Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:25

Россияга думини кўтаришганда Каримов нега индамади?


Қуёш шарқдан чиқиб, ғарбда ботади. Бу - ҳамма биладиган гап. Лекин агар бирон-бир таниқли зот айтса, бу гап бутун бошли бир ҳикматга айланади.

Шунга ўхшаб баъзи уят иборалар ҳам, таниқли зот тилга олганидан сўнг, бирдан машруълашади, энди уни бемалол овоз чиқариб айтса бўлаверади.

“Ўзбекистонга ким думини кўтарса, Россияга кўтарган бўлади!”

Бу гапни Ислом Каримов Андижон воқеаларидан сўнг Москвага кетаётиб айтган эди.

Ўшандан бери одамлар бир-бирига тап тортмай айтадиган бўлди бу гапни:

Ҳадеб думингизни кўтараверманг, асал, хўп дедик-ку!


“Ўзбекистонга ким думини кўтарса, Россияга кўтарган бўлади!”

Бу гап давлатлараро бир ҳужжатга - Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида 2005 нинг 14 ноябрида Москвада имзоланган иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномага "ўзига хос ва ўзига мос" сўзбоши бўлган эди.

Ўша шартномага бугун яна бир бор кўз югуртириб чиқдим. Тан олишим керакки, Ислом Каримовнинг Москвага учиш олдидан Тошкент аэропортида журналистларга айтган гапи Москвада имзолагани бу ҳужжатдан кучлироқ эди:

“Ўзбекистонга ким думини кўтарса, Россияга кўтарган бўлади!”

Шу сатргача бир марта айтилиб, икки марта такрорланган бу гапдаги тартибга эътибор беринг: аввал “Ўзбекистон”, кейин “Россия” келаяпти.

Яъни Ислом ака “Россияга ким думини кўтарса, Ўзбекистонга кўтарган бўлади!” демаган, аксини айтган.

Натижада Ислом ака ўз ҳаракатлари эркинлигини сақлаб қола билган эканки, мана эээнди, орадан 9 йил ўтиб билаяпмиз.

Москвага, Москва таъбири билан айтганда, “бандерачи фашистлар” “думини кўтарганда” Тошкент ҳам уларни “бандерачи фашистлар” дейиш масъулиятидан ҳоли қолди.

Боз устига, Москва “бандерачи фашистлар”га аччиқ қилиб, Украинанинг Қримини босиб олишидан олдин ҳам, босиб олганидан кейин ҳам Тошкент ўз позициясини аниқ билдира олди:

“Ўзбекистон Республикасининг <...> ҳар қандай давлатнинг ҳудудий дахлсизлигига ёҳуд сиёсий мустақиллигига қарши куч билан таҳдид қилиш ёки уни қўллашдан тийилиш” борасидаги позицияси қатъий ва ўзгармасдир”, дея олди.

Қизиқми? Менимча, қизиқ.

Украина Москванинг назарида “онасининг маҳрига тушган мулк” эдию “бандерачи фашистлар” бу мулкни Европа Иттифоқига, демакки, НАТОга совға қилмоқчи эди. Шунинг учун "мана сенга", деди-да Қримни олди-қўйди Москва.

Москва Қримга ўз байроғини тикканидан роппа-роса икки ой ўтиб - 16 майда Тошкентда НАТОнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича ваколатхонаси расман очилди.

Қизиқми? Менимча, қизиқ.

Россиялик таҳлилчилар аччиқ-аччиқ ёза бошлади бу ҳақда, алам-алам ёза бошлади.

Лекин Ислом аканинг берасаси йўқ Москвага. Айтган бўлса, “Ўзбекистонга ким думини кўтарса, Россияга кўтарган бўлади!” деган, холос, терсини айтган эмас.

Кунлар ўтаверди. Москва бир қўли билан Украина шарқидаги бўтқани кавлайверди, иккинчи қўли билан "Евросиё Иттифоқи" деган ошни дамлаб қўйди.

Ислом ака бу халфана ошга қўшилмади.

Қўшилмаганининг ўзиёқ бир иддао эди.

Лекин Ислом ака улфатлари “ош еёлмай қопти, дейишмасин”, деди шекилли, тунов куни ошхўрларни, айниқса, капгир ушлаганни яниб олди:

"Фақат ягона бозор яратамиз, суверенитетимиз ва мустақиллигимизга бу халал бермайди", деб айтишаяпти. Айтинглар-чи, иқтисодий мустақилликсиз сиёсий мустақиллик бўлиши мумкинми?”

Бу гапни Ислом ака 6 июнь куни Тошкентда озиқ-овқат хавфсизлигига доир халқаро анжуманнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаётиб айтди.

Қизиқми? Менимча, қизиқ.

Бу йўналишдаги қизиқ гапларни изласангиз, улар хабарлар лентаси қатларидан ўз-ўзидан келиб чиқаверади.

Масалан, тунов куни - 8 июнда Европа киноси фестивали якунланди. Тошкент, Самарқанд ва Бухорода Европа Иттифоқига аъзо давлатлардан 11 тасининг 13 та фильми 5 кун намойиш қилинди.

Тўғри, балки бу кинобайрамнинг Тошкент – Москов муносабатларига мутлақо алоқаси йўқдир. Лекин, бас, Москов назарида айнан Европа Иттифоқи Московга “думини кўтарган “бандерачи фашистлар” ортида турган экан, алоқаси бормикан-а, деган фикр келаверади каллага.

Хуллас, Ислом ака бундан 9 йил олдин дўппи тор келиб қолганида: “Ўзбекистонга ким думини кўтарса, Россияга кўтарган бўлади!” деворган ва бу формула у кишининг қўлларини боғлаб қўймаганини бугун кўриб турибмиз.

Ишқилиб, дўпписи тор келмасин бундан кейин. Акс ҳолда, у киши шошиб қолиб, “Россияга ким думини кўтарса, Ўзбекистонга кўтарган бўлади!” девориши ҳам мумкин.

Унда чатоқ бўлади!

Қуёшнинг шарқдан чиқиб ғарбга ботишига келсак, буям бир нисбий гап. Ҳатто бу гапни таниқли зот айтса ҳам.

Қуёш учун Шарқ ҳам йўқ, Ғарб ҳам. Ер думалоқ.
XS
SM
MD
LG