Бишкекда нашр этилувчи “Дело№” газетаси Қирғизистондаги Dastan Engineering ширкати Украинага ноқонуний равишда қурол ва ўқ-дори етказиб бериш юзасидан музокаралар олиб бораётгани ҳақида маълумот тарқатди. Мазкур ширкат бундан аввал Суриядаги жанггариларга қурол етказиб берганликда ҳам гумонланган эди.
"Ўқларни Украина Мудофаа вазирлиги сотиб олмоқчи бўлган"
“Дело№” газетасининг ёзишича, Dastan Engineering ширкати ҳар сафар Украина ҳукумати расмий равишда қурол сотиб олиш имконига эга бўлмаган вазиятда бу ишни ўз зиммасига олади.
“Украина Мудофаа вазирлиги Бишкек машинасозлик заводи омборларидаги ўқ-дориларни сотиб олишни режалаштирмоқда. Мазкур ўқ-дорилар ўта сифатли эмас, бироқ бюджет дефицити шароитида ўқларнинг арзон нарҳда сотилиши Украина Мудофаа вазирлигини қаноатлантиради... Бу сафар гап Новороссиядаги кўнгиллиларга эмас, балки украин кучишлатар тузилмаларига қурол сотиш ҳақида кетаяпти”, деб айтилади мақолада.
Ковтун инкор этди, Адлия вазирлиги тасдиқлади
Бироқ Бишкекдаги “Дастан” ширкати бош директорининг ўринбосари Александр Ковтун Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида газетадаги маълумотларни ҳақиқатга зид, деб баҳолади:
- Қачонлардир шундай ширкат мавжуд эди ва “Дастан” бу ширкатнинг таъсисчиларидан бири бўлган. Бироқ уч йил аввал бу ширкат фаолияти тўхтатилган. “Дастан” ширкатининг бу ташкилотга ҳозир ҳеч қандай алоқаси йўқ, - деди Ковтун.
Қирғизистон Адлия вазирлиги эса Dastan Engineering ширкати тугатилмаганини ва ҳозир ҳам фаолият кўрсатаётганини билдирди. Вазирликдан олинган маълумотларга ишонилса, Dastan Engineering 2006 йилнинг 19 январида Қирғизистонда рўйхатга олинган. Уни Бишкекдаги “Дастан” корпорацияси, Россиядаги электрон технологиялар илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси, Кипрнинг ABC investment ширкати ҳамда Сергей Шумов исмли Россия фуқароси таъсис этган.
Адлия вазирлигининг давлат рўйхатга олиш бошқармаси бошлиғи Қуван Қазақов Dastan Engineering фаолияти ҳақида қуйидагиларни билдирди:
- Dastan Engineering масъулияти чекланган жамият сифатида рўйхатга олинган. “Тадбиркорлик тури” деган жойда “қурол ва ўқ-дори ишлаб чиқариш”, деб ёзилган. Мазкур ширкат тугатилмаган, қайта рўйхатдан ўтмаган, таъсисчилари ҳам ўзгармаган.
Dastan Engineering Сурияга ҳам қурол сотган
Dastan Engineering ширкати бундан аввал Суриядаги низолашаётган тарафларга қурол сотгани ҳақида BBC телекомпанияси ўз кўрсатувларидан бирида хабар берган эди. Телекомпания мухбирлари Ҳалаб шаҳридаги жанггарилар лагерларида топилган қурол ва ўқ-дори қутиларида Dastan Engineering ширкати номи қайд этилганини кўрсатишган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Марат Иманкулов Озодлик радиоси қирғиз хизматининг мазкур масалада суриштирув олиб борган журналисти Қубаничбек Жўлдўшевга қурол савдоси билан шуғулланган халқаро синдикатлар учун Қирғизистон қулай транзит мамлакат бўлиб қолаётгани ҳеч кимга сир эмаслигини айтди:
- Dastan Engineering деган ширкат ўз вақтида Сурияга қурол ташиган экан. Айрим давлатларда қурол савдоси ҳукумат номидан жуда қаттиқ назорат қилинади. Шунинг учун савдогарлар қонунларни бузса бўладиган ёки қурол савдоси қаттиқ назорат қилинмайдиган мамлакатларда ширкатларни рўйхатдан ўтказади. Бу каби фирмалар офшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган бўлиши ҳам мумкин.
Бундан аввалроқ Чех радиоси мухбирлари Украина шарқидаги россияпараст исёнчиларга ноқонуний равишда қурол ва ўқ-дори етказиб берилаётгани юзасидан журналистик суриштирув олиб борган эди. Суриштирув давомида польшалик тадбиркор Анджей Издебски ўзларини қурол савдогарлари деб таништирган чех журналистларига Украина исёнчиларига қуролни Қирғизистон орқали етказиш имконияти борлигини айтган.