Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:33

Далага ўқитувчилар ўрнига милиционерлар чиқадиган бўлди


Сарлавҳага чиқарилган хабар аслида хабар эмас, балки шунчаки бир истак эди. Яъни мана бу шаклда эди: “Далага ўқитувчилар ўрнига милиционерлар чиқсин!”.

Бу истак тингловчининг истаги эди. Мен “чиқсин”ни “чиқадиган бўлди” қилиб ўзгартирдим, қувлик қилдим, Сизни ўқий бошлаганингиз блогга “илинтирай”, дедим-да! Мана илиндингиз, энди буёғиниям ўқинг. Эртак айтиб бераман.

Эртакни тунов куни OzodlikOnlineнинг сўнгги сонида тингловчилардан бири бошлаб берди. “Далага ўқитувчилар ўрнига милиционерлар чиқсин”, деди у.

Қани, инсоф билан айтинг-чи, ахир эртак эмасми бу?!

Ғирт эртак. Истак эртак.

Тингловчининг истагини эшитдиму эфир ҳам эсимдан чиқиб, хаёлимда эртак давом этаверди:


Бир бор экан, бир йўқ экан, Чиғатойистон деган юрт бор экан.

Халқининг қўли гул экану, лекин ҳеч ким ўз ишини қилмас экан.

Қақимчининг ишини чақимчи, баковулнинг ишини ясовул, сурнайчининг ишини карнайчи қилар экан. Ҳеч ким ҳайрон ҳам бўлмас экан бунга. Ҳамма кўникиб кетган экан.

Пахта экадиган Деҳқон бор экан Чиғатойистонда. Пахтакорлиги ерга чигит қадалиши билан тугар экан. Кейин унинг вақти тонгдаги, пешиндаги, оқшомдаги ва хуфтондаги селектор мажлисларида ўтаркан. Селекторлар орасидаги вақтда у шоликор, картошкакор, памилдорикор деҳқонга айланаркан.

Ғўзанинг яганаси, қатқалоғи, чопиғи, суғориши, чеканкасию терими бошқаларнинг иши экан.

Муаллимлариям бор экан Чиғатойистоннинг. Қишда 5 - 6 ҳафта улар мактабга борар экан. Болаларга темир-терсак, қоғоз-моғоз, латта-путта, баклашка-маклашка, мактабнинг ёзги таъмирига пул-мул йиғиш билан шуғулланар экан улар қишда.

Баҳор-ёз-кузда муаллимлар ғўзанинг яганаси, қатқалоғи, чопиғи, суғориши, чеканкасию терими билан банд экан.

Бир Маҳмадана кунлардан бир кун “далага муаллимлар ўрнига миршаблар чиқсин”, деган таклиф киритибди.

Премьер-вазир бу гапни эшитиб, "майли", дебди. "Чиқса-чиқсин миршаблар далага, балки қоринлари бироз пучаяр", дебди. "Ахир музофот барқарор, мардум тинч", дебди.

Миршаблар далага чиқиб кетибдию Премьер-вазирни бирдан ваҳм босибди: мардум бош кўтариб қолса, нима бўлади? Ана Султон Сулаймоннинг суюкли завжаси Ҳуррамнинг юртида бир исён иккинчисига уланиб ётибди-ку?!

Ваҳимага тушган Премьер-вазир нима қиларини билмай қолибди. Миршабларни ортга қайтарай деса, фармойишни кечагина берган – фуқаро унинг тутуруқсизлигини билиб қолиши мумкин. Қайтармай, деса - бояги гап.

"Маслаҳатчи" деб аталадиган шотирларини машваратга чақирибди Премьер-вазир:

- Нима қил, дейсанлар?

- Кўйларнинг посбонларини миршабларнинг ўрнига қўйинг, - дебди бири.

Премьер-вазир ўнг илкининг бармоқларини қуюқ қора сочларига юборибди.

- Посбонларни миршабликка қўйиб бўлмайди, - дебди бошқа бир шотир. - Посбон фуқародан чиққани учун фуқарога раҳм қилиб қўйиши мумкин, бу - бир, бизга раҳм қилмаслиги мумкин, ахир миршаб қилиб қўйсак, тўппончаям беришга тўғри келади-я, бу - икки!

Премьер-вазир сўл илкининг бармоқларини қуюқ қора сочларига юборибди.

- Ҳарбийлар-чи, ҳарбийлар? - деворибди учинчи шотир.

Бу гапни эшитган Премьер-вазир сўл илки билан босиб ўтирган бошини илкис кўтарибди, аввал пешонаси, кейин икки қора кўзи чақнаб кетибди.

- Yes! - деворибди Премьер-вазир. Яқинроқ ўтирган шотирнинг яқин елкасига бир урибди. Зарбани кутиб ўтиргани учунми, шотирга ҳеч нарса қилмапти – йиқилмапти.

Эртаси кундан бошлаб миршабнинг иш жойига аскар ишга чиқибди. Миршаб эса, ўқитувчининг ўрнига далада.

Деҳқоннинг ўзи тонгдаги, пешиндаги, оқшомдаги ва хуфтондаги селектор мажлисларида. Селекторлар орасидаги вақтда шолиси, картошкаси, памилдорисини парваришлаши керак экан.

Фуқаро кўчага чиқса, ҳужжатини аскар сўрабди.

- Нима учун ҳужжатимни сизга кўрсатай, - деб юмшоқ сўрабди ҳар эҳтимолга қарши фуқаро, - ахир ҳар куни мелисага кўрсатардимку?!

- Энди мен мелисаман, - дебди аскар.

- Мелиса акамизнинг ўзлари қатталар, - дебди фуқаро ҳар эҳтимолга қарши янаям юмшоқроқ қилиб.

- Далада, - дебди аскар.

- Нега? - деб сўрабди фуқаро.

- Билмайман, - дебди аскар.

Фуқаро ҳужжатини кўрсатибдию бирдан кўнглини ваҳм босибди. Бу Аскар чегарани ташлаб, мелисахонага келиволган бўлса, душман ҳужум қилиб қолса, Музофотни ким ҳимоялайди?

Ўйлай-ўйлай фуқаро ёнига бошқа фуқарони чақирибди. Улар энди фуқароларга айланибди. Фуқаролар бошқа фуқароларни чақирибди. Кў-ў-ўп бўлишибди. Ҳаммаси бир оломонга айланибди. Ҳаммасида битта гап, битта ваҳима: "Армиясиз қолибмиз, Ҳуррамнинг ота юртини босиб олган қариндоши эртага босиб келиб қолса, нима қиламиз?" деб ваҳима қилишибди.

Оломон ҳажми каттаргандан каттаверибди. Ҳамма гапирармиш, ҳеч ким эшитмасмиш. Шунда бир эсли чиқиб, "музофот Охлократияга (ўша эсли биларкан-да бу сўзни) айланиб кетмасин", дебди.

"Майли", дебди Оломон. Ваҳима қила-қила Оломон ўз ичидан Қўрбоши тайинлабди. Оломон Халққа айланибди.

Қўрбоши баҳайбат экан. Шунчалик баҳайбат эканки, кафтига олти ойлик чақалоқни ётқизиб, памперсини алмаштирса бўлар экан.

Музофотнинг эгасиз қолган чегараларини қайта мустаҳкамлаб бўлгач, Қўрбоши масалани ўрганибди. Айблини топибди. Айбли Деҳқон бўлиб чиқибди.

Қўрбоши деҳқонни чақирибди.

- Кимсан? - сўрабди Қўрбоши.

- Пермирман.

- Перемирман?

- Йўқ, Перемир Шошда, Перемир-вазир дейишади уни, мен шунчаки бир
пермирман.

- Э, менга қара, пирмисан, мирмисан – менга барибир. Нима учун далангга ўзинг қарамийсан?

- Билмийман.

- Ким билади?

- Волий билади.

Қўрбоши волийни чақирибди.

- Нима учун пирмир деган деҳқонинг даласига қармайди?

- Билмийман.

- Ким билади?

- Премьер-вазир билади.

- Қатта у?

- Шошда, - дебди волий қорамалдоғи билан хона шифтини кўрсатиб. Лекин Қўрбоши тушунибди: "Перемир дегани шифтдан ҳам баландда".

Қўрбоши волийга кетишига изн бериб, мундо-оқ ўйлаб қараса, Премьер-вазирни Шошдан чақиртиришига, унинг етиб келишига анча вақт кетади. Кутиш эса хавфли – музофот чинакам армиясиз қолган. Ўзи қўйган соқчиларнинг эса, қўлидан иш келгудай эмас.

Шунинг учун "охлократия" деган сўзни биладиган Билгични чақириб, Премьер-вазир билан селектр алоқа уюштиришни буюрибди.

Билгич селектр-пелектр қилиб ўтирмасдан, Премьер-вазирни скайп орқалиёқ улаб берибди.

- Сан кимсан? - дебди Қўрбоши.

- Ман, ман, Премьерман, - дебди Қўрбошининг нахалона сўровидан гангиб қолган Премьер-вазир.

- Э, сенам пермирмисан?

- Ўв ака, нима деяпсиз? Фермер эмас, Премьерман. Премьер-вазирман. Зиёли Амир исмим.

- Бу музофотда сен эмас, мана мен Амирман, - дебди Қўрбоши, - сен нега салтанатни қўшинсиз қолдирдинг? (Шу жойда Қўрбоши Ҳамза Умаровга тақлид қилиб, “Кўппак” деб қўшиб қўйгиси келибдию, лекин компутерда кичкина кўринаётган йигитнинг вазир деган номини ҳурматини қилиб, ўзини тутибди)

Қўрбошининг фавқулодда қаҳридан эсанкираб қолган Премьер-вазир “мен ҳозир”, дебди-да, лип этиб дераза олдига борибди. Бўйла-а-аб қарабди. Дераза ортида ҳар доимги майдон. Осмонда ҳар доимги Қуёш. Дарахтлар ортидан Бош Иморат ҳам кўриниб турибди. Лекин ҳеч ким кўринмайди ташқарида - зоғ йўқ.

- Қизиқ, - деб елка қисибди-да жойига қайтиб ўтириб, "лаббай", дебди юмшоққина қилиб ҳар эҳтимолга қарши.

- Сен нима учун аскарларни мелисахонага оббориб қўйдинг?

- Мелисаларни далага чиқарувдим.

- Нима учун?

- Бугун Чиғатойистонда ҳамма пахтакор! Пахта ифтихоримиз, пахта буюк келажагимиз пойдевори...

- Э, ука, бўлди опқочма, пахтадан пойдевор қилинишини сендан эшитяппан. Гап бундай: мелисани мелисахонага, аскарни чегарага қайтарасан. Пахтасини Деҳқонингнинг ўзи терсин. Тузукми?!

- Энди, ака, кимлигингизни билмадиму, лекин пахта бойлигимиз, - дебди Премьер. Бу гапни айтар экан, йилтираб кетган кўзларини юмиб олибди.

- Биламан пахта бойлигинг эканлигини. Пахта сенинг эмас, Деҳқоннинг бойлиги бўлмагунча селектр ўтказаверасан. Гапни чўзма. Айтганимни қил.

Премьер-вазир “Хўп” деворай дебдию, лекин ҳар эҳтимолга қарши лип этиб дераза олдига борибди. Бўйла-а-аб қарабди. Дераза ортида ҳар доимги майдон. Осмонда ҳар доимги Қуёш. Лекин ҳеч ким кўринмайди ташқарида - зоғ йўқ. “Халқ далада шекилли, ўзим ҳам са-ал оширворганга ўхшайман”, деб ўйлабди Премьер-вазир.

Компьютернинг олдига қайтар экан, бир қарорга келолмай, боши қотибди: ҳозир анаву баҳайбат кимсага жавоб бериш керак. Нима десин?

Премьер-вазир яна дераза олдига қайтибди. Зўр бир бир орзиқиш билан, умид билан дарахтлар ортидаги Бош Иморатга қарабди. У ерда ҳам ҳаёт аломати сезилмайди. Қизиқ?!

Премьер-вазирни бирдан ваҳима босибди, тиззалари қалтирай бошлабди.

“Бир бало бўлганов, бўлмаса бу музофотда менга иш буюрадиган бирон кимса бормиди?” деб ўйлабдию чўчиб, яна Бош Иморат томонга қараб қўйибди.

“Демак, шундоқ буйруқ бўлган. Буйруқни Каттанинг Ўзи берган!”

Бу фикридан Премьер-вазирнинг бирдан ичига ёруғлик тушибди. Тиззалари қалтироғи босилибди.

Шахдам устали олдига келиб, скайп суҳбатдошига: “Бўлди, оқсоқол, мен ҳозир фармойиш бераман. Аскарлар чегарага, мелисалар мелисахонага қайтади”, дебди.

- Мелисанинг ўрнига ўқитувчини чиқармайсанми далага? - сўрабди Қўрбоши.

- Йўғ-э, ўлибманми, Премьерлик сўзим, - дебди Премьер.

Премьер-вазир чиндан ҳам сўзида турибди. Эртасига Чиғатойистонда ҳамма ўз иши билан банд бўлибди. Қақимчининг ишини чақимчи, баковулнинг ишини ясовул, сурнайчининг ишини карнайчи қилмайдиган бўлибди.

Қўрбоши нима бўлди, деб сўрарсиз? Уни қамалган, деб ўйлаётгандирсиз? Қамалмабди. Эртакда, энди бу, ўртоқ.

Уйда эмиш у шу кунда, бекор қолган эмиш. Тўғриси, бекорчиям деб бўлмас экан уни: невараси кўп экан, кафтини тутса, ҳали унисини, ҳали бунисини ётқизиб, памперсини алмаштириб олишар экан.
XS
SM
MD
LG