Ўзбекистонлик чавандозлар 10 сентябрь куни ўтказилган “Кўпкари” чавандозлик мусобақасида Туркия жамоасига енгилди. Ўзбек курашчилари эса 4 бронза медални қўлга киритди. “Тўққиз қумалоқ” интеллектуал ўйинида ўзбек спортчилари мусобақаларнинг 5 - турига йўлланма олди.
“Кўпакари” бўйича Туркия билан беллашган ўзбекистонлик чавандозлар рақибларига 6:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу билан А гуруҳида Ўзбекистон очколар бўйича охирги ўринда бормоқда. Бугун ўзбек чавандозлари Қирғизистон жамоаси билан майдонга тушди. Аммо ўзбек чавандозлари бугунги ўйинда ҳам Қирғизистон жамоасига 11:0 ҳисобида бой берди
Кураш мусобақаларида эса ўзбек паҳлавонлари 4 бронза медални қўлга киритди ва медаллар сони бўйича Монголия билан бир қаторда 6 - ўринда турибди. Бронза медалларни вазни 84 килогача бўлган полвонлар беллашувида Қудрат Бозорбоев ва Камолиддин Маҳкамов қўлга киритди.
Қирғизистон кураш бўйича 8 та олтин, 12 кумуш, 5 бронза, жами 25 медал билан биринчи ва иккинчи ўринни эгалламоқда. Туркманистон курашчилари 3 олтин, 2 бронза медал билан учинчи ўринда, Қозоғистон 1 олтин,1 кумуш, 5 бронза медал билан тўртинчи, Тожикистон 1 олтин, 2 бронза медал билан бешинчи ўринда турибди.
“Тўққиз қумалоқ” интеллектуал ўйинида ўзбекистонлик Жаксибек Холмуродов АҚШ ва россиялик рақибларидан устун келиб 4 ўйинда 3 ғалабани қўлга киритди. У ҳозир турнир жадвалининг 5 ўрнида бормоқда.
Яна бир ўзбекистонлик спортчи Бекзод Ҳайитбоев 4 ўйинда 2 очко тўплаб, турнир жадвалининг 9 ўрнини эгаллаган. “Тўққиз қумалоқ” бўйича якуний натижалар 14 сентябрда эълон қилинади. Жаксибек Холмуродов кейинги ўйинларда яхши натижа кўрсатиб, иккинчи ёки учинчи ўринни эгаллаш имкониятига эга.
Биринчи Бутунжаҳон кўчманчи ўйинлари 9 -14 сентябрь кунлари Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилади. Ўйинларда дунёнинг 17 давлати – Озарбайжон, Австрия, АҚШ, Россия, Бразилия, Беларус, Германия, Қозоғистон, Литва, Ўзбекистон, Монголия, Афғонистонн, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Швеция ва Жанубий Кореядан келган спортчилар иштирок этмоқда.