Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:43

Фоҳишахоналар 4 ярим миллиард сўм жарима тўлаши мумкин (Блог)


Ҳар қандай янгилик, одатда, жўн ўқиб қўйилади.

Янгиликни синчиклаб ўқиш ҳам мумкин ва бундай ёндошув, ўқилаётган янгиликдан олинадиган жавоблардан кўра, саволларни кўпайтириб юборади.

Савол эса, тиш оғриқдай бемаъни нарса – боридан йўғи яхши.

Шундай эса-да бугун бир янгиликни синчиклаб ўқиймиз.

Мана ўша хабар ва уни аввал жўн ўқинг:

Ўзбекистон Интернет нашрларининг Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар қилишича¸ ўтказилган рейдлар натижасида бутун мамлакат бўйлаб 842 та фоҳишахона борлиги аниқланган.

Фоҳишахоналарнинг энг кўпи Тошкентда қайд этилган: 334 та.

Расмийларга кўра¸республика бўйлаб ўтказилган тадбирлар давомида Тошкент вилоятида 69 та, Самарқандда 50 та, Сирдарё ва Жиззахда 22 та, Бухорода 46 та, Навоийда 19 та, Фарғонада 47 та, Андижонда 30 та, Наманганда 74 та ва Қорақалпоғистонда 40 та ишратхона аниқланган.

ИИВ маълумотларига кўра, Ўзбекистон бўйлаб жами 842 та фоҳишахона фош этилган¸ фоҳишалик билан шуғулланиб келган 1097 нафар шахс қўлга олинган.

Хабар қилинишича, аниқланган ҳолатлар юзасидан мамлакат Жиноят Кодексининг 131-моддасига биноан жиноят ишлари қўзғатилган, мамлакатнинг 14 минтақасида ўтказилган рейдлар давомида фоҳишалик билан шуғулланувчи 1097 шахс қўлга олинган.

Жиноят кодексининг 131-моддасида фоҳишахона ташкил қилиш ёки сақлаш, шунингдек ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қўшмачилик қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Юқоридаги янгиликни энди синчиклаб ўқиймиз.

Жўн ўқилган янгиликдан парча рақам 1:

“...ўтказилган рейдлар натижасида бутун мамлакат бўйлаб 842 та фоҳишахона борлиги аниқланган”.

Савол: Рейд ўтказилгунича фоҳишахона бор маҳалла ва домларни назорат қилган участка нозирлари ва уларнинг аҳоли орасидаги хуфялари қаерга қараган?

Жўн ўқилган янгиликдан парча рақам 2:

"Тошкент шаҳрида 334 та, Тошкент вилоятида 69 та, Самарқандда 50 та, Сирдарё ва Жиззахда 22 та, Бухорода 46 та, Навоийда 19 та, Фарғонада 47 та, Андижонда 30 та, Наманганда 74 та ва Қорақалпоғистонда 40 та ишратхона аниқланган".

Демак, фоҳишахонанинг энг кўпи Тошкентда, энг ози Навоий вилоятида аниқланган.

Чаларасмий маълумотларга кўра, пойтахтда 2 352 900 киши (2014), Навоий вилоятида 873 000 киши (2011) яшайди.

Демак, Тошкентда 7044 кишига, Навоий вилоятида 45947 кишига 1 та фоҳишахона тўғри келади, яъни Тошкент шаҳридаги фоҳишахоналар сони Навоий вилоятидаги фоҳишахоналар сонидан қарийб 7 баравар кўп.

Саволлар: Тошкентликлар навоийликлардан аҳлоқсизроқми?

Балки Тошкент милицияси рейдни яхшироқ, Навоий милицияси ёмонроқ ўтказгандир?

Жўн ўқилган янгиликдан парча рақам 3:

“ИИВ маълумотларига кўра, Ўзбекистон бўйлаб жами 842 та фоҳишахона фош этилган, фоҳишалик билан шуғулланиб келган 1097 нафар шахс қўлга олинган”.

Демак, ўрта ҳисобда 587 та фоҳишахонада 1, қолган 255 та фоҳишахонада 2 нафардан фоҳиша бўлгани аниқланган. Бу – ўрта ҳисобда.

Ҳаётда эса, бундай бўлмайди: бир фоҳишахонада 5, бошқасида 10, яна бирида 15 фоҳиша бўлади. Бас, шундай экан, фоҳишахона, деб қайд этилган жойларнинг кўпчилигида битта ҳам фоҳиша бўлмаган.

Саволлар: Фоҳиша топилмаган уйни нима асосда фоҳишахона, деб қайд этдилар?

Нима учун 842 та фоҳишахонадан 1097 нафаргина фоҳиша топилади? Ёки фоҳишахона “хизматчилари”ни рейд ўтказилиши арафасида кимдир огоҳлантириб қўйганми?

Жўн ўқилган янгиликдан парча рақам 4:

“…фоҳишахона ташкил қилиш ёки сақлаш, шунингдек ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қўшмачилик қилиш энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади”.

Шу кунда Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 107635 сўм.

Қайд этилган 842 фоҳишахона эгалари уч йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилмай, ёппасига жаримага тортилса, давлат бюджетига ё 2 265 716 750 (Икки миллиард икки юз олтмиш беш миллион етти юз ўн олти минг етти юз эллик) сўм (агар жарима энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида солинса) ёки 4 531 433 500 (Тўрт миллиард беш юз ўттиз бир миллион тўрт юз ўттиз уч минг беш юз) сўм (агар жарима энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида солинса) пул тушади.

Ўзбек жамияти эшитишниям ор биладиган савол:

криминал структуралар ва баъзи нопок милиция ходимларига чўтал бериш эвазига ойлаб, йиллаб бемалол ишлайдиган, баъзан-баъзан эл кўзига ўтказиладиган рейдларда қўлга тушиб, миллиардлаб сўм жарима тўлаттириладиган фоҳишахоналарни ишхона сифатида расман қайддан ўтказиб, ўша жаримани солиқ сифатида олса бўлмайдими?

XS
SM
MD
LG