Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг шу йил май ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро анжуманда қилган маърузаси ўрта мактабларда факультатив машғулот сифатида ўқитиладиган бўлди.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмийларидан бири Озодлик билан суҳбатда янги ўқув йилидан бошлаб президент Ислом Каримовнинг Самарқанддаги халқаро анжуманда қилган маърузаси ўрта мактабнинг 9-синф ўқувчиларига ўқитилишини тасдиқлади:
- Бизда тўққизинчи синфларда мактаб ихтиёрида 34 соат бор. Шу 34 соатдан 6 соати президентимизнинг 15-16 май кунлари халқаро конференциядаги маърузасига ажратилган. Президентимиз аждодларимизнинг буюк меъроси, буюк бойлиги мавзусида жуда ҳам чиройли маъруза қилганлар, шу учун олти соат ажратдик, - деди Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг исми сир қолишини истаган расмийси.
Ўзбекистон ўрта мактабларида президент Ислом Каримовнинг бошқа маърузалари ҳам ўқувчиларга ўқитиб келинмоқда.
- Президентимизнинг Самарқанддаги нутқи бўйича 6 соатлик дарс ўқитилганидан сўнг, кетидан унинг “Юксак маънавият енгилмас куч” маърузалари 10 соат ўқитилади. Кейин иккинчи ярим йилликда “Ўзбекистон Мустақилликка эришиш остонасида” китоби ўқув курси асосида ўқитилади, - деди Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги расмийси.
Ўқувчилар Каримовнинг ушбу маърузаси бўйича имтиҳон ҳам топширишади. Халқ таълими расмийсига кўра, президент маърузаси бўйича саволлар тарих фанидан имтиҳон дастурига киритилади.
- Шу фан бўйича имтиҳоннинг учинчи саволи президентнинг “Юксак маънавият енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” ва мана шу “Аждодларимизнинг илмий меъроси”, маърузалари бўйича бўлади, - деди Халқ таълими вазирлиги расмийси.
Ҳозир Ислом Каримовнинг Самарқанддаги маърузаси бўйича илмий-методик қўлланмалар ҳам ишлаб чиқилган.
Ислом Каримовнинг “Маънавият—енгилмас куч” деган асари бундан беш йил аввал мактаб дастурига 17 соат қилиб киритилган, лекин ўқувчиларда бу дарсларга қизиқувчилар кўп эмас, афатидан.
- Чунки президент китобида ëзилганлар билан ташқаридаги ҳаёт бошқа-бошқа нарсалар¸ дейди самарқандлик мактаб ўқитувчиси Собиржон ака.
Бугун Ўзбекистон кутубхоналарида совет даври “доҳийлари”нинг сон-саноқсиз номдаги китоблари ўрнини Ислом Каримовнинг китоблари эгаллагани ҳеч кимга сир эмас.
Тошкентдаги марказий кутубхона ходимларидан бири президент Каримов китобларини ўқигани талабалар, ўқувчилар кўп келишини айтади.
- Каримов асарларини ўрганаётган талабалар, асосан, шундан фойдаланади ва бу китобларни энг кўп сўрайдиган ҳам ўшалар. Илмий иш қилаётган олимлар ҳам президент асарларини сўраб туради, - деди кутубхона ходими.
Аммо, хоразмлик исми сир қолишини истаган собиқ мактаб муаллими И.Каримов китобларини ўқимагани, ўқишдан ҳам фойда йўқлигини айтади.
- Ўқимаганман. Ундан олдинги совет “доҳийлар”и китобларини ҳам ўқимаганман, тўғриси. Мен учун бунинг аҳамияти йўқ. Болаларимиз ўқишади, чунки улар мажбур, бундан имтиҳон топширишлари керак-да, - дейди исми сир қолишини истаган хоразмлик муаллим.
Бир неча йил аввал ўзбекистонлик бир журналист Ўзбекистон раҳбари китоблари сони ва уларни чоп этишга кетган ҳаражатни чамалаб чиқди.
“50 миллиард сўмлик сафсата” сарлавҳали мақоласида Диёр Дилёр тахаллусли журналист И.Каримов китоблари сони бўйича советлар доҳийси Ленину Брежневларда ҳам ўзиб кетгани, бу китобларни чоп этиш учун давлат хазинасидан жами 50 миллиард сўм маблағ сарфлангани ҳақида ёзганди.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмида СССРга 18 йил раҳбарлик қилган Леонид Брежневнинг ўша йиллари ҳам, кейин ҳам ўқилмаган “Кичик ер”, “Қўриқ” каби китоблари бугун Ўзбекистонда қоғоз чиқиндисига айланиб кетган.