Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:42

Тошкентдаги қирғиз дипломати ноқонуний савдода гумонланмоқда


Тошкентдаги Қирғизистон элчихонасининг биринчи котиби Канатбек Шаршанбек Ўзбекистонда спиртли ичимликларини ноқонуний сотилишини уюштирганликда айбланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон матбуотига таянган ҳолда қирғиз газеталари хабар тарқатгач, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги текширув ишларини бошлади.

Дипломат текширув учун Бишкекка чақирилди

Ўзбекистон матбуотида пайдо бўлган хабарларда айтилишича, Тошкент шаҳар Юнусобод туман милицияси контрафакт спиртли ичимликлар билан ноқонуний савдо қилаётган икки шахсни қўлга олган. Тергов давомида эса улар Қирғизистон элчихонаси дипломати Канатбек Шаршанбек ноқонуний савдони уюштиргани ҳақида маълумот берган.

Бу хабар Ўзбекистон интернет нашрларида 15 кун аввал пайдо бўлган эса-да, Қирғизистон томони расмий муносабат билдирмай келаётган эди. Бироқ мазкур хабар июль ойининг охирларида Бишкекдаги нашрларда кўчириб босилгач, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз позициясини билдирди.

-Оммавий ахборот воситаларининг барчасида бу ҳақда маълумот пайдо бўлди. Биз мана шу хабарнинг нақдар асосли эканини билиш мақсадида номи зикр этилган дипломатни Бишкекка чақирдик. Текширув ишлари якунланганидан сўнг бу ҳақда батафсил маълумот берилади, -деди Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Турдакун Сидиков.

Ўзбек матбуотининг "эски" қаҳрамони

Бу ўзбек ва қирғиз дипломатлари ўртасида кузатилаётган биринчи жанжал эмас. Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ўтган йилнинг август ойи бошида Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Канатбек Шаршенбек Тошкентда ўзбек шифокорларини ҳақорат қилгани ва ўзбекларни камситувчи, миллатлараро нафратга асосланган чақириқларни айтгани ҳақида хабарлар берилганди.

Шундан сўнг Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги масалага ойдинлик киритиш мақсадида Шаршенбекни Бишкекка чақириб олганди. Кейинроқ Қирғизистон ТИВ раҳбарияти дипломатга нисбатан илгари сурилган айбловлар ҳақиқатга мувофиқ эмас, дея хулоса чиқарган ва унинг Тошкентга қайтиб, ўз ишини давом эттиришига изн берган.

Бу воқедан бир неча ҳафта ўтгач эса, Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси биринчи котиби М. Хайриддинов ва унинг ҳамроҳлари Бишкек марказида қирғизистонлик Ж. Қадировга тан жароҳати етказгани иддао қилинган ва Бишкек Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота жўнатган эди.

Мана шу икки воқеа содир этилганига ропа-роса бир йил тўлган бир пайтда Канатбек Шаршанбек яна ўзбек матбуотининг салбий қаҳрамонларидан бирига айланди.

"Англияда қирғиз дипломатлари тамаки сотаётганда қўлга тушган"

Бишкеклик айрим таҳлилчилар мазкур воқеа Бишкек ва Тошкент ўртасидаги муносабатларда совуқчилик пайдо бўлган бир пайтда юз берганига эътибор қаратиб, буни Тошкентнинг Қирғизистонга норозиликни ўзига ҳос тарзда изҳор қилиши сифатида баҳоламоқда. Лекин Қирғизистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов бундай фикрларга қўшилмайди:

-Бу масалада қош қўяман деб кўз чиқармаслик керак. “Қирғизистон билан Ўзбекистон муносабатлари ёмонлашди, шунинг учун бу воқеа юз берди”, дейишлик куракда турмайдиган гап. Сўнгги беш-олти йилда бу каби воқеалар кўп такрорланаяпти. Масалан, Англияда қирғиз дипломатлари тамаки сотаётган пайтда қўлга тушган ва жиноят иши очилган. Ундан аввалроқ Нью Йоркда бир неча қирғиз дипломати бож тўловлари тўланмасдан олиб ўтилган спиртли ичимликларни сотаётганида қўлга олинган. Бу воқеалар дипломатлар орасида тартибсизлик, қонунни ҳурмат қилмаслик, масъулиятсизлик каби иллатларнинг авж олгани белгисидир, -деди Аликбек Жекшенкулов.

XS
SM
MD
LG