Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:42

Ўзбеклар жамияти: Жаноблар, Москвага элчи тайинлашда яна адашманг!


Россиядаги ўзбек жамоалари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловни Москвага аввалгиси каби "масъулиятсиз, тарафкаш ва вазифасини бажармайдиган" элчи қўймасликни сўраб очиқ хат эълон қилди. Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Зиёдулла Пўлатхўжаев шу ой бошида танқидлар остида чақиртириб олинган.

"Ёшлар" Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилди

Россиядаги "Ёшлар" ҳаракати раиси Махсуд Абдужабборов Ўзбекистон Республикаси элчисининг Тошкентга чақиртириб олиниши ортидан очиқ хат билан ҳукуматга мурожаат қилди.

Озодлик билан суҳбатда “Ёшлар” ҳаракати раҳбари ваколати тугаган Зиёдулла Пўлатхўжаев элчилигининг тўрт йиллик даври давомида бўлган ўзгаришлар юзасидан ҳисобот тайёрлаганини билдирди.

Махсуд Абдужабборов ҳисобот орқали “бу ўзгаришларнинг деярли барчаси салбий эканига эътибор қаратмоқчилиги, чунки элчи жаноблари "нима истасам - ўшани қиламан" қабилида иш тутиши” одат тусига кирганига жамоатчилик эътиборини қаратиш ният қилинганини айтди.

- Гап шундаки, ўтган 4 йилни Россиядаги ўзбек жамоалари ва Ўзбекистон фуқаролари аҳволида кескин бурилиш юз берган давр ўлароқ баҳоладик. Муҳожирлар орасида жиноятчилик содир этиш ҳолатлари кўпайди ва, энг ачинарлиси, буларнинг 60 фоизи ўзбек фуқароларининг бири-бирига қилган жиноятлардир. Бу масалани ҳал этишда Ўзбекистон элчихонаси иштироки сезилмади. Бизнинг эътирозларимиз бевосита ваколатхона раҳбарига, чунки бунинг барчаси шу тўрт йилда қилинмаган элчи вазифасидир, - дейди Махсуд Абдужабборов.

Суҳбатдош Россияда Ички ишлар вазирлигидан олган маълумотларга таяниб рақамларни ўз иддаосига оид рақамларни ҳам келтирди.

2 йилда “Груз-200” тушган ўзбеклар сони 48 мингга етди

2008-2010 йилларда Россияда ўртача 1,2 миллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожири истиқомат қилган бўлса, 2012-2014 йилларда улар сони 4,5 миллион кишига етган.

Россиядан Ўзбекистонга жўнатилган “груз-200”, яъни турли нохуш ҳодиса ва касалликлардан нобуд бўлиб, юртига юборилган ўзбекистонликлар жасади сони 164 кишидан (2008-2010 йилларда) 48674 кишига (2012-2014 йилларда) етган.

Шунингдек, 2010 йилнинг апрель ойидан бери Россияда дом-дараксиз йўқолиб кетган ўзбек муҳожирлари сони 32 минг 760 кишини ташкил этади.

Махсуд Абдужабборов ҳозирга келиб, Россиянинг вақтинчалик сақлаш изоляторида 7 минг 300 Ўзбекистон фуқароси юртига чиқиб кетишга рухсат берувчи шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кутиб ётибди.

- Булардан 120 нафари бу қоғозни 2 йилдан ортиқроқ вақт кутиб ётибди, - дейди суҳбатдош.

У Зиёдулла Пўлатхўжаев элчи этиб тайинланганидан кейин айрим ҳужжатларни олиш муддати 3 ойгача чўзилиб кетгани, бу ҳолат эса консуллик атрофида хуфёна “олди-берди” ишларини авж олишига сабаб бўлаётганини билдирди.

Махсуд Абдужабборов “Ёшлар” ҳаракати юристлари охирги уч йилда Россия Федерацияси ҳудудида жиноий жавобгарликка тортилган жиноий ишлар сони 148 минг 534 тага етганини маълум қилди.

“Ёшлар” ташкилоти очиқ хатида Тошкентга чақиртириб олинган элчи даврида, айниқса ўзбек диаспораларию ташкилотлари орасида парокандалик ва ҳатто душманлик авж олгани, кўп ҳолларда бу можароларда элчихона вакиллари қўли борлигини иддао қилди.

Шу боис, ташкилот вакили Ўзбекистоннинг Россиядаги янги элчисини тайинлашда очиқ хатда санаб ўтилган камчилик ва таклифларни инобатга олишни сўради.

Махсуд Абдужабборов очиқ хатга аллақачон Россиядаги Кураш федерацияси, Белбоғли кураш федерацияси, Шимоли-Ғарб муфтияти муфтийси Равил Панчеев ва бошқалар қўшилганини маълум қилди.

Суҳбат сўнггида, Ўзбекистон элчихонасининг Зиёдулла Пўлатхўжаев бошқаруви даврига ўта салбий баҳо берган "Ёшлар" ташкилоти раиси Махсуд Абдужабборов Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22 моддасини элчихона маъмурларига яна бир бор эслатиб қўйиш жойизлигини айтди:

“Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.”

Элчи чақиртириб олинди...ми?

Озодликнинг элчихонага яқин бўлган манбаларидан олинган маълумотга кўра, тўрт йилдан буён Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси вазифасини бажариб келган 53 яшар Зиёдулла Пўлатхўжаев ўз лавозимидан кетди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси расмий сайтида Пўлатхўжаевнинг элчиликдан олинганига оид расмий хабар бўлмаса-да, сайтдан аввалги элчига оид маълумот олиб ташланган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Озодлик сўровига шунчаки мамлакатнинг Россиядаги элчиси ваколати тугаганини билдирди:

- Элчи ўзгармади, шунчаки элчи ваколати муддати ўз якунига етди. Янги элчи ҳозирча тайинлангани йўқ. Унинг вазифасини вақтинча Алимов Равшанбек бажараяпти, - деди ўзини Темур деб таништирган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими.

Ўзбекистон элчихонасида ҳам вақтинчалик элчи вазифасини Алимов Равшанбек Озодбекович бажараётганини тасдиқлашди. Равшанбек Алимов бунгача собиқ элчи Зиёдулла Пўлатхўжаевнинг Сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси вазифасини эгаллаб келган.

Шунингдек, Равшанбек Алимов 2002-2005 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Украинадаги, 2006-2009 йилларда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси вазифаларида ишлаган.

Бундан олдинроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот маркази раҳбари Oдилбек Қаипбергенов Озодлик мухбири билан суҳбатда элчи ўзгаргани ёки лавозимдан олингани тўғрисида:

- Расмий ҳужжат бизга берилиши билан уни дарҳол эълон қиламиз. Идорамизнинг ҳам ичкариси, ҳам хориждаги ваколатхоналарда бўлаётган кадрлар ўзгариши тўғрисида биз вақтида хабар бериб борамиз, - деган эди.

Аммо ҳанузгача Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда бирор қўшимча маълумот тарқатмади.

...бошқа сабаблар боис ишдан кетдими?

Ҳозирча Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида дунёнинг энг йирик давлатидаги ваколатхона бошлиғи ўз лавозимини тарк этгани борасида хабар қилинмаган.

Бироқ, “Узметроном” нашри Зиёдулла Пўлатхўжаевнинг Москвадан чақиртириб олинишига элчининг “спиртли ичимликларга ружу қўйгани” ва “енгил жанжаллар ва бировларни калтаклашга мойиллиги” билан изоҳлангани иддао қилинган хабарни тарқатди.

Бу нашр берган маълумотларга кўра, расмий Тошкент Малайзиядаги элчиси Шукур Собировни ҳам чақиртириб олган. Ўзбек ваколатхонаси раҳбарининг Тошкентга қайтарилишига унинг рафиқаси сабаб бўлгани айтилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича вакили, аввал АҚШда, ундан олдинроқ Россиядаги собиқ элчи Илҳом Неъматов лавозимидан бўшатилгани ҳам айни нашр томонидан хабар қилинди.

Ўз исмини айтишни истамаган Озодлик манбаси Зиёдулла Пўлатхужаевнинг истеъфога чиқарилиши ортидан Ўзбекистон Республикасининг миграция сиëсати ва Россия-Ўзбекистон муносабатларида жиддий ўзгаришлар кутилаётганини маълум қилди.

Эслатиш жоизки, эндиликда собиқ элчи Зиёдулла Пўлатхужаев бошчилигида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчилиги фаолияти жиддий танқид остига олиниб келинган.

53 яшар Зиёдулла Пўлатхўжаев 2010 йилнинг 3 июнида Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган.

Унгача у Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги дипломатик ваколатхонасини бошқарган.

XS
SM
MD
LG