Линклар

Шошилинч хабар
31 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:17

Ўш: Ўзбек депутатлар ўзбекни айблашди


Равшан Гапиров Қирғизистонда миллий озчиликлар ҳуқуқлари бузилаётгани тўғрисидаги чиқишлари билан танилган.
Равшан Гапиров Қирғизистонда миллий озчиликлар ҳуқуқлари бузилаётгани тўғрисидаги чиқишлари билан танилган.

Ўш шаҳар кенгашининг ўзбек депутатлари ҳуқуқ фаоли Равшан Гапировни миллатлараро вазиятни кескинлаштиришга ҳаракат қилаётганликда айбламоқда. Депутатлар гуруҳининг Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларига йўллаган мурожаатида Равшан Гапировнинг Ўшда ўзбеклар ҳуқуқлари топталаётгани ҳақидаги баёнотлари ёлғон экани айтилади.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Равшан Гапиров 2010 йилги қирғиндан сўнг этник ўзбеклар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан биргаликда, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида этник озчилик вакилларининг қийноқларга солингани тўғрисидаги фош этувчи мақолалари билан танилган.

Ўш шаҳар кенгашидаги ўзбек миллатига мансуб депутатларнинг Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларига мурожаатнома ёзишларига Равшан Гапировнинг Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматов ўзбеклар ҳуқуқини паймол этаётгани ҳақидаги мактуби туртки бўлган.

Бу мактубни Равшан Гапиров 2013 йилнинг 14 февралида Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга йўллаган. Мактубда Мелис Мирзақматовнинг Ўш қирғинидаги иштирокини тешириш учун давлатлараро қўшма тергов гуруҳи ташкил этиш таклиф этилади. Бундан ташқари:

-Бу мактубда, мисол қаторида, мэр “Ўш ТВ” телекомпаниясини Халилжон Худойбердиевдан қандай қилиб тортиб олгани ҳам ёзилган, -дейди Равшан Гапиров.

Ўш шаҳар кенгашининг мурожаатга имзо чеккан депутатлари Рашидхон Хўжаев, Бахтиёр Тўхтаматов, Иброҳим Етимишев, Тўхтасин Раимжонов, Акрамжон Ҳакимов, Хожинаби Ишматов, Мурод Адашбоевлар эса ҳуқуқ фаолининг барча иддаоларини қуруқ бўхтон сифатида баҳолайдилар. Депутатларнинг ёзишларича, Равшан Гапировнинг бу каби баёнотлари “Ўшда яшаётган турли миллатлар орасидаги дўстона вазиятни издан чиқишига хизмат қилмоқда”.

-Ўшда яшаш учун биз зўрға тинчликни, барқарорликни тикладик. Қирғиз артистни олиб келиб қирғизча ўйнатдик, ўзбек артистни олибю келиб ўзбекча ўйнатдик. Қирғизча-ўзбекча ашулла қилдик. Энди ёзувчиларнинг бошини бир-бирига қўшаяпмиз. Қирғиз биродарлар билан тиклаяпмиз барқарорликни. Бизга Ўш воқеаларининг навбатдаги йиллиги олдидан бу каби чиқишларнинг мутлақо керакги йўқ. Биз ўшликларга фақат тинчлик керак, -деди мурожаатни имзолаган депутатлардан бири Бахтиёр Тўхтаматов.

Ҳуқуқ фаоли Равшан Гапиров эса ўшлик депутатларнинг фикрларига қўшилмаслигини айтади. Унга кўра, депутатлар Ўшдаги ҳақиқий вазиятни билмаган ёки билсалар ҳам яширган ҳолда шаҳар мэри Мелис Мирзақматов манфаатларини ҳимоя қилиш қуроли бўлиб қолмоқда.

-Депутатлар ҳали бирорта одамнинг ҳуқуқини ҳимоя қилгани йўқ. Улар бирорта суд жараёнига бориб, “суд адолатли бўлаяптими, адолатли қарорлар чиқарилаяптими?”, деб қизиқиб ҳам кўрганлари йўқ. Шундоқ экан улар ҳақиқий аҳволини билади деб ким айта олади? Улар бундан бошқа яна нима ҳам дейиша олар эди?

Ҳа, юзаки тинчлик ўрнатилди. “Дўстликни мустаҳкамладик”, дейишаяпти. Дўстликни мустаҳкамлашнинг мутлақо кераги йўқ, чунки қирғиз билан ўзбекнинг дўстлиги ҳеч қачон бузилган эмас. Ўзбек-билан қирғиз бир бири-билан урушмаган. Бугунги кунда буни ҳамма тушуниб қолди. 2010 йилги воқеа ўзбек билан қирғиз ўртасидаги уруш эмас, ҳукуматнинг уруши бўлди. Буни ҳам ҳамма тушуниб қолди. Менинг фаолиятим мана шу фактларни очиққа чиқаришгга қаратилган. –деди Равшна Гапиров.

Ўш шаҳар кенгашининг ўзбек депутатлари имзолаган мурожаатда Миллий хавфсизлик қўмитасидан Равшан Гапиров фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш талаб қилинган. Шундан келиб чиққан ҳолда, бишкеклик ҳуқуқ фаоли Тўлайкан Исмалова мазкур мурожаатдан “ 37 йилнинг ҳиди анқиб тургани”ни айтади:

-Ўш шаҳар депутатлари миллатлараро муносабатлар яхшиланишига ўзлари душманлик қилаётганларини сезмаётганга ўхшайди. Чунки улар адолатни ва қонун устиворлигини талаб қилаётган одамни хоин сифатида кўрмоқдалар. 37-йилда ҳам адолат талаб қилган минглаб зиёлилар мана шу каби ўз манфаатинигина ўйлаган одамлар айби билан отилган эди. Равшан Гапировнинг айбдор эканини исботлаш учун экспертлар хулосаси керак. Ҳеч қандай депутат унинг айбдор эканини белгилаб бериши ёки уни айбдор сифатида жазога тортилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бу инсониятга қарши жиноятдир, - деди Тўлайкан Исмоилова.

Ўш шаҳар кенгашининг ўзбек депутатлари имзолаган мурожаатда Равшан Гапиров бир неча мартда “миллатлараро низони қўзиш”да айбланиб судлангани ҳам айтилади. Бироқ Қирғизистон Олий суди 2008 йилда Равшан Гапировни мазкур айблов юзасидан оқлаган. 2011 йилда Ўш шаҳар суди Равшан Гапировни судланмаган шахс сифатида тан олиш юзасидан ажрим чиқарган.

2013 йилнинг 20 февралида эса Қирғизистон Олий суди соҳталаштирилган айблов билан ҳибс қилиниб, 9.5 ой қамоқда сақлангани учун Равшан Гапиров фойдасига Ўш шаҳар прокуратурасидан 2100 доллар ва милициядан 2100 доллар товон пули ундириб бериш тўғрисида ҳукм чиқарган.
XS
SM
MD
LG