Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:38

Ўзбекистон-Қирғизистон-Тожикистон: беқарорлик омилига айланаётган чегара


Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида 2013 йилнинг қишида содир бўлган Сўҳ жанжали пайти ағдариб юборилган машина.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида 2013 йилнинг қишида содир бўлган Сўҳ жанжали пайти ағдариб юборилган машина.

Сочида 4 июнь куни МДҲ давлатлари Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашида Марказий Осиё ташқи чегараларидаги вазият ва чегаралар барқарорлигини таъминлаш масаласи кўриб чиқилди. Экспертлар фикрича эса, минтақа давлатларининг ички чегаралари беқарор вазият омили бўлиб қолмоқда.

Сочида ўтган бир кунлик кенгашда Афғонистондан АҚШ ҳарбийларининг чиқарилиши ортидан ташқи чегараларда юзага келиши мумкин бўлган беқарор вазиятнинг олдини олиш масаласи муҳокама қилинди. Бу йўналишда шу йили ва 2015 йилда МДҲ давлатлари чегарачилари ҳамкорликда амалга ошириши лозим бўлган чора-тадбирлар режаси белгиланди.

МДҲ Чегара қўшинлари қўмондонлари фикрича, Марказий Осиё ташқи чегараларини мустаҳкамлаш учун энг аввало мамлакатлар ичкарисида террорчилик ва экстремистликка қарши курашни кучайтириш зарур. Шунингдек, наротиклар ноқонуний савдоси, чегара олди ҳудудларида жиноятчилик ҳамда одам савдоси каби жиноятларнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликда ҳаракат қилиш шартлиги таъкидланди.

Бироқ маҳаллий экспертлар фикрича, бугунги кунда минтақа давлатларининг ташқи чегаралари эмас, балки ички чегаралари беқарорлик омили бўлиб қолмоқда. Расмий маълумотларда айтилишича, сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасидаги баҳсли ҳудудларда қурол ишлатилиб, ўқ отилган 12 низо содир бўлган. Сўнгги беш ойнинг ичида Тожикистон-Қирғизистон чегарасида ўндан ортиқ низолар, жумладан, қурол ишлатилган жанжаллар бўлган. Бу жанжалларда қўшни давлатлар бир-бирини айблаб келмоқда.

Мутахасислар эса чегара жанжалларининг кўпайиб бораётганига айбдорларни қидириш орқали эмас, балки чегаранинг баҳсли бўлиб қолаётган ҳудудларини аниқлаш ишларини тезлаштириш орқали барҳам бериш мумкинлигини таъкидлаб келади. Мутахасислар фикрича, Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг тўрт йилдан бери ёпиқ қолаётгани ҳам чегара олди ҳудудларида вазиятни кескинлашувига хизмат қилаётир.

-Ҳозирча “Чегара қачон очилади?” деган саволга биз жавоб бера олмаймиз. Чунки Ўзбекистон томони чегарадан ўтишни чеклаб қўйган. Бу масала қачон ҳукуматлар келишиб олгандагина ҳал бўлади. Ҳозирча эса бу масала ҳал этилай деб қолди, деган маълумот йўқ, -деди бу борада фикр билдирган Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрибоева.

Сўнгги воқеалар эса ҳукуматлар чегара масаласида келиша олмаётганини англатиб турибди. Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси 1378 километрни ташкил этади. Шу кунгача бу ҳудуднинг 320 километри баҳсли бўлиб қолмоқда. Май ойининг сўнгги кунларида Бишкекда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг аниқланган ҳудудлари юзасидан ҳукуматлараро протокол имзоланиши режалаштирилган эди.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Чегараларни аниқлаш ҳукуматлараро комиссияси раиси Қурбанбай Искандеровнинг билдиришича, Ўзбекистон томони номаълум сабабларга кўра Бишкекка келиб, мазкур ҳужжатни имзолашдан бош тортган. Бу борада янги учрашув қачон ва қаерда ўтиши ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.

Хавфсизлик масалалари бўйича эксперт Расул Авазбек ўғлининг фикрича, Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси бўйича олиб борилаётган музокаралар қарор қабул қилиш ваколати чекланган амалдорлар томонидан ўтказилаётгани туфайли ҳам самарасиз бўлмоқда.

Бироқ айрим экспертлар президент Атамбаевнинг сўнгги бир ой мобайнида уч мартда Тошкентга ишора қилинган кескин билдирувлар билан чиққани ҳам Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг аввалдан келишилган Бишкек учрашувига келишидан бош тортишига сабаб бўлган бўлиши мумкин, деган таҳминни айтмоқдалар.

- Қўшни мамлакатлар билан чегара муаммоси бўла туриб, бу мамлакатдан бир нарсага қарам бўлиш нотўғри. Нима учун 23 йилдан бери чегара масаласи ҳал бўлгани йўқ? Чунки ҳар йили биз улардан газ сўраб борардик, газга қарам эдик, -деб билдирган эди президент Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон президенти сўнгги марта май ойининг охирида Қирғизистон Чегара қўшинлари куни муносабати билан ўтказилган тантанали кечада ҳам мана шунга ўхшаш баёнот билан чиққан эди.
XS
SM
MD
LG