Қирғизистон Миллий мухолифат ҳаракати Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон президентларига мурожаат йўллаб, президент Атамбаевнинг 31 август куни қўшни давлатлар, айниқса, Ўзбекистон шаънига айтган гапларини кескин тарзда қоралашини билдирди.
Қирғизистон Миллий мухолифат ҳаракатининг 16 сентябрь куни эълон қилинган мурожаатида, мухолифатчилар президент Атамбаев мамлакат Мустақиллик куни муносабати билан 31 августда сўзлаган нутқида қўшни давлатлар шаънига номақбул сўзларни айтди, деб ҳисоблашлари билдирилган.
“Ўшанда у қўшни давлатлар элчиларига мурожаат қилиб, бизнинг мухолифатни молиялаштиришни бас қилиш талабини етказиб қўйишларини айтди. Шундан сўнг у Қирғизистонни парчалашдан манфаатдор кучлар борлигини айтиб, бу йил қўшнилар бизга газни ўчириб қийнаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, чегарадаги низолар қўшниларимиз бизнинг энергетик ва транспорт мустақиллигимизни истамаётгани учун юз бермоқда”, дейилади Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон президентларига йўлланган мурожаатда.
Қирғизистон Миллий мухолифат ҳаракати раҳбари, Қирғизистон парламенти депутати Равшан Жээнбеков Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда “Атамбаевнинг мазкур гаплари асосан Ўзбекистонга қаратилган”, деб тушинилганини айтди:
-Бизнинг президентимиз 31 август-Қирғизистон Мустақиллиги куни сўзлаган нутқида, асосан Ўзбекистонга, кейин Қозоғистон ва Тожикистонга нисбатан жуда қаттиқ сўзларни айтди. Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар мураккаб бўлиб қолмоқда. Бундай шароитда президент маданият ва дипломатия қоидаларига зид бўлмаган гапларни айтиши керак эди. Шунинг учун мухолифат қўшни давлат президентлари бизнинг президент сўзларини тўғридан-тўғри қабул қилмасин, бу президентнинг шахсий фикри, бизда президент фикрига қўшилмайдиган сиёсатчилар жуда кўп ва Қирғизистоннинг бугунги муаммоларига қўшни давлатлар айбдор эмас, деган фикрни айтишга қарор қилди,- деди Равшан Жээнбеков.
Президент Атамбаев 31 август куни сўзлаган нутқида қўшни давлатлар ҳақида гапирар экан, жумладан:
-Нима учун айнан шу йил чегараларда зиддиятлар кўпайиб кетди? Нима учун айнан шу йил бизга газ бермай қўйишди? Чунки бу ишни қилганлар 1,5 – 2 йилдан сўнг тўлалигича уларга қарамликдан халос бўлиб олишимизни тушунадилар, - деган эди.
Миллий мухолифат ҳаракати фикрича, бу каби нутқлар билан Атамбаев қўшнилар тимсолида “ташқи душман” қиёфасини яратиб, минтақа давлатларининг минг йиллик муносабатларини шубҳа остига қўймоқда. Шунингдек, мухолифат мурожаатида “Атамбаев ва унинг қўғирчоқ ҳукумати Ўзбекистондан газ берилишининг тўхтаб қолишига, чегарадаги низоларнинг кучайиб кетишига, Қирғизистоннинг иқтисодий изоляцияда қолаётганига асосий айбдор” сифатида талқин этилади.
-Газ масаласида ҳам бизнинг ҳукумат матбуотга “Газ берилмай қолганига Ўзбекистон айбдор, Ўзбекистон чегара масаласини ҳал этиб, ер берсанглар кейин газ берамиз, деб шарт қўйди”, қабилидаги ёлғон маълумотларни беришди. Мендаги маълумотларга қараганда, 2013 йилнинг апрелида Ўзбекистон 2014 йилнинг охиригача газ шартномасини имзолашни таклиф қилган. Аммо Қирғизистон томони “Биз Қирғизгазни сотаяпмиз, бундан буён газ масаласида фақат Россия билан гаплашасизлар”, деб шартномани имзолашдан бош тортган. Энди эса газ йўқлиги учун Ўзбекистон томонини айбдор қилиш икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва савдо-сотиқ муносабатларига зид келувчи ҳаракатдир,-деди Равшан Жээнбеков.
Ўзбекистон Ўшга газ беришни шу йилнинг 14 апрелида тўхтатган эди. Бунга 10 апрель куни “Қирғизгаз” “Газпром”га бир долларга сотилгани, бунинг ортидан Қирғизистонни газ билан таъминлаш ваколати тўлиғи билан Россия ихтиёрига берилгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Беш ойдан бери газсиз қолаётган Ўшга газ таъминотининг қачон тикланиши ҳозиргача номаълум қолмоқда.