ЎзА такрор-такрор “ҳар бир фуқаро 22 туп” кўчат экажаги тўғрисида ёзаркан, демак, 30 миллион фуқаро ҳаммаси бўлиб 660 000 000 та кўчат экади.

Энди бу рақам ортидаги "ўрмон"ни тасаввур қилишга уриниб кўрамиз.

Маълумотларга қараганда, 1 кв. км. ўрмонда камида 100 мингта дарахт бўлади.
Ўзбекистоннинг умумий майдони, сувли сатҳни чиқариб юборсак, 448 695 кв.км.дан иборат.

Демак, Ўзбекистонга 44 млрд 889 млн 500 мингта кўчат сиғади.

Ҳаа, ҳали иш кўп экан. Кўчат экиладиган майдон ҳали кўп экан...
...деб турсам, бир неча тингловчимиз “бу янги гап эмас, ҳар йили шунақа гап бўлади, 19 йилликка 19, 20 йилликка 20 та дарахт, деган гап”, деб қолди.

Тепакалнинг боши

Агар 22 йилдан бери шу тахлит дарахт экилаётган бўлса, унда мамлакатнинг шаҳар-қишлоқларию пахтазорлари, чўлу биёбонларию ғаллазорлари ўрмонга айланиб кетибди-да, а?!

Ғиж-биж дарахт.

Мижир-мижир оғоч.

Анойи эмассиз. Бундай эмаслигини биласиз.

Ана, ана “Гап-да, энди...” деяётганингизниям эшитгандай бўлаяпман.
Чунки кейинги икки-уч йил Ўзбекистонда дарахт экарлар эмас, дарахткесарлар йиллари бўлганини, Тошкентнинг Темур майдонидан тортиб Фарғона кўчаларигача тепакалнинг бошидай шип-шийдам бўпқолганини биласиз.

Ёмон туш

Ҳўўв Бойсун тарафларда минг йиллик чинор борлигини эшитганман. Тунов куни тушимга кирибди. Уни ҳам кесганмишлару ўрнига экилган сакура гуллаганмиш. Атрофида японий кимоно кийган бойсунлик йигит-қизлар Сув хотиннинг қурчоғини кўтариб олиб Тангридан ёмғир сўраётганмиш:

Сув хотин, султон хотин,
Кўланкаси майдон хотин...

Бирдан момоқалдироқ қалдираб, чақмоқ чақди. Кетидан бошланган шамол бирпасда довулга айланди. Бир неча дақиқадан кейин тўфон қўпдию минг йиллик чинор баландлигидаги сув тўлқини келиб урди. Сакуранинг гулларини, бойсунликлар эгнидаги японий кимоноларни сидириб кетди.

Ҳозиргина яшнаб турган японий гилос қуруқ оғочга айланди.

Яланғоч қолган бойсунлик йигит-қизлар шоша-пиша авратларини ёпди.

Кейин осмондан қон силқиётган ғўлалар ёға бошлади. Кесилган чинор ғўлалари бўлса керак, деб ўйлай бошлашим билан улардан бири бошимга гурс этиб урилди.

Уйғониб кетдим.

Терлаб-пишиб кетибман. Бир-икки қултум сув ютиб, бироз нафас ростлагач, бу не синоат бўлди, деб ўйладим. Умримда кўрмаганим сакура нега тушимга кирди? Нима учун бойсунликлар кимонода? Тўфондан маъно нима?

“Бечора” сакуралар

Ва бирдан Президентнинг 10-инчи йил октябрида Қорақалпоғистонга боргани, кегейлиликларга сакура экишни тавсия қилгани ёдимга тушди.

Ўшандан бериям мана икки кўчат экиш мавсуми ўтди, Президентнинг маслаҳати билан экилган япон олчаси бу йил мева берса керак, деб ўйлаб Кегейли билан боғландим.

Тумандаги коллежлардан бирининг домласи “сакурангиз нимаси, ёлкага ўхшаган дарахтми”, деб хайрон бўлди. Тушунтирганимдан кейин, арча ва бошқа манзарали дарахтлар экишни дўндираётганликларидан мақтанди.

“Камолот” ёшлар ташкилоти Кегейли туман бўлимининг ўзини таништирмаган мутасаддиларидан бири сакура нималигини биларкан.

-Бундан 3 йил олдин Президент Кегейлига борган эди, эсингидами?

-Ҳа, эсимда.

-Ўшанда сизларнинг ҳудудда сакура экишни маслаҳат қилган эди. Экилдими сакура?

-Ҳовва, экилди.

-Қанча майдонда экилди?

-Ўзимизнинг “Камолот боғи” деган боғимиз бор. Ўшанга экканмиз.

-Қанча эккансизлар?

-Эллик туп экилган.

-Ҳаммаси тутдими?

-Йўқ, кўпи тутмай қолди, деди “Камолот” вакили.

Ачиндим. Меҳнатга ачиндим. Сарф-ҳаражатга ачиндим. “Бечора” сакураларга ачиндим.

Ўзбеклар чучварани хом санаб қўйишга ўрганиб қолмаяптими, деб ўйладим.

Ўзбеклар жўжани баҳордаёқ санаб қўймаяптими, деб ўйладим.

Ўзбеклар ёзганнинг ўзи ҳам, ёзилганни ўқиган ҳам ишонмайдиган хабарларга кўникиб қолмаяптими, деб ўйладим.

Ўйлай-ўйлай чарчадим.

Бор-э, дедим.

Қишки бошмоқни ечдим, телпакни отдим.

-Хотин, белкурак қайда?! Дарахт экаман! Асфальтни тешиб экаман!

Баҳор келди!
XS
SM
MD
LG