OzodTil - Озодликнинг янги лойиҳаси. OzodTil - Она Тилининг аҳволига бефарқ бўлмаган ҳар бир ўзбек учун, у ким бўлишидан - мутахассисми ёки мактаб ўқувчисими - қатъи назар ўз фикрини бошқалар билан ўртоқлашиш майдонидир. Мавзуларни ҳам чекламоқчи эмасмиз. Она Тили тақдирига оид ҳар қандай фикр бу рукн остида ёритилишга ҳақли. Рукннинг "юз очди"си сифатида эътиборингизга Сарвар Усмоннинг БЛОГини эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.
***
Аҳмад Аъзам вафот этдию у бошлаб қўйган бир мавзу қаровсиз қолди.
Ҳаётининг сўнгги йилларида Аҳмад ака ўзбек тилининг рангсиз ва нурсиз бўлиб бораётганидан қайғуриб қатор мақолалар ёзди.
Жонли тилдаги, шевалардаги ўнлаб, юзлаб, минглаб сўзлар “кераксиз, оғзакида қолиб кетган эскилик” сифатида истеъмолга кирмаётганидан, адашиб кириб қолгани қайтиб чиқиб кетаётганидан қайғураркан, Аҳмад Аъзам бундай ёзади:
“Бунақа атама, истилоҳлар адабий тилга ҳам кирмаган, уларни ёзишга биз қалам аҳли инжиламиз, кўпимиз билмаймиз ҳам, билиш шарт эмас деб қараймиз, лекин туби биз билан бир туркий тилли қўшниларимиз қора уйнинг ҳар ашёсигача номма-ном биладилар, уни эҳтиром қиладилар, давлат рамзларига киритганлар...” (“Тиливузани мақивоппиза?” мақоласидан)
Аҳмад ака айтаётган “туби биз билан бир туркий тилли қўшниларимиз”дан бири – қирғизлар. Уларда тилни “табиий заҳиралар” ҳисобига бойитиш жараёни кейинги йилларда бемисл шиддат билан давом этмоқда.
Қирғиз тили қозони қайнамоқда. Қайновни таъминлаб турган қирғиз зиёлиларидан бири, Азаттиқ радиосининг собиқ директори, тарих фанлари доктори Тинчтикбек Чўрўтегин яқинда эълон қилган бир мақоласида “фамилия” сўзи ўрнига “тегисм”, деган сўзни ишлатди.
“Вай?!” дедим. “Нима деяпти?!” дедим.
Тегисм, тег исм, таг исм...
Ҳа-а, “тагисм”, деяпти!
Тинчтикбек Чўрўтегин “тег”ни ўрта асрлардаги “тегин” сўзининг (олимга кўра, “тегин” “шаҳзода”дир) ўзаги ўлароқ олган.
Ўзбекча “таг” “тегин”дан келадими-йўқми – бу масалани нонини еяётган тарихчиларга қолдирайлик.
Биз эса, жонли тилимиздаги “таг”нинг “тагисм” сўзига асос бўла олишини далиллай оладиган мисолларни келтирамиз.
“Бахтинг очилсин, қизим, тагли-тугли жойлардан куёв чиқсин”, деб дуо қиларди хаста ётган онам қўшни ҳамшира қиз эмлаб бўлгач.
“Таги паст!” деб қўярди акам маҳалламиздаги Фалончиқул нокаснинг (исмини ёзмай қўяқолдим) ортидан – жини суймасди уни.
Шаҳарнинг нариги четидан тўйга айтиб келган ошнам билан мулоқотмизнинг бир
қисми мана бундай бўлиши мумкин:
- Тўйга Аҳмаджонниям олиб боринг, бўптими?
- Қайсинисини?
- Таги анжанликни айтяпман. Бериги Аҳмадни ўзим айтдим боя...
Уччала мисолда ҳам “таг” дейилар экан, аждодлар назарда тутилаяпти.
Бирдан луғат эсимга тушди. Унда берилганмикан “таг” сўзининг шу маъноси?
Берилганакан!
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да (Тошкент, 2007 й.) “таг” сўзининг 10 та маъноси изоҳланган бўлиб, 7- маъно изоҳи мана бундай бошланади:
“Асли, зоти (ота-боболари), келиб чиқиши. Тагимиз камбағал. Отамизнинг касби ҳаммоллик эди. <…>”
Бас, шундай экан, “фамилия” сўзи ўрнига “тагисм” сўзини ўйланиб-нетиб ўтирмай қўллайверсак бўлаверади!
Масалан, менинг тагисмим Карим (“-ов”дан озод қисми)
Ўғлимнинг тагисми ҳам Карим.
Неварамнинг тагисми ҳам Карим бўлади.
Чеварам, эварам, уларнинг авлодларининг ҳам тагисми Карим бўлиб қолаверади.
Худо хоҳласа, 200 йилдан кейин яшайдиган Карим тагисмли авлодимиз ўзининг боласига “Бизнинг тагисм 20-аср бошларида яшаган тагимиз Карим баққолга бориб тақалади, Каримнинг ўғли Усмон, Усмоннинг ўғли Ўктам, Ўктамнинг ўғли Сарвар, Сарварнинг ўғли... Карим баққолгача ўзбекларда тагисм бўлмаган экан, шунинг учун ундан аввалги тагимизни билмайман, афсус. Ҳа, айтганча Карим баққолнинг отаси Юсуф заргар бўлганмиш”, деб ҳикоя қилади.
Таклифимдан бурнини жийираётган танқидчимга айтарим: ошна, шошилманг, дунёда луғати бошқа тиллардан ўзлаштирилган сўзлар ҳисобига бойимаган тил йўқлигини биламан. Ўзбек луғатини ўшандай сўзлардан тозаласак, ҳозирги икки жилдли китоб чўнтак дафтарчага айланиб қолари аниқ.
Лекин миллат шаънини муҳофазалайдиган, бошини баланд, қаддини ғоз туттирадиган сўзлар бўладики, “фамилия” ўрнига таклиф қилаётганимиз сўз ана шундай сўзлардан бири бўлади.
Мана энди парвозни пасайтирамиз, осмонлардан ерга тушамиз.
Шунча қоғоз қоралаб ўртага ташлаган таклифимдан кейин Ўзбекистоннинг паспорт бергувчи идораси бошлиғи менга “Олдинроқ қаерда эдингиз Сарвар Усмон, нақадар доно таклифни ўртага ташлабсиз! Эртагаёқ янги паспортлар чиқарамизу уларда “фамилия” сўзи ўрнига “тагисм”, деб ёзамиз!” деган тилгиром жўнатмаслиги аниқ. (Бу сатрларни қарор қабул қилгувчи мулозимлар ўқиётганига ҳам гумоним бор)
Унда нега ёздим шунча гапни?
Агар матнни шу саволгача ўқиган бўлсангиз, демак, бу мавзуга Сиз ҳам бефарқ эмассиз. Демак, мени ўйлантираётган масалалар Сизни ҳам ўйлантиради.
Сиздайлар эса, албатта, бор. Ҳаммамиз тўплансак, балки 10 кишигинадирмиз. Балки 100, балки 1000 ва ҳатто 10 000 кишидирмиз?
Келинг, Она Тилимиз аҳволи тўғрисида бирга фикрлашайлик. Фикрларимиз учун шу матн бошлаб бераётган OzodTil рукни майдон бўлсин.
Шу мавзуга оид ҳар қандай фикрингизни ёритишга, истасангиз ҳар бирингиз билан мулоқотга киришишга тайёрмиз.
OzodTilнинг ўқиётганингиз биринчи материали бошида Аҳмад Аъзамнинг “Тиливузани мақивоппиза?” мақоласидан олинган узиндини келтирган эдик.
Мана бу ўша узундининг давомидир:
“Биз нимага ўтмишимизни эсдан чиқаришимиз керак? Тил ўтмишидан юз буриш – ўзлигидан юз буриш, сўз бойликларини суррогат атамаларга алмаштириш – бу тафаккурни суррогат қолипга солиб, адабий тилни муайян тушовга солиб қўйишдир. Минг йил илгариги “Девону луғатит турк”дан бу ёғига тараққийда бўлган тилимизни бугун нима аҳволга солаётганимиз ўзини ўзбек деб ўйлайдиган, ўзини фиқр қилгувчи ҳисоблайдиган ҳар бир фуқаронинг ўз танига ақллашадиган муаммоси ва шунга бепарволиги учун виждони, орияти олдида, қолаверса, давлат тили ҳақидаги Қонун олдида жавоб берадиган масаладир. Зеро давлат қанақадир бир умумий макон эмас, у – ўзимиз, ҳар биримиз”.
***
Ҳа, айтганча, сарлавҳага чиқарилган “Сотирим” сўзига OzodTilнинг кейинги сонларидан бирида тўхталамиз.
***
“Тагисм”, “Сотирим” ёки Тилимиз ҳақида суҳбатга таклиф