Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:22

Ўзбекистон-Қирғизистон: Газ сиёсий масалага айланди


Тошкент икки ойдан бери Ўшга нега газ бермаётгани Қирғизистон парламентида Бош вазир иштирокида ўтган йиғинда ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинди. Парламент ва ҳукумат расмийлари газ сиёсий масалага айланаётгани туфайли йиғинни ёпиқ эшиклар ортида ўтказишга қарор қилган.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Валерий Диль парламентда ёпиқ эшиклар ортида ўтган йиғиндан сўнг журналистларга берган интервьюсида Ўшга газ таъминотини қайта тиклаш масаласи иқтисодий ўзандан чиқиб, сиёсий масалага айланиб кетаётганини айтди:

-Нега журналистларни залдан чиқариб юбордик? Чунки бу иқтисодий эмас, кўпроқ сиёсий масала бўлиб қолди. Депутатларга бунинг сабабларини тушунтирдик. Ўшга газ таъминотини қайта тиклаш газ сотувчи учун иқтисодий жиҳатдан фойдалидир. Бироқ бу фойдадан воз кечилиб, газ таъминоти масаласи сиёсатга айланмоқда. Шунинг учун ҳам ҳозир ҳукумат Ўшни газ ва электр қуввати билан таъминлашнинг муқобил йўлларини изламоқда, -деди Валерий Диль.

Парламент йиғинидан сўнг журналистлар билан суҳбатлашган депутатлар ҳукумат расмийлари берган маълумотларга таяниб, Ўшга газ таъминоти қачон тикланиши номълум бўлиб қолаётганини айтдилар.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Валерий Диль журналистларга берган суҳбатида Тошкент газ масаласини “сиёсий ўйинга” айлантириб юбораётганига ишора қилган бўлса, парламент депутати Анарбек Калматов Ўзбекистон Ўшга газ бериш эвазига Қирғизистон ҳукуматидан бажариб бўлмайдиган нарсаларни талаб қилаётганини айтди:

-Газ масаласи яқин кунларда ҳал этилмайди. Ҳозир Ўзбекистонга қарам бўлиб қолганмиз. Очиғини айтсак, Ўзбекистон расмийлари музокаралардан бош тортмоқда. Улар бир қатор талабларни олға суришаётган экан. Бу талабларни Қирғизистон томони бажара олмайди, -деди Анарбек Калматов.

Бош вазир ўринбосари ва депутатлар журналистларга берган суҳбатларида тилга олган “Ўзбекистон талаблари” нималардан иборат экани ҳозирча сир бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон томони 10 апрелда “Қирғизгаз” Россиянинг “Газпром”ига сотилганидан 4 кун ўтиб, яъни 14 апрелда Ўшга газ беришни тўхтатган эди. 16 апрелда эса Тошкентда минтақа мамлакатлари сув хўжаликлари мувофиқлаштирувчи кенгашида Қирғизистон томони Ўзбекистон ва Қозоғистонни жорий суғориш мавсумида узлуксиз сув билан таъминлаш мажбуриятини олган.

Қирғизистон ҳукумати “Қирғизгаз”ни “Газпром”га сотиш ортидан газ таъминоти бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликдан воз кечиб, мамлакатни газ билан таъминлаш ҳуқуқини Россияга берган эди. Аммо “Газпром” ҳам Тошкент расмийлари билан тил топиша олмаётгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG