Кўкрак – витрина.
Бойлик витринаси – бармоқдай тилло занжир.
Қашшоқлик витринаси – яктакнинг кир ёқалари орасида "куя тушган" жун.
Кўкрак – витрина.
Мардлик эътирофи витринаси – орденлару медаллар.
Номардлик витринаси – кекирдак остидаги тугмани шоша-пиша қадаётган қалтироқ қўл.
Кўкрак – витрина.
Гўзаллик витринаси – гўзаллик устига тушган гўзаллик - нозик баргак.
Эр ҳам яхши кўради кўкрак безашни, аёл ҳам.
89 нинг баҳорида, бутун эсэсэсэрликлар ҳаётни қайта қуришга, большавойлар ваъдаси – “порлоқ келажак”дан кўнгли қолиб, ошкора жамият қуришга бел боғлаб турган бир пайтда Кишинёвга боргандим. Молдаван мезбонларим менинг ҳам кўкрагимга ўзларининг кўкракларидаги каби кўклам рамзи - мерцишор илиб қўйганди.
Пижжагимнинг кўкрак чўнтагига илинган оқ ва қизил бежирим гулчаларни силаркан, шоиртабиат молдаванларга ҳавас қилгандим – улар ўзларининг мерцишорларини 1 мартдан 1 апрелгача кўкракларидан туширмайди.
Кўкрагига гул илинган икки одамнинг бир-бири билан уришишини тасаввур қила оласизми?
XX аср кўкрак безаклари асри бўлди. Брежневнинг бир пудлик кителини айтмаяпман.
XX аср дунё дардларига бефарқ бўлмаганларни бирлаштирувчи ленталар асри бўлди.
Хотин-қизлар устидан зўравонлик муаммоси ечими тарафдорлари оқ;
ўз жонига суиқасд қилувчилар муаммоси ечими тарафдорлари сариқ;
қандли диабет муаммоси ечимига ҳисса қўшмоқчилар қизил нуқтали кулранг-кўк;
сурункали чарчоқ муаммоси тезроқ ҳал бўлишига қизиқувчилар кўк;
“XX аср вабоси”- ОИТС муаммосига қарши курашда иштирок этмоқчилар қизил лента тақадилар кўкрагига.
Дунёнинг дарди кўп. Уларни ҳал қилишга чорловчи турфа ранг ленталар ҳам ўшанча.
Эътибор берган бўлсангиз, биз санаган ленталар бағишланган ҳар бир дард тавсифида (санамаганларимизда ҳам) асосий сўз “муаммо” сўзидир.
Ленталар қаторига бундан 9 йил муқаддам Россия ҳам бир лента қўшди. Бу лента муаммога қарши курашга чорловчи жияк эмасди.
Георгий лентаси Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабага бағишланди.
Бу лентани кўкрагимга танғишга менинг ҳам ҳақим бор:
отамнинг укаси Отажон амаким бир оёғини фронтга ташлаб келган;
онамнинг акаси Комил тоғам 4 йил қон кечгач, камига урушдан кейин ГУЛАГнинг Красноярскдаги лагерида 6 йил бит боққан.
Тоғам ўрис юртининг битини боқди, лекин кейин Сибирдан олиб келган ўрис хотини уни боқди, оқ ювиб, оқ таради. Иккалови чиройли қариди. Дўся аям омонатини топширганда маҳалла уни илғамади, ўзининг қабристонидан жой берди.
Ҳа, Отажон амаким ҳурмати, Комил тоғам ҳурмати, тоғамнинг парваришини мукаммал қилган ўрис кеннойим ҳурмати Георгий лентасини кўкрагимга жон, деб илган бўлардим.
Ўтган йили ҳам илган бўлардим.
Бу йил илмайман. Илиб ўйнамайман.
Чунки бу йил сиғмайди у кўксимга. Бу йил у байроққа айланди – ҳилпирар экан, кўзимни тўсиб қолиши мумкин – байроқдан бошқа нарсани кўрмай қолишим мумкин.
Георгий лентаси бу йил босқинчилик байроғига айланди.
Коррупцияга ботган ҳокимиятга қарши Киевнинг Майдонида бош кўтарган, кўкрагига Украина байроғи ранглари туширилган лента таққан киевликларга Георгий лентаси таққанлар қарши ташланди.
Қримни Украинадан тортиб олувчиларга Георгий лентаси байроқ бўлди.
Украинанинг шарқидаги вазиятни издан чиқараётганлар (Москва юборганлар, деб ўқинг) қўлида ҳам байроққа айланди Георгий лентаси.
Георгий байроғини Молдова ҳудуди Днестрбўйи сепаратчилари қўлида ҳам кўрасиз. Куни кеча улар “бизни қўшиб олинг”, деб Москвадан илтимос қилди.
Бас, шундай экан, бундан чорак аср муқаддам баҳор рамзи, тинчлик рамзи – мерцишор қадалган кўксимга мен қандай қилиб бугун Уруш рамзини қадай?
Шундай қилсам, мени икки ҳафта меҳмон қилган молдаван биродарларимнинг тузлиғига тупурган бўлмайманми?
Ахир куни кеча Молдова парламенти вице-раиси Лилиана Палихович “Георгий лентаси мамлакатимиз анъаналарига зид”, деб баёнот бердику!
Георгий лентаси, хабарларга қараганда, бу йил Қозоғистонда ҳам ташвиш уйғотган.
Лекин Ўзбекистонда бундай ташвиш борлиги сезилмаяпти.
Бас, шундай экан, яъни мамлакат раҳбарияти ташвиш қилмаётган экан, оддий ўзбек учун Георгий лентасини кўкракка қадашдан хавф йўқ.
Ахир у оқ дўппи эмаску, тўғрими?
Демак, ўзбек ўз кўкрагини Георгий лентаси билан безашга қўрқмасаям бўлаверади.
Ўзбек бошқа нарсадан қўрқсин: лента, боя айтганимиздай байроққа айланиб кетиши, натижада кўзни тўсиб қўйиши мумкин.
Ҳа, айтганча, Георгий лентасининг 1941 – 1945 йилларда бўлиб ўтган урушга алоқаси йўқ.
Бу лента насронийлар авлиёси ва мазлум Музаффар Георгий шарафига 1769 йили Екатерина II томонидан таъсис этилган орден тўғноғичига ўралар эди. “Музаффар Георгий” ордени хоч шаклида бўлган.
1917 йилги инқилобдан кейин бекор қилинган бу орден 1992 йили қайта тикланган.