"Эркин микрофон"га бугун қўнғироқ қилганларнинг кўпчилиги Россияда меҳнат қилаётган меҳнат муҳожирлари, президент Ислом Каримов таъбири билан айтганда "одам жирканадиган" "дангасалар" бўлди.
Россияда топадиган пулимнинг 5 дан 1 ини беришса, Ўзбекистондан келмасдим
Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 19 июн куни Жиззах вилоятига қилган амалий сафари давомида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини “дангаса”га чиқаргани, уларнинг ўзиданми, қилаётган юмушиданми “жирканиши” тўғрисидаги хабар тингловчиларимизнинг, юмшоқроқ айтганда, қаттиқ норозилигига сабаб бўлди.
Мавзу юзасидан Озодлик сайтида эълон қилинган лавҳа кетидан келаётган шарҳларнинг кети узилмаяпти.
Келаётган шарҳларнинг катта қисми форум қоидаларига жавоб бермагани, яъни уларда ҳақорат унсурлари мавжудлиги учун эълон қилинмаяпти.
“Эркин микрофон” эшиттиришига 24 июнь куни мурожаат қилганларнинг ҳам мутлақ кўпчилиги ўз президентининг айтганларига муносабатини билдирмоқчи бўлди.
Масалан, 48 га кирган наманганлик тингловчимиз билан мулоқотимиз мана бундай бўлди.
- Ëшим 48да. Наманган вилоятидан меҳнат муҳожири бўлиб 2007 йилдан бери Москва шаҳрида фаолият олиб бораман.
Озодлик: Нима иш қиласиз?
- Қурилишда электрикман.
Озодлик: Оилангиз қаерда?
- Ўзбекистонда.
Озодлик: Нечта фарзанд бор?
- Худога шукур иккита фарзандим бор.
Озодлик: Мана Каримов сиз ва сизга ўхшаган меҳнат муҳожирларини дангаса деди. Балки ростдан ҳам дангасалигинглар учун Ўзбекистонни ташлаб кетиб қолгандирсизлар?
- Энди бир гапни гапиришдан олдин қанақадир тагида асос бўлиши керак. Меҳнат муҳожири дангаса бўлса, ишëқмас бўлса, унга олдин иш буюриб ëки иш билан таъминлаш керак. Унинг ишини, ишга лаëқатини, малакасини кўриш керак. Ишга лаëқати бўлмаса, кейингина шу гапни гапирилса бўларди. Менимча, буни кичикроқ туман ҳокимлари, вилоят ҳокимлари гапирса, тўғри тушунардим. Энди 28-30 миллион одамни бошқараëтган одам шунақа деса, энди буни қанақа тушунтиришга ҳам, таърифлашга ҳам сўз топа олмаяпман.
Озодлик: Энди “катта пулни қувиб кетди” деган маънода ҳам гапираяптида. Сизлар балки ростдан ҳам борига шукур қилмасдан катта пул орқасидан бола-чақанинг ҳам тарбиясини ташлаб юргандирсизлар.
- Шу гапингизга жавоб тариқасида айтаманки, бизнинг ëшимизда келиш пул кетидан қувиш бўлмаса керак. Чунки битта мен эмас бу ерда. Бошқалар ҳам келишаяпти, ишлашаяпти, ëшлар бўлса майли техника оламан дейди, бошқа қилади. Айнан менинг ëшимда Ўзбекистонда ота-оналарининг ëнида туриб, иссиқ-совуқларида қарашиш керак. Мана ҳар куни телевизорларда гапирилар экан “шунча иш ўрни яратилди” ва ҳоказо. 50та ишчи ўрни яратилса, 2500та ишчи ишлаëтган заводларни, фабрикаларни, мисол келтириб қўяман, банкрот қилиб, кейингина 50-100та иш ўрни яратилаяпти. Шу ерда мен олаëтган ойликнинг учдан-тўртдан бирини берса, боринг 5дан бирини берсин, мен бола-чақамни ташлаб, киримни ўзим ювиб, овқатимни ўзим тайëрлаб, шу бешдан бирини Ўзбекистонда тўласин, майли Ўзбекистоннинг қайси чеккасида бўлса ҳам, бу ерда бир йилда уйга бориб келгандан кўра ўша ерда 6 ойда бир ота-онамнинг дуосини олганим яхшику, дейди 48 га кирган наманганлик тингловчимиз.
Тошкент – Санкт Петербург поезди проводниги битта юк учун 2500 рубл олди
“Эркин микрофон” билан боғланган қирғизистонлик ўзбек йигитнинг ҳикояси ўзбекистонлик “дангаса” меҳнат муҳожирлари ҳаётининг яна бир кўриниши тўғрисида ҳикоя қилиб берди.
- Мен қирғизистонлик Акрамжон. Россиянинг Тула шаҳрида ишлаймиз. Тошкент-Санкт Петербург деган поездга одам чиқарамиз ҳафтада бир марта. Таксичимиз биз.
Озодлик: Тошкентга поезд кетадиган куни пассажирлар асосан поездга чиқадиганлар бўларканда-а?
- Ҳа, шунақа.
Озодлик: Қайси поезд?
- Тошкент-Санкт Петербург, Санкт Петербург-Тошкент. Кеча шунга бир опани олиб чиққан эдим. Опа ҳам оғир аҳволда қийинчиликдан пул топиб кетди. Битта сумкаси бор экан кийим-кечаги, бошқаси. Кейин бир коробкаси бор экан. Коробка ҳам унақа катта эмас, оғир эмас. Проводник коробкани чиқармади. “Нимага? Коробка опаники. Опа олиб кетиши керак” десам, проводник “Шунга 2500 рубл пул берасан” дейди.
Озодлик: Поезд Россияникими ëки Тошкентникими?
- Ўзбекистонники.
Озодлик: Демак, проводниклар ҳам ўзбек йигитлар.
- Ҳа, ўзбек йигитлар. Адашмасам ë хоразмлик ë қорақалпоғистонлик. Шеваси шуларникига ўхшади. Вагоннинг номери 8. 8-вагонда иккита проводник экан, иккаласи ҳам тўла одамлар. “2500 рубл нима учун?” десам, “Коробка учун” деяпти. Мен “Бу коробкада ўзи 2500 сўмлик нарса бўлмаса керак. Ташлаб кетса ҳам бўлаверади. Просто не умидлар билан олган бўлса керак. Оиласига совғадир ëки қанд-қурсдир” десам, “Хоҳласа шу 2500 берсин. Бўлмаса ирғитворамиз” деяпти.
Озодлик: Бу 2500 рублни проводниклар қонуний талаб қилаяптими?
- ....
Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.
************************************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.
Skypeда Озодликни Ozodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!