Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:23

Ўзбек фавворани боплади, халожойниям бопласайди...


Мен Ўзбекистонда деб ўйлабман. Ўзбекистонда эмас, Тошкентда экан.

Фавворалар кунини айтаяпман.

Хабарни чала эшитволиб, ҳайрон бўлиб юрибман, нимасини байрам қилишади фавворанинг, деб.

Тўғри-да, нимасини байрам қилишади?!

Кирари кенгроқнинг чиқарини торайтирсангиз бўлди – ана сизга фаввора, мана сизга фаввора!

Ёзда ҳар куни ясайман фавворани: резина ичакнинг оғзини бошмалдоғим билан қормалдоғим орасига қисаман - тамом – ана сизга фаввора, мана сизга фаввора!

Ким ўзарга ўйнаб қўйишим мумкин. Роса ҳадисини олганман чоптиришнинг. Сувни чоптиришнинг.

Ҳа, ҳайрон-ҳайрон юрувдим.

Бугун қарасам, Фаввора куни Тошкентдагина экан.


Тўғри-да, Тўйтепада нима бор Фаввора куни қилишга ёки олис Олотда?!

Олис Олотда фаввора ясаволсалар, ғўза нимани ичади?

Фаввора куни Тошкентда. Шу куни тошкентликлар сайл қилармиш фавворалар атрофида.

Сайлни тошкентликка чиқарган! Ўзбекистонлик пахта чопсин!

Гап шу ерда тугаши мумкин эди.

Лекин битта “лекин”и бор.

Тошкентда Фаввора сайли ўтказиш тўғрисидаги қарорни Тошкент шаҳар ҳокими эмас, балки бу шаҳарда ижарада ўтирган Вазирлар Маҳкамаси қабул қилибди.

Бу эса, ўта жиддий сигнал.

Жойлардаги катта-кичик ҳокимларга сигнал. "Фонтан қур!" деган сигнал.

Мени айтди дейсиз, янаги йили Фавворалар сайли бутун республикага тарқалади.

ВМ қарорида Фаввора сайлида шоирлару артистлар хизмат қилсин, дейилган.

Демак, келаси йили артистларнинг, шоир-ёзувчиларнинг куни туғади. Январдаёқ заказ олишни бошлашади. Закалатларга қўшиб, албатта.

Ахир нима кўп, вилоят кўп, туманлар ундан кўп, алоҳида шаҳар-шаҳарчалар ҳам талайгина. Қишлоқлар ҳам ўзига қишлоқи бўлса-да фонтанчик қуриволса нима дейсиз?!

Бутун мамлакат 1 май куни фаввора сайли қилади. Бутун мамлакат бахтиёр. Саодатманд халқ!

Войей!

Вой-войей!

2 май куни ўчирилади, албатта, фонтанлар. Ахир пахтага сув керакку!

Ўйлаб қарасам, қишлоқ жойларида фаввораларни баҳор, ёз, кузда ўчирмасликниям иложи бор экан: фонтанларни дала шийпонларига, хирмонларга қуриш керак.

Колхозчи..., йўғе, фермер хўжаликлари ишчилари тонг саҳарда фаввора олдида сайл қилгач, яъни ўзларини чандон бахтиёр ҳис қилгач, этакларини елкаларига ташлаб, далага тушиб кетаверади. Саодатманд ишчилар!

Саодатманд ишчилар кетидан фавворанинг сувиям далага тушиб кетаверади. Бир ўқ билан... дегандай.

Фавворалар хирмонларга қурилса, кузда учинчи қуён ҳам урилади: ҳаво намланиб, пахта тош босади, план, йўғ-э, шартномавий режалар тезроқ тўлади.

Раҳмат Вазирлар Маҳкамасига бутун мамлакатни бирданига бахтиёр қилиш йўлини топиб бергани учун!

Осон экан-у! Биргина кичик меъморий иншоот (КМИ) - меъморчиликда шунақа тушунча бор) қуриш билан масала ҳал бўлар экан-ку!

Шу ўринда Вазирлар Маҳкамасига бир таклиф туғилиб қолди: мамлакат бўйлаб КМИ (кичик меъморий иншоот) нинг яна бир тури – ҳожатхона қуришга сигнал бўлгич қарор қабул қилишни таклиф қиламан.

Мен замонавий, сувли туалетларни назарда тутаяпман.

Кулманг. Кулманг-э! Жуда жиддий, кесатиқ-песатиқ, киноя-пиноясиз айтаяпман.

70 йил яшайдиган одам ҳаётининг 6 ойини ҳожатхонада ўтказишини олимлар ҳисоблаб чиққан. Қиёсланг: ўпишиш учун 2 ҳафтагина сарфлайди 70 ида дунёсини алмаштирадиган одам.

Ҳа, мен замонавий, сувли туалетларни назарда тутаяпман.

Канализацияга уланган, демаяпман, чунки олис Олотда канализация бўлмаслиги мумкин. Лекин туалетшунослар аҳолига локал канализация ясаш орқали замонавий туалет қуришни ўргатиши мумкин.

Акс ҳолда аҳвол чатоқ. Аҳвол жуда абгор.

Анъанавий халожойларнинг сассиғини айтмаяпман. Аниқроғи, сассиғинигина айтмаямпан. Ҳозир гап сассиқдан баландроқда, балки пастроқда.

Ўзбекистонда шундай ҳудудлар борки, ерсоти сувлари ерустига жуда яқин. Натижада ахлат (пардон!) шундақ сувга тушади. Халожойдан беш қадам нарида эса, қудуқ. Сувнинг табиатдаги айланма ҳаракати, дейилармиди?

Андижон вилоятида кўрганман бундай қишлоқларни.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сир сақлайдиган ҳисоботларда айнан шундай қишлоқларда сариқ касали кўпроқ учраши тўғрисида маълумотлар бўлса, ҳеч ажабланмайман.

Ҳа, туалетларни ўнглашни бошламаса бўлмайди Вазирлар Маҳкамаси.

Жиллақурса, соғлиқни демаса-да ориятни деб бошламаса бўлмайди. Акс ҳолда Ўзбекистонга келган ажнабийлар “фаввораси бор экану яхши туалети йўқ экан”, деб кулади.

“Ўла, дейиши, аввал туалетингни ўнгласанг бўлмайдими фонтан қургунча”, дейиши мумкин.

Сувли туалет қуришни таклиф қилаяпману, лекин таклифим қабул қилинишига гумоним бор.

Мирзиёвнинг жавобини эшитгандай бўлаяпман: Пахта нимани ичади, тақсир?

***

Ҳа, айтганча 1 май бу йил ҳам бутун дунёда Меҳнаткашларнинг бирдамлик куни сифатида нишонланди. Ўзбек мустақил бўлганидан бери бу кунни нишонламай қўйган. Меҳнаткашку бор, албатта, Ўзбекистонда. Меҳнаткаш кўп. Бирдамлик йўққа ўхшайди...
XS
SM
MD
LG