Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:38

Жиззахнинг Бўстон шаҳарчаси касалхонасиз қолди


Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида жойлашган Бўстон шаҳарчаси фаоллари 4 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлигига яна бир бор арз қилиб борди.

Аризачилар вакилининг Озодликка айтишича, 2013 йилнинг 30 ноябрида ёпилган касалхонани қайта очиш масаласи яна очиқ қолди.

Туман соғлиқни сақлаш бўлими мутасаддисига кўра, мавжуд касалхоналарнинг баъзиларини ёпиш, ёпилмайдиганларида ўринларни қисқартириш тадбирлари мамлакат Президентининг 2011 йилги қарорига биноан амалга оширилмоқда.



Бор отангга, бор онангга


Бўстон шаҳарчасида яшовчи маҳалла фаолларидан бири Анорбой Холиқулов 4 март куни Тошкентга, Соғлиқни сақлаш вазирлигига арз қилиб борганлардан бири.

- Бизни (вазирликнинг) Назорат бўлими бошлиғи Улуғбек деган йигит қабул қилди. Мулойимгина қилиб, ёрдам беролмаслигини айтди. У ҳам Президент қарорини рўкач қилди, дейди Анорбой ака.

Унинг айтишича, бўстонликлар бундан 3 ой олдин ёпилган касалхонани қайта очишни сўраб туман, вилоят, мамлакат даражасида бормаган жойи, кирмаган эшиги қолмади.

- Биз 30 ноябрдан бошлаб Президент девонига, Соғлиқни сақлаш вазирлигига, Бош прокуратурага, вилоят, туман идорларига мурожаат қилдик. Лекин ҳеч кимисидан қаноатлантирувчи жавоб олмадик. Ҳамма жойда сансалорлик. Президент девони аризамизни Соғлиқни сақлаш вазирлигига, вазирлик вилоят бошқармасига, бошқарма туман бўлимига жўнатаяпти, холос, деди Анорбой ака.


Илтимос, туғмай тур, касалхонага етиб олайлик?!


30 ноябрда ёпилган 25 ўринга мўлжалланган касалхона 3 аҳоли пункти: Бўстон шаҳарчаси, Янги Бўстон қўрғони ҳамда Тоза Уруғ қишлоғида истиқомат қилиб келаётган 18 минг кишига тиббий хизмат кўрсатиб келган.

Касалхона ёпилганидан бери тилга олинган аҳоли пунктлари аҳолиси агар ётиб даволаниш ёки туғиш зарурати пайдо бўлса 16 км наридаги Зарбдор тумани марказидаги касалхонага ёки 27 км йўл босиб вилоят касалхонасига бориши керак.

Зарбдор туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Дилшод Қодировни меҳнат таътилида дейишди. Саволларимизга бўлим мутасаддиларидан бири жавоб берди.


Қисқарт-қисқарт


Унинг айтишича, Бўстондаги касалхона “оптимизацияга учраган, яъни қисқартирилган. Бу жараён нафақат вилоятда, республикада кетаяпти. Лекин биз Бўстонда кугдузги бўлим ташкил қилдик. Бунга рухсат берилмаган бўлса ҳам, ички имкониятларимиздан келиб чиқиб қилдик шу ишни. Касалхона вазирлик буйруғига асосан ёпилган. Оптимизация – койкаларни қисқартириш дегани. Туман марказий касалхонасида ҳам бу йилнинг ҳисобидан яна 5 койка қисқартирилаяпти. Сил касалликлари диспансеримиздаги 10 койкани Зомин тумани диспансерига қўшиб беришди, 10 койкани қисқартирди. Юқумли касалликлар касалхонамиз ҳам ёпилишга тушган экан, вазирликка бориб, уни ёптирмасликка зўрға кўндириб келдик. Фориш, Бахмал туманларида 2 тадан касалхона бор эди, уларниям биттаданини қисқартиришди. Йилдан-йилга стационарлар (касалхоналар) қисқартирилиб, поликлиникалар кўпайтирилидиган бўлаяпти”, деди Зарбдор туман соғлиқни сақлаш бўлими мутасаддиси.


Қисқартиришни вазир буюрди, вазирга Президент буюрди


Зарбдор туман соғлиқни сақлаш бўлими мутасаддисининг айтишича, даволаш муассасаларини оптималлаштириш Соғлиқни сақлаш вазирининг 2013 йилги 96- буйруғига биноан амалга оширилаяпти.

Вазир буйруғига эса, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2011 йил, 28 ноябрда имзолаган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосдир.

Қарор мазмунини тўлиқ тушуниш учун алоҳида эшиттириш қилиш керак. Лекин Бўстон касалхонаси билан боғлиқ вазиятни бироз тушуниш учун Президент қароридан бир бандни келтирмоқчимиз.

Тўртинчи бандда бундай дейилган:

“Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Молия вазирлиги билан келишилган вилоят ва туман бўғинидаги 46 та соғлиқни сақлаш муассасаларини босқичма-босқич ўзини-ўзи тўла молиялаштиришга ўтказиш, шунингдек, 57 та тиббиёт муассасаларининг умумий харажатларини молиялаштиришда бюджетдан ташқари маблағлар салмоғини ошириш ҳақидаги таклифлари 5- ва 6-иловаларга мувофиқ маъқуллансин".
XS
SM
MD
LG