Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:31

Қорақалпоғистонни Ўзбекистондан айирмоқчи бўлган шахс халқаро қидирувга берилди


Орол денгизининг қуриши¸ Қорақалпоғистонни ер куррасидаги экологик фалокат зоналаридан бирига айлантирди ва бу вазият ҳам айирмачиларнинг турли иддаоларига асос бўлмоқда.
Орол денгизининг қуриши¸ Қорақалпоғистонни ер куррасидаги экологик фалокат зоналаридан бирига айлантирди ва бу вазият ҳам айирмачиларнинг турли иддаоларига асос бўлмоқда.

Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари ўзини Қорақалпоғистон мустақиллиги учун кураш олиб бораëтган “Олға Қорақалпоғистон” ҳаракати раҳбари лидери деб эълон қилган Омон Сагидуллаевни қўлга олиш бўйича ҳам республика¸ ҳам халқаро миқëсда қидирув эълон қилди. Прокуратура томонидан давлатга қарашли 2 миллиард сўмни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланиб¸ жиноят иши очилган Сагидуллаев¸ ярим расмий 12news.uz сайтига кўра¸ жазодан қочиб¸ хорижда яширинишга муваффақ бўлган.

Мазкур Интернет нашрининг ҳуқуқ тизимларидаги ўз манбасига таяниб хабар қилишича¸ қишлоқ хўжалик техникаси лизинги билан шуғулланиб келган “Агроинтехника” ҳиссадорлик жамияти раиси сифатида Омон Сагидуллаев¸ давлатга еткизган катта миқдордаги зиëнни қоплатиш мақсадида қидирувга берилган.

Айни пайтда¸ бу манба¸ қидирувга берилган Сагидуллаевнинг “Олға Қорақалпоғистон” номи остида мухтор республикани Ўзбекистондан ажратиш иддаоси билан чиққан ҳаракат раҳбари эканини ҳам таъкидлаган¸ аммо буни тасдиқловчи аниқ факт ва маълумотларни очиқламаган.

Озодликка маълум бўлишича¸ Нукус туманининг собиқ ҳокими¸ 47 яшар Омонбой Сагидуллаев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)¸ 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) бўйича айбланиб¸ унга қарши жиноят иши очилганидан сўнг¸ 2011 йилда Ўзбекистондан қочиб кетган.

Россия Украина ҳудуди бўлган Қрим ярим оролини аннексия қилиши билан кетма-кет¸ Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда ўзини “Олға Қорақалпоғистон” деб атаган айирмачи гуруҳ пайдо бўлди ва Қорақалпоғистоннинг Ўзбекистондан ажраб чиқиши ҳақида турли баëнотлар тарқата бошлади; халқаро ташкилотларга қорақалпоқ халқининг Тошкент зулми остида эзилаëтгани ҳақидаги мурожаатлар йўллади.

Апрель ойида¸ айрим норасмий манбалар¸ Қўнғирот туманида айирмачилик талаби билан ëзилган варақалар тарқатилгани ва ўзбек махсус хизматлари бу уринишларни зудлик билан бостиришга киришганига оид иддаолар пайдо бўлди. Айрим манбаларга кўра¸ ушбу кампания доирасида Омон Сагидуллаевнинг Нукусдаги беш иниси ҳибсга олинган. Озодлик ҳозирча бу хабарларни тасдиқловчи аниқ маълумотга эга эмас.

Рус тилидаги ижтимоий тармоқларда Роман Мамитов ва Марип Кунградский тахаллуси билан айнан апрель ойидан бошлаб фаоллашган “Олға Қорақалпоғистон” айирмачи гуруҳи етакчилари¸ мухтор республиканинг Каримов режими асоратида қолганини иддао қилиб чиқди. Айирмачилар¸ Қорақалпоғистонни Ўзбекистондан ажратиб¸ уни Қозоғистон¸ ëхуд Россия таркибига қўшиш режасида эканини ëйинладилар.

“Тараққиëтнинг ўзбекча модели Қорақалпоғистонни фалокат ëқасига олиб келганини таъкидлаган “Олға Қорақалпоғистон” айирмачи гуруҳи лидери¸ мухтор ҳудуднинг Ўзбекистондан ажраб чиқиши¸ унинг демократик ривожланиш йўлига кириши учун асосий шарт эканини иддао қилади.

Куни-кеча Интернетда ўзбек махсус хизматлари услубида ëзилган айрим мақолаларда¸ ҳар иккала тахаллус остида тарқатилган ëзувлар муаллифи айнан Омон Сагидуллаев экани даъво қилинди.

Асли қорақалпоғистонлик имом Муҳаммадсолиҳ Обутов эса¸ бугун сиëсий-иқтисодий¸ ижтимоий ва экологик муаммолардан азият чекаëтган фақат қорақалпоқлар эмас¸ балки аксар Ўзбекистон халқи эканини таъкидлайди:

- Қорақалпоғистоннинг асосан қорақалпоқлар зич яшайдиган Нукус ва Қўнғирот каби ҳудудларидан чиққан бу йигитлар¸ муаммога миллий тус беришга уринмоқдалар. Аммо бугун Каримов зулмидан фақат қорақалпоқ эмас¸ балки ўзбеклар ҳам бирдек азият чекмоқда. Каримов режими¸ миллатидан қатъий назар¸ хоҳ шахсий¸ хоҳ оммавий тарзда бўлсин¸ ҳаммага зулм қилмоқда. “Олға Қорақалпоғистон” ҳаракатига қўшилган йигитлар бу зулмга миллий тус беришга уринмоқдалар. Мен қорақалпоғистонлик сифатида бу ҳудудда бир одамнинг миллати қорақалпоқ бўлгани учун ўзбеклар тарафидан қийналганига оид иддаоларни мутлақ рад этаман. Қийналаëтган бўлса¸ ўзбек ҳам¸ қорақалпоқ ҳам бирдек қийналмоқда. Шу боис¸ мен бу йигитларни Каримов режими зулмига миллий-сиëсий тус беришнинг икки қардош халқ орасига сунъий низо солиб¸ бегуноҳ қонлар тўкилишига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантираман¸ дейди узоқ Тошкент режими тазйиқларидан қочиб¸ ҳозирда Швециядан бошпана топган қорақалпғистонлик имом Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Айни мавзу юзасидан Озодлик суҳбатлашган айрим мустақил таҳлилчилар¸ Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши билан кетма-кет Интернетда пайдо бўлган "Олға Қорақалпоғистон" айирмачилари ортида¸ ҳокимият алмашинуви палласига кирган Ўзбекистондаги вазиятни манипуляция қилишга уринаëтган ташқи кучлар¸ биринчи галда эса¸ Россия махсус хизматлари турган бўлиши эҳтимолини алоҳида таъкидладилар.

XS
SM
MD
LG