Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:31

Ўзбекистон чегараларида МХХнинг махсус гуруҳлари тузилмоқда


Ўзбек-қирғиз чегарасидаги "Дўстлик" чегара пункти панжаралари ёнида турнақатор навбат.
Ўзбек-қирғиз чегарасидаги "Дўстлик" чегара пункти панжаралари ёнида турнақатор навбат.

Ўзбекистоннинг чегарадош вилоят ва туман ҳокимликлари МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш хизмати ҳарбийларига ёрдам берувчи кўнгилли "Чегара посбонлари" гуруҳларини тузишга киришди. 30 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларига яқин аҳоли пунктларида "Чегара посбонлари" гуруҳини тузиш ҳақидаги Низомни тасдиқлаган.

Тошкент, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидаги чегарадош туман ҳокимликларида Ўзбекистоннинг қўшни Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон билан чегаралари назоратида ҳарбийларга ёрдам берадиган гуруҳлар тузила бошлади.

Тошкент ва Наманган вилояти ҳокимликларидан олинган маълумотларга кўра, 3 октябрь куни Ўзбекистон МХХ ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирокида ҳокимликларда йиғилиш бўлган.

"Ҳокимиятда бўлди йиғилиш. Шунақа Миллий хавфсизликдан указание келди, шунақа группалар тузилсин, деган. Ҳозир группалар тузадиган одамлар тайинланди ва энди-энди группаларга одам йиғиш бошланаяпти", деди қўшни Қирғизистон билан чегарадош Наманган вилояти ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз мулозими.

Андижон вилоятининг қўшни Қирғизистонга чегарадош Марҳамат, Хонобод, Қорасув туманларида кўнгиллилар гуруҳини тузишга ҳозирлик бораётгани айтилди. Вилоят ИИБнинг ҳудудий бўлинмаларидан биридан олинган маълумотга кўра, гуруҳлар таркиби куч ишлатар тузилмалар томонидан кўриб чиқилади.

"Хоҳловчилар маҳалла қўмиталарига мурожаат қилиши керак. Маҳаллалар одамларни саралаб берадида, кейин аризани ички ишлар билан миллий хавфсизлик кўриб чиқиб, тасдиқлайди", деди Андижон ИИБнинг ҳудудий бўлинмаларидан бири ходими.

Тожикистон билан чегарадош Тошкент вилоятида ҳам чегара ҳудудларига яқин маҳаллалар ва у ерларда тузилажак гуруҳлар кўламини аниқлаш бўйича комиссия ишламоқда.

"Бизда ҳали қўшнилар билан демаркация қилинмаган чегара ҳудудлари бор. Бекободда бир-иккита маҳаллаларимиз вообще Тожикистон томонида қолиб кетган. Бу ерларда ишлаш қийин. "Чегара посбонлари" гуруҳини МХХ ва ИИБ тасдиқлаб бергандан кейин бу ерда иш бошлайди", деди Тошкент вилояти ҳокимлигининг исмини ошкор қилмаётганимиз расмийси.

Чегарадош вилоят ва туман ҳокимликлари фаол бажаришга киришган бу топшириқ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 30 сентябрь куни тасдиқлаган "Чегара посбонлари" гуруҳларини тузиш тўғрисидаги Низом асосида берилди.

Ушбу низомда 18 ёшдан 60 ёшгача фуқаролардан иборат посбонлар гуруҳлари Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси ҳарбийларига чегара назоратида амалий ёрдам бериши айтилган.

Уларнинг асосий вазифалари қуйидаги ҳолатларни аниқлаш ва бундан ўз вақтида чегарачиларни огоҳлантиришдир:

- Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ёки бунга уриниш ҳоллари;

- Миллий, ирқий, этник ёки диний зиддиятни қўзғовчи материалларни тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш ҳоллари;

- Ўзбекистонда давлат тизимини ағдаришга уриниш ёки бунга чақириш ҳоллари;

- Одамларни йўқ қилиш ёки уларга зарар келтиришга қасд қилиш, бунга уриниш ҳоллари;

- Қидирувда бўлган шасхларнинг чегара олди районларида пайдо бўлиши ва ҳоказо ҳолатлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, бу кўнгиллилар МХХ чегарачиларига топиширилган давлат чегараларидаги ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни ҳам аниқлаши ҳамда бу ҳақда тегишли органларга ахборот етказиб туриши лозим.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида айтилишича, фаол фуқаролардан тузилган бу гуруҳларни қўмондонлар бошқаради. Шунингдек, қўмондонлар Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақининг 4 баробари, гуруҳ аъзолари эса энг кам иш ҳақининг 3 баробаригача ойлик олади.

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги қолган 4 республиканинг барчаси билан чегарадош. Давлат чегарасининг умумий узунлиги 6 минг 221 километр. Бунинг 2 минг 203 километри Қозоғистон, 1 минг 99 километри Қирғизистон, 1 минг 161 километри Тожикистон, 1 минг 621 километри Туркманистон ва 137 километри Афғонистонга туташ.

XS
SM
MD
LG