Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:19

Гулистонлик ўқитувчилар Зоминда дам олиб “аҳмоқ” бўлди



Ўзини “Гулистон давлат университети ўқитувчиси Бобур домла”, деб таништирган тингловчимиз “Эркин микрофон” билан боғланиб, OzodlikOnlineнинг ёзги дам олиш масалаларига бағишланган сонини эслади.

Бобур домла ўзбек ўқитувчисининг дам олиш масканларида ҳордиқ чиқариши қийинлиги тўғрисида, чунки унинг маоши оз эканлиги тўғрисида гапира бошлади.

Биз суҳбатдошимизнинг гапини бўлдик. Айтаётган гаплари янгилик эмаслигини эслатдик. Иложи бўлса, ўз ҳаётидан мисол келтиришини сўрадик.

Бобур домла келтирди ўша мисолни.

Домланинг ҳикоясини шартли равишда икки қисмга бўлиш мумкин.

Ҳикоянинг биринчи қисми – роҳат.

Иккинчи қисми эса...

- Гулистон Давлат университетининг 10 га яқин кафедра аъзолари Зоминга дам олишга бордик. Ҳар биримиз ўртача 70 мингдан пул йиғдик. Форд машинасида. Бориб икки кун яхши дам олдик. Чўмилдик, тоғларга чиқдик, овқатландик. Жуда кўнгилдагидай маза қилиб дам олдик.

Озодлик: Икки кунга 70 минг сўмдан сарфладингларми?

- Ҳар биримиз.

Озодлик: Ëтоққа неча пул кетди?

- Ëтоғига 15-20 мингдан бердик. У таниш одам эди. Жуда қимматга тушгани йўқ.

Озодлик: Бировнинг хонадонига дам олибсизларда-а?

- Шундай. Кейин домлалар фикрлашдик. Янаги йил Бўстонлиққа борсак, Тошкентдаги дам олиш зоналарини ҳам кўриб келсак девдик. Ҳаммасини ҳисобладик. У 100-200 долларга тушиб кетар экан. “Бизга тўғри келмайди. Кучимиз етмас экан” деб бу фикримиздан қайтдик. Бу университет домлаларининг маошига Бўстонлиқда дам олиш. Менимча, Сирдарëдан Бўстонлиққача 150-200 километр бўлса керак.

Озодлик: Бўстонлиқда дам олиш университет домласига қимматлик қилади, лекин Гулистондан Зоминга икки кунга 70 минг сарфлаш унчалик қиммат эмас-а?

- Ҳа.

Озодлик: 70 мингдан сарфлаб, икки кун Зоминда дам олиб келган ўқитувчилар ўртача неча пул ойлик олади?

- 600 мингдан 800 минггача олади. Масалан¸ ичимизда кафедра мудири бор эди. У 800 минг сўм олади.

Озодлик: 800 мингга Гулистонда неча доллар беради?

- Ҳозир қора бозорда 100 доллар 275 минг.

Озодлик: 550 минги 200 доллар бўларкан. Энг кўп ойлик оладиган 300 долларга яқин ойлик оларканда-а?

- Шундай. Кейинги 3-4 йилларда Зоминга дам олишга бораяпмиз. Шу пайтгача мен билган яқин атрофдаги домлалар дам олишга 15-20 кунга чиққани йўқ. Чунки имконияти йўқ.

Озодлик: Сизлар бориб дам олган жойда дам олиш инфраструктураси борми? Қулайликлар, чўмилиш учун жойлар, овқатланиш учун жойлар.

- Санаторий бор. Унинг атрофида одамлар тирикчилик учун шароитлар яратган. Лекин давлат томонидан яратилмаган.

Озодлик: Сизлар санаторийга бордингларми?

- Йўқ, дам олишга бордик. Бир одамнинг уйида икки кун турдик. Кейин санаторийдан қайтиб келдик. Ўзи дам олишга чиққанмиз меҳнат таътилига. Меҳнат таътилидан кейин Гулистон университети раҳбарлари биз дам олишга кетганда йиғилиш ўтказган экан. Қайтиб келсак “Нимага сизлар йиғилишда қатнашмадинглар? Ишга келмадинглар”. Ўзи қонуний 2 июлдан меҳнат таътилига чиққанмиз. Ҳатто битта кафедра мудирини директор ўрнидан турғизиб, 200 киши қатнашаëтган йиғилишда “Сен аҳмоқ қаерда юрибсан?” дейди. Қаранг бу бемазагарчиликни.

Озодлик: Аҳмоқ деган сўзни ишлатдими?

- Албатта. Кафедра мудири олим одамга шунақа сўзни ишлатаяпти. Мана уларнинг тушунчаси, қараши.

Озодлик: Таътилда бўлсанглар, эси бор йигитлар нима учун ишхонага бординглар ўзинглар?

- Ҳамма гап мана шундада. Ҳамма раҳбарлар чақирса, бораверади. Меҳнат таътилида 10 кун ишга қатнадик ҳар хил иш билан чақириб. Бўлмаяптида шу нарса. Қонун ишламаганлиги кўриниб турибди.

Озодлик: Шунинг учун раҳбаринглар кўпчиликнинг ичида “аҳмоқ” деб ҳақорат қилаяпти.

- Албатта. Ҳеч ким ҳақини талаб қилмайди. Сўрамайди. Раҳбарлар 100 фоиз ҳақ. Чунки у ректор.

Озодлик: Бу қайси ўқув юрти?

- Гулистон Давлат университети, дейди Бобур домла.

**************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни Ozodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG