Инсон ҳуқуқлари мавзусида суратга олинган ҳужжатли филмларнинг “Бир дунё-Қирғизистон” фестивали Бишкекда 18 сентябр куни бошланди. Фестивал доирасида намойиш этиладиган ҳужжатли филмлар орасида “Азимжон Асқаров” деб номланган филм ҳам бор.
Қирғизистонлик таниқли жамоат арбоблари Жолбўрс Жўрўбеков ва Бўлўт Тўктўбаев Азимжон Асқаров тўғрисидаги ҳужжатли филмнинг намойиш этилиши мамлакатда миллатларо муносабатларга путр етказишини иддао қилмоқда.
Бу икки арбоб Бишкекда махсус матбуот анжумани уюштириб, Азимжон Асқаров тўғрисидаги филм сиёсий йўналишда суратга олингани ва Ўш қирғинидан кейинги уч йил ичида барқарорлаша бошлаган вазиятни яна издан чиқариши мумкинлигини билдирди.
-Қирғизистонда миллатлараро ишонч масаласи ҳали ҳам долзарб бўлиб турибди. Шундай бир пайтда бу филмнинг намойиш этилиши нотўғри бўлади. Чунки ҳужжатли филмда Қирғизистон давлатининг ҳуқуқий асоси ночор экани тўғрисида сиёсий қарашлар мавжуд,-деди Жолбўрс Жўрўбеков.
Бироқ кинофестивал ташкилотчилари қирғиз сиёсатчиларининг бу каби иддаоларини асосиз деб ҳисоблайдилар. Фестивал ташкилотчиси Тўлайкан Исмоилованинг айтишича, филмда гап миллатлараро низо тўғрисида эмас, инсон тақдири ҳақида бормоқда.
-Биринчидан, филмда инсон тақдири ҳақида гап бормоқда. Система, тергов, суд адолатли бўлдими ёки адолатсиз бўлдими деган масала кўтарилмоқда. Бу ерда гап ўзбеклар ёки қирғизлар ҳақида эмас, адолат ҳақида бормоқда, -деди Тўлайкан Исмоилова.
“Азимжон Асқаров” деб номланган 15 дақиқалик ҳужжатли филм “Фридом Хаус” халқаро ташкилоти томонидан суратга олинган ва кинофестивал доирасида 21 сентябр куни намойиш этилади.
Ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 2010 йилда Бозорқўрғон туманидаги тартибсизликларни уюштирганликда ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У ўзига билдирилган айбловларни тан олган эмас.
Халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаров иши сиёсийлаштирилгани ҳамда соҳталаштирилганига ишонилишини билдирган. Ню-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро маркази, Freedom House, Amnesty International каби кўплаб халқаро ташкилотлар Қирғизистон ҳукуматидан Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш ҳамда уни қамоқдан озод қилишни талаб қилиб келади.
Азимжон Асқаров масаласини Қирғизистон раҳбарлари билан учрашувлари чоғида Германия канцлери Ангела Меркел ва Европа Иттифоқи расмийлари ҳам кўтарган.
Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев эса ўтган йили Азимжон Асқаровни оқлаш учун ҳеч қандай сабаблар мавжуд эмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.
Қирғизистонда ўтаётган “Бир дунё-Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари кинофестивалида Ўш қирғинида айбланиб умрбод қамалган ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров ҳақида филм намойиш этилиши айрим сиёсатчилар ва жамоат арбобларининг норозилигига сабаб бўлмоқда.