Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши 11 июнь кунги қарори билан 2014 йилги Закот, фитр садақа ва фидя миқдорини белгилаб берди.
Ҳужжатнинг фидя миқдорига оид 3- банди мана будир:
“Бу йилги Фидя миқдори бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, ўртача 12.000 (ўн икки минг) сўм деб белгилансин!”
Уламолар кенгаши белгилаб берган бу меъёрдан ўртача ўзбек оиласининг бир ойлик озиқ-овқатига неча пул кетишини ҳисоблаб чиқиш мумкин.
“Ўртача ўзбек оиласи” деган тушунчанинг расмий аниқламасини топмадик. Шунинг учун икки фарзандли эр-хотиннинг оиласини ўртача ўзбек оиласи, деб оламиз.
Демак, “бир оч одамнинг бир кунлик озиқ-овқати”га “12.000 (ўн икки минг) сўм” керак.
Бундан келиб чиқадики, бир одам бир ойда (30 кун деб оламиз) фақат озиқ-овқат учун 360 000 сўм сарфлайди (12 000 сўм x 30 кун = 360 000 сўм).
Тўрт аъзоси бор ўртача ўзбек оиласи эса бир ойлик озиқ-овқатга 1 440 000 (Бир миллион тўрт юз қирқ минг) сўм сарфлайди (360 000 сўм x 4 = 1 440 000 сўм).
1 440 000 сўм давлат курси бўйича (шу кунда 1 АҚШ$ = 2296 сўм) 627 долларга, қора бозор курси бўйича (шу кунда 1 АҚШ$ = 3000 сўм) 480 долларга тенг.
Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида (хусусан, Россияда) ўқитувчиларга мамлакат бўйлаб ўртача иш ҳақи миқдорида маош тайинланади.
Шунинг учун ўзимиз фараз қилаётганимиз ўртача ўзбек оиласи бошлиғи ва унинг турмуш ўртоғини ўқитувчилар, деб оламиз.
Биламизки, ўзбекистонлик ўқитувчининг ўртача ойлик маоши 600 000 сўм.
Демак, айтаётганимиз эр-хотин ўқитувчилар бир ойда 1 200 000 минг сўм иш ҳақи олади.
Бу пул фараз қилганимиз ўртача ўзбек оиласининг 25 кунлик озиқ-овқатига етади холос, камомад 240 000 сўмга тенг (1 440 000 – 1 200 000 = 240 000).
Бошқача айтганда, фараз қилганимиз оила бир ойда 5 кун мутлақо оч ўтиришига тўғри келади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг 11 июнь кунги қарорида белгилаб қўйилган рамазон фидяси миқдоридан юқоридаги ҳисоб-китоб келиб чиқди.
Агар, фараз қилганимиз оилада эр-хотин эмас, улардан фақат бири ишласачи? (Бу ҳолат ҳисоб-китобини ўзингиз чиқариб олишингиз мумкин)
Ўқитувчилар оиласи бир ойнинг пул етмайдиган 5 кунида нима ейди, озиқ-овқатдан бошқа сарф-ҳаражатларига пулни қаердан олади – булар тўғрисида Уламолар кенгаши қарорида ҳеч нарса дейилмаган.
Бу ҳақда ўйлаш - Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иши эмас.