Линклар

Шошилинч хабар
02 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:33

Эркин Воҳидов: Ўзбек тили тилшуносларнинг томорқаси эмас!


Ўзбек нега ўз “боласи” – қадрдон сўзларини танимай қолди? Ўзбек тилининг ўз грамматикаси нима учун ҳалигача ишланмаган? Ўзбек тили қачон ўзга тиллар “босқин”идан қутулади? Таниқли шоир Эркин Воҳидов Тошкентда чоп этилган “Сўз латофати” деб номланган китобида шу каби саволлар атрофида фикр юритади. Тўпламга муаллифнинг она тили хусусида куйинчаклик билан ёзган мақолалари киритилган. Қуйида китобдан сараланган айрим иқтибослар билан танишинг.

  • Она тили умуммиллат мулкидир, демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Унутилган сўзларни тиклаш, борини бойитиб бориш, хорижий атамаларга муносиб истилоҳлар топиш ёлғиз тилшуносларнинг эмас, миллатнинг ишидир. Эски тузум барбод бўлди. Остановка турганда бекат, район турганда туман, вилка турганда санчқи дейишга нима бор, дегувчиларнинг даври ўтди.

  • Араб, форс тилларини сув қилиб ичиб юборган тадқиқотчилар сўзнинг энг чуқур илдизига етиб аслиятни маҳкам тутиб оладилар. Дунё хатога тўлиб кетганидан жонфиғон бўладилар. Риштон эмас, Рошидон; Бувайда эмас, Биби Убайда; арава эмас, ароба деб ёзиш ва айтишни талаб қиладилар. Уламолар, фузалолар дейиш саводсизлик, инсон ҳуқуқлари эмас, ҳақлари дейиш керак, чунки уламо, фузало, ҳуқуқ олим, фозил, ҳақ сўзларининг кўплиги деб қизишадилар. Айниқса, ахборотлар сўзини эшитсалар борми, сочлари тик бўлади. Ҳақиқатан ҳам хабарнинг жамъи – ахбор. Ахборотга айланиб яна бир кўплик қўшимчаси ортди. Ахборотлар десак энди хабар учта лардан лорсиллаган бўлади.

  • Одамларда тафаккур кучи ортгани сари тасаввур кучи камайиб бормоқда. Завқ-шавқ ўрнини совуқ ҳисоб-китоб эгалламоқда. Ақл ва юрак баҳсида ҳиссиёт енгилиб, қуруқ мантиқ ғалаба қилмоқда. Бу жамият учун хатарли ҳол. Ўзбек аскияни унутса, дўстона ҳазилларни эсдан чиқарса, сўзнинг латофатини англамай қолса бу фалокатдир.

  • Халқда “Меҳмон отангдан азиз”, “Устоз отангдан улуғ” деган ҳикмат бор. Бирор ақлли зот, отадан улуғ, отадан азиз инсон бўлмайди, деб айтган чоғи, кейинги вақтда “Меҳмон отангдек азиз”, “Устоз отангдек улуғ” дейиш урф бўлди. Отадан улуғ ва азиз кишининг йўқлиги ҳақиқат. Айнан шунинг учун ҳам бу ташбеҳ ишлатилади.

  • Мақолни таҳрир қилувчи ошноларга маслаҳатим бор: Агар “дан” ўрнига “дек” қўшишни жуда хоҳласангиз, халқнинг бошқа бир ибораси борки, уни шундай таҳрир қилса савобли иш бўлади. “Тўйлар қилинг, қамишдан бел боғлаб хизмат қилай,” дейдилар. Аслида қамишдан бел боғлаш эмас, қамишдек бел боғлаб хизмат қилиш тўғрироқ бўлади.

  • Тўйга чорлаганда таклиф қиламиз ёки лутфан ташриф буюришингизни сўраймиз, дейилади. Бизга биринчи жумла ўта қисқа, иккинчиси ўта узун туюлиб, ўртачасини танлаймиз: лутфан таклиф қиламиз! Ўзимиз билмаган ҳолда меҳмонни камситиб, ўз шахсимизни улуғлаймиз.

  • Сўз бамисоли чарақлаган юлдуз, оқиб ётган дарё, эсиб турган шамол каби хамманики. Ҳеч ким ҳеч кимга, ҳеч бир халқ бошқа ҳеч бир халққа, менинг сўзимни олдинг, ўзгартирдинг, буздинг, дея даъво қилмайди. Руслар фиръавнни фараон, Бобилни Вавилон, Сурияни Сирия деб айтсалар, бизнинг исмларимизни Кадыр, Таджи, Гулям деб талаффуз қилсалар биров, ҳай, нима қиляпсан, демайди. Чунки бу ҳол кўпга келган тўй. Ўзимиз ҳам талай хорижий сўзларнинг додини берганмиз.

  • Курайдиган қуролимиз курак, ички аъзо ичак, гул тубида турадиган идиш тубак – биз уни тувак деймиз – эканини билиш қийин эмас, лекин кўксимизда гурсиллаб урган юракни юрак дейиш тўғрими ёки урак? Юрак юрадими, урадими? Кўкрак-чи? Нега кўксимизни шундай атаймиз? Кўксим осмон, дегандек бу ном кўк, яъни осмон билан боғлиқми? Ундоқ десак, эмикдош маъносини англатувчи кўкалдош сўзидаги кўк ўзаги нимани англатади? Кўкракка алоқаси йўқмикан?.. Бундай жумбоқлар юзлаб, минглаб сўзларимиз замирида ётибди. Улар бизни қийнаши, уйқу бермаслиги керак, Маҳмуд Кошғарий бобомизнинг китоби ёстиғимиз остида бўлмоғи керак.

  • Маош деганда биз бугун ойлик иш ҳақини тушунамиз. Аслида бу сўзнинг маъноси тириклик, ҳаёт кечириш, яшамоқдир. Ҳазрат Навоий ҳам “Маош айламак аждаҳо комида”, дея бу сўзни худди шундай маънода айтганлар. Яъни шоҳ ҳузурида унинг истак-иродаси билан яшамоқ аждаҳо оғзида тириклик қилмоқ билан баробар.

  • Бизга таниш ҳамма сўзлар ҳам биз тушунган маънони англатмайди. Агар Ҳиндистонга журналист сифатида борган бўлсангиз зинҳор базинҳор “камина мухбирман” дея кўрманг. Мен ярамас жосусман, деган бўласиз.Чунки “камина” тубан, пасткаш маъносини англатади. “Мухбир” эса айғоқчи демакдир. Яна бир маслаҳат, ҳиндистонлик дўстингизни ватанга таклиф қилмоқчи бўлсангиз, асло сенга таклиф олиб келдим ёки таклиф юбораман, деб айтманг. Негаки, таклиф сўзи кулфат келтиришни англатади.

  • Болаликдаги шеърий машқларимнинг бирида, шаббода, тўхта бир пас, деб ёзган эканман. Деворий газета муҳаррири, ўзбек адабий тилида бир пас деган сўз йўқ, бир нафас дейиш керак, деб ўзи қизил қалам билан тўғрилаб қўйган... Луғатларга қарадим. Пос – туннинг саккиздан бири, деб шарҳланибди. Демак, тахминан бир соатга тенг тунги муддат – пос, бир соатлик тунги соқчи – посбон, русча часовой маъносидаги атама бўлиб чиқди. Ажабки, ўз сўзимиз бўлган пос жаҳон кезиб, яна ўзимизга пост шаклида, қўриқланадиган жой, соқчининг ўрни ҳамда лавозим маъноларини олиб қайтибди. Демак, ўзбекнинг бир паси бир соат бўлар экан. Гапимни бир пасда тугатаман, деган сўзнинг маъносини ўзингиз тушунаверинг.

  • Туркий халқларнинг кўргилиги шундаки, қадимги турк ёзуви йўқолиб кетган. Мўғулистоннинг Ўрхун, Россиянинг Енисей дарёлари соҳилидан топилган ёдгорликлар хати бир замонлар поёнсиз кенгликларда макон тутган халқларимизни бирлаштирган эди. Бамисоли хитойи тасвирхат – иероглифлар турли лаҳжаларда сўзлашувчи бир ярим миллиардлик халқни боғлаб тургандек. Бизнинг ҳам кўҳна ёзувимиз барҳаёт бўлиб, тараққий топганида, тилларимиз бу қадар йироқлашиб кетмас, қардош элларимиз мулоқотида учинчи тил восита бўлмас эди. Бизлар ягона буюк тилнинг усмонли, ўзбек, қозоқ, қирғиз, татар, бошқирд, тува, қораўғиз шеваларида сўзлашардик. Ёзи жазирама Туркман чўлларидан то аёзи бешафқат Ёқутистонгача поёнсиз маконда бизга тилмоч керак бўлмасди.

  • Тобаки деган сўзимиз бор. Унинг қисмати ажойиб. Тоб ўзак сўзнинг қизитиш, куйдириш маъноларидан келиб чиққан тоба (ясси қозонча, биз уни това, тава деймиз), тобланиш, обу тоб, тобига келтириш сингари калималар кўп. Тобаки деб тобада пиширилган ёки умуман қовурилган таом айтилади. Хуллас, тобаки деган сўз “сафарга чиқиб”, Россияга борди ва ўрис бўлиб қайтди. Мелибой – Миша, Сафарбой – Саша, Эргашбой Эрик бўлиб қайтгани каби Тобаки деган номини Табака қилиб келди. Тобада пишган таом экани эсидан чиқди ва қовурилган жўжага айланди. Биз ҳам ўзимизнинг “боламиз”ни танимай, Табака деб чақирадиган бўлдик.

  • Жонкуяр аждодларимиз сонсиз луғатлар тузиб, келажак авлоднинг саводини ўйлаганлар. Агар ўша луғатлар қўлимизда бўлганда фаннинг барча соҳаларида ўзбекча сўзлар кўпроқ ва устунроқ бўларди. Юридик шахс, жисмоний шахс, ҳуқуқбузарлик сингари зўрма-зўраки таржималарга эҳтиёж қолмасди. Олтин пробасини ўзбекча нима десак бўлади, деб бош қотирмас эдик. Ўзбекистоннинг тўқсон тўққиз ёрғитли тилласи бор, дея ифтихор билан айтардик. Олтинимиз ёнида олтин сўзимизга-да эга бўлардик. Мустақил юртимизнинг ўз мустақил армияси ўз ҳарбий атамаларини топарди. Саркарда ёнида сартиб, сарҳанг, сарлашкар, сипоҳсолор каби жанговар унвон-даражаларимиз бўлар, авангард, аръергард ўрнида хировул, чиндовул деб, ўнг ва сўл флангни баронғор, жавонғор дея Темур бобомиз айтгандек айтардик. Бу соф туркий сўзларнинг талаффузи қийин бўлса, маймана, майсара дердик. Мен асл ўзбекча юзбоши, мингбоши, айниқса, қўрбоши унвонларини тилга олмадим.

  • Ўзбек тилининг ўз грамматикаси – сарфу наҳви йўқ. Кимга тобе бўлсак унинг тили қоидаларини олганмиз. Хозирда рус тилининг сўз ясаш, гап қуриш, имло талабларини шундоққина қабул қилганмиз. Тилшунослик атамаларимиз бари русчадан таржима қилинган. Ўз она тилимизга мос грамматика яратиш ҳам олимларимиз бўйнидаги қарз. Ҳам бугунги авлод, ҳам келажак насллар олдида ўташ зарур бўлган, кечиктириб бўлмас қарз бу.

  • Тилимизда зимистон деган сўз бор. Боғистон, гулистон сўзлари каби чиройли, ёруғ калима. Лекин негадир зулматни билдиради. У аслида тиниқ ва оппоқ сўз. Форс ва рус тиллари қариндош бўлганидек, зимистон русча зима сўзи билан эгизак. Қиш кечасининг узун ва қоронғилиги учун зулматли тун зимистон қоронғиси дейилган, яъни қиш қоронғиси. Лекин биз гапни қисқа қилишга устамиз-ку. Зимистон қоронғисини ҳам қисқа қилиб зимистон дея қолдик. Тилшунос олимларимиз барака топсинлар, халойиқнинг айтгани бўла қолсин, деб, луғатларда зимистонга қоп-қоронғи кеча дея изоҳ бердилар. Хато қонуний тус олди.

  • Хунук деган сўзни биз кўрксиз, бадбашара деб тушунамиз. Аслида бу сўз совуқ дегани. Ташқари хунук, иссиқ кийиниб ол, десак тўғри бўлади. Лекин бундай деб айтсак кулги бўламиз. Ажабо, совуқ маъносидаги сўз қандай қилиб кўрксизга айланди? Бунга ҳам сабаб – қисқартиришга ўчлигимиз. Аввалда уни совуқ маъносида тўғри ишлатганмиз. Турқи совуқ одамни турқи хунук деганмиз. Кейинча турқ тушиб қолди, хунукнинг ўзини айтадиган бўлдик.

  • Оғзингни юм, овозингни ўчир, деган сўзни туғилгандан ўлгунча эшитамиз. Жим бўлиш бизга асрлар давомида сингдирилган. Ҳужайраларимизга жо бўлган. Яшаган юртимиз ўчган овозлар мамлакати бўлди. “Ғунча то оғзини очди, бўлди вайрон оқибат” деган шеърлар бизни тарбиялади. Озод ва мустақил бўлиб ҳам ички ҳадикдан тўла фориғ бўлмадик. Дарҳақиқат, шаҳар қуриш осону онгни ўзгартириш қийин экан.

  • Бу гаплар тилшунос олимнинг ҳукми эмас, бир қаламкашнинг ўйлари, холос. Сизнинг ҳам кўнглингизда шундай оғриқли гаплар кўп. Лекин менга гапиришни ким қўйибди, дея индамайсиз, баҳсга кирмайсиз. Ваҳоланки, тил ҳаммамизники. Фақат тилшуносларга боғлаб берилган томорқа эмас.

Озодлик блоггери саралади

XS
SM
MD
LG