Reuters агентлиги Украина шарқидаги Донецк вилоятида айирмачилар сафида курашаётган ўзбек йигитининг фотосуратини эълон қилди. Маълум бўлишича, тан олинмаган Донецк Халқ Республикаси “ҳарбий комиссарликлари” нафақат Россиянинг турли ўлкаларидан, ҳатто МДҲ ҳудудидан кўнгилли жангчиларни ёлламоқда. Озодлик мухбири шундай комиссарлик орқали осонгина пулемётчи бўлиб ёлланди ва бунга шахсан воқиф бўлди.
Украинада Бахтиёр нима қиляпти?
24 июнь куни “Today” нашрида Reuters фотомухбирлари томонидан Калашников автоматини кўтариб турган жангчи сурати блогосферада яшин тезлигида тарқаб кетди.
“Қуролланган руспараст айирмачи ўзбекистонлик Бахтиёр Северскдаги кўчалардан бирини назорат қилмоқда” дея шарҳланган бу суратда кўринишидан ўзбекка ўхшаган ҳарбий кийимдаги шахс тасвирланган.
Украинада айирмачи гуруҳлар раҳбарларининг президент Петро Порошенко таклифига жавобан 27 июнгача ўт очмасликни ваъда қилган бир вақтда, Россия ҳудудан туриб жангариларнинг ёлланиши давом этаётгани тўғрисида хабарлар тинмаётир.
Киев Майдонида биринчи кундан бошлаб қўзғолончилар тарафида курашиб келаётган ўзбекистонлик Шавкат Муҳаммад Озодлик билан суҳбатда Донецк ва Луганск айирмачилари тарафида ўзбеклар ҳам ёлланиб жанг қилаётган бўлиши мумкинлигини инкор этмади.
- Бўлиши мумкин, чунки уларда (айирмачиларда. Таҳр.) ҳозир яхши пул тўлаяпти-ку. Қанчалик тўғрилигини билмадим, лекин Франция ҳориж легиони жангчиларига 10 минг долларгача таклиф қилишибди. Луганскда оператор, журналист ўртоқларим бор, маҳаллий аҳолига бир кунига 50-100 доллар таклиф қиляпти экан. Ахир танклар, БТР, БМПлар Россия территориясидан чегарадан ўтиб кириб келяпти. Бу ҳақиқат, оддий гап-сўз эмас. Кейин чеченлар жуда кўп жанг қиляпти. Олдин Россияда бўлган пайтимда, Чеченистонга жанг қилгани борган йигитлар квартирага пул ишлаш учун борган эди. Мана ДНР тарафида жанг қилаётганлар мана шу кредитлардан қутулиш учун борган, деган гаплар бор, деди янги Украина тарафида курашаётган Шавкат Муҳаммад.
Суҳбатдош, шунга қарамасдан, Украинадаги конституциявий тузумга қарши курашаётганлар тарафида рус тарғиботи ва ташвиқотига учиб “ғоя” учун “фашизм ва бандерачиларга қарши” курашгани кетаётганлар ҳам кўпчиликни ташкил этаётганини айтди.
“Мен – Россия фуқароси...”
Ҳарбий кузатувчилар ва мустақил журналистлар эса Украинанинг Шарқига жанг қилишга кетаётганларнинг асосий қисми Россия махфий идораси ходимлари ва ҳарбийлари томонидан “вербовка” қилинаётганини гапирмоқда.
Куни кеча Украинанинг Шарқидаги оғир жанглар кетаётган Краматорск шаҳрида Украина гвардиячиларини ўққа тутган 21 ёшли россиялик Николай Криловнинг қўлга олинганидан кейин Youtube порталида иқрори пайдо бўлди.
Унда Краснодар олий ҳарбий авиация ўқув юрти собиқ курсанти эканини билдирган бу шахс пулга ёлланиб жанг қилгани келганини тасдиқлайди.
- Мен, Крилов Николай Евгеньевич, 1993 йил 19 декабрда Курск шаҳрида туғилганман. Интернетда Донецк Халқ республикаси тарафида жанг қилиш учун кўнгиллилар чақирилаётгани тўғрисида рекламани кўриб қолдим. Шундан кейин, мен кўрсатилган телефон орқали мувофиқлаштирувчи шахс билан суҳбатлашдим. У менга фаол жанг ҳаракатларида иштирок этганим учун кунига 1000 доллардан беришни ваъда қилди ва биринчи кунлдарда нима қилиш борасида йўриқнома берди, деди собиқ жанггари, эндиликда маҳбус Россия фуқароси Николай Крилов.
Шу билан бирга донбассчилар катта миқдорда Украина Қуролли Кучларидан катта миқдорда танкларни тортиб олишга муваффақ бўлгани, эндиликда танк бошқара оладиган механиклар қидирилаётганини эълон қилаётганини кўриш мумкин.
Айирмачилар қурол билан ёрдам бериш имкони йўқлар россияликларни ҳарбий қурол-аслаҳа сотиб олишга пул ўтказишни сўрамоқда.
“Пулеметчи керакми?”
Озодлик мухбири Крилов келтирган маълумот асосида Интернет орқали ёлланиб кўришга уриниб кўрди.
Олдиндан тузилган тўқима ҳикоя асосида жангчимиз “жанубий минтақаларда” ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган Ўзбекистон фуқароси сифатида тақдим қилинди.
Донецк, Луганскдаги ҳарбий ҳаракатларга Интернет орқали ёлланиш катта муаммо туғдирмади.
“Рус кўнгиллилари/Донбасс” деб номланган “ВКонтактедаги” саҳифадаги телефон орқали уланган мухбир бунга осонгина муваффақ бўлди.
- Ўзингиз тўғрингизда сўзлаб беринг. Ҳарбий-учёт мутахассислигингиз нима? Жангларда иштирок этганмисиз? Биз, асосан ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган ёки ҳарбий мутахассисликка эга бўлганларни танлаяпмиз. Мен сизга Москвадаги Донецк Республикаси ҳарбий комиссарлиги телефон рақамларини бераман, ўша ерга мурожаат қилинг, деди ўз исмини ошкор этмаган суҳбатдош.
Москвадаги айирмачилар "военкоматида" мухбирнинг ўзбек паспортига эга эканини эшитиб, бу борада баъзи “ҳужжат масалаларини бартараф қилиш” зарурлигини маълум қилишди.
- Сизларни ёллаш муаммо туғдирмайди, лекин сизда Россия паспорти эмаслиги боис махсус шароит яратиш зарур. Шунинг учун бизнинг “Новороссия” имейлимизга хат йўлланг. У ерда барча муаммоларингизни ҳал этиб беришади, деди мухбирдан ҳатто қурол ушлаган ёки ушламаганини сўрамаган “военкомат ходими”.
Ходимга “Қанча ҳақ тўланади?”, деган саволга айирмачиларнинг Москвадаги вакили жангларда иштирок этганларга пул берилмаслиги, Украина Шарқига фақат кўнгиллилар жўнатилаётганини билдирди.
Ёлловчининг сўзларидан Донецк айирмачилари томонида жанг қилишга тайёрлигини билдираётганлар сони етарли эканини англаш мумкин эди.
Россия қонунчилигида Россия ташқарисида қуролли тўқнашувларда иштирок этганлар фақат моддий маблағ эвазига ёлланган ҳолатлардагина жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланганини эслатиш жоиз.
Жанггариларнинг асосий қисми - романтиклар
Россияда нафақат ижтимоий тармоқлар, балки ҳукумат вакиллари ва расмийлар томонидан очиқчасига Украинага «биродар русларга» кўмаклашишга чақириқлар янграмоқда.
“Справедливая Россия” партияси етакчиси Сергей Миронов “фашист газандаларга қарши” уруш очишга даъват этса, Олтой Республикаси депутати Михаил Паклин президент Путинни Украинага қўшин киритишга чақирмоқда.
Сиёсатшунос, Kasparov.ru сайти мухбири Евгений Ихлов Озодлик билан суҳбатда Украина шарқига кетаётганларнинг асосий қисми ҳақиқатан кўнгиллилар эканига ишонишини маълум қилди.
- Одамлар ёрдамга турли сабаблар билан келмоқда. Кимгадир жуда кўп тўлашаяпти, бошқалар чиройли ўлим истаётган романтиклар. Путин айтгани эсингиздами: рус кишиси учун одамлар кўз олдида халок бўлиш шарафдир. Аслини олганда, бу даҳшатли фожеа. Мен Донбассда минглаб доллар олмасдан ғоя учун курашаётган “спартанлик”лар мағлуб бўлишга маҳкум этилган, деб ҳисоблайман. Уларда ғалаба қозонишга на сиёсий ва на ҳарбий имкониятлари қолган, деди сиёсатшунос Евгений Ихлов.
Мутахассислар Россия пропаганда машинаси олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида Донбассга “фашист ва бандерачиларга қарши” курашишга отланаётган россияликлар сони камаймаётганини ҳам гапирмоқда.
Украина ҳукумати Россия Федерацияси чегараси томонидан нафақат яхши қуролланган жанггарилар, балки ҳарбий техника, жумладан танклар, БМП, БТР, “Град” ракета мосламалари ва амуниция киритилаётгани қайд этилаётгани тўғрисида исбот-далилларни келтирмоқда.
Россия ҳукумати ва шахсан президенти Владимир Путин эса Украина можаросига рус ҳарбийлари ва ФСБсининг мутлақо алоқаси йўқлигини такрор ва такрор таъкидлаб келмоқда.