Кейинги пайтларда "Ислом давлати" деб аталаётган радикал гуруҳ сафларида қўлида қурол билан юрган ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда ўз қаватларига бошқаларни ҳам даъват қилувчи видеороликларини жойлаштирмоқда.
Блоггеримиз Сарвар Усмон ўшандай видеодаъватлардан бири муаллифи билан ғойибона баҳсга киришди.
***
Параллель чизиқлар кесишмайди.
Мен бир чизиқда, видеодаги йигит бошқа чизиқда.
Бу чизиқлар кесишмас экан, баҳслашиш тугул, баҳсни бошлашдан ҳам наф йўқ.
Шундай бўлса-да видеодаги йигит билан баҳслашсамми, дедим.
Дедиму унинг қўлидаги АКМ гўштдан бўлган юрагимга ваҳм солаверди.
Балки, видеодаги йигит гумон қилганидай, иймоним заифдир?
Балки, қўлимда ғайридин Калашников ясаган автомат милтиқ бўлганида иймоним бақувват бўлармиди?
Қачондан бери ғайридин ясаган силоҳ мусулмоннинг иймонига қувват?
Бу – ғойибона баҳсимнинг биринчи масаласи.
Ватанда аҳли аёлига ҳижобда юриш тақиқланганидан гап бошлади ҳарифим.
"Кўчада, оммавий жойларда ҳижоб кийиб юрганларга маъмурий тартибда жазо берилади. Эй, ақлни ишлатинглар, ҳижоб уйда керакми, кўчада керакми...", деб бошлайди видеодаъватини йигит.
Аввалига эътибор бермадим, мисол тариқасида деди-қўйди, дедим.
Йўқ, қарасам, қуролли йигит кейин яна айланиб келди шу масалага:
"Мўмин-мусулмон учун жиҳод керак бўладиган бўлса, Оллоҳдан қўрқиб, жаннатдан умидвор бўлиб яшаётган муслима аёлларга ҳижоб керакдир. Бу ҳижоблар тортиб олинди. Ҳижобларни муслима опа-сингилларимизга қайтариб олиб бериш учун жиҳод керак, бошқа нарса керакмас, дейди йигит.
Шугина холосми муаммо?
Шунинг учун Сурияю Ироқда улоқиб юриш шартми?
Нима учун Анжанда талаб қилмади аҳли аёлининг кўчада ҳижобда юришини? (силоҳли йигит талаффузидан андижонлик кўринди)
Ё бундай талаб билан чиқиш, бурро-бурро гапириш учун қўлда силоҳ бўлуви зарурми?
Агар шундай бўлса, иддао қилинаётган иймоннинг бақувватлиги қаерда қолди?
Қачондан бери силоҳ мусулмоннинг иймонига қувват?
Қаранг, яна айланиб келдик бояги масалага.
Хотинининг кўчага ҳижобда чиқишини қўлда силоҳсиз талаб қилиш имконини демократия, дейдилар.
Демократияни эса, ҳарифим ва унинг силоҳли сафдошлари тан олмайдилар.
Шуниси қизиқки, ҳарифимнинг ҳарифи – Ватани ҳукумати ҳам демократия душмани: хотинларга ҳижобда юришга изн бермаётир. Агар изн берганида эди, балки видеодаги йигит бормасди ўша Ироққа, қўлига қурол олмасди. Балки.
Наҳотки, бугунги ўзбек жамиятининг бош масаласи – ҳижоб масаласи, хотин масаласидир?!
Бошқа ташвиши йўқми ўзбекнинг?
Кейинги жумла бундай бўлиши мумкин эди: Шунақаям хотинпараст миллат бўладими?! Лекин бу жумлани демадим.
Видеодаги йигит мақсадига етса, (тезроқ шаҳид бўлиш ниятини эмас, “Ислом давлати” ҳудуди сарҳадларини Моварауннаҳргача чўзиш ниятини айтяпман) хотин-халаж ёппасига ҳижобга киради: ҳар қалай, Калашников ўқидан кўра, ҳижоб хавфсизроқда, ахир!
Ҳамманинг иймони бир зумда қувватли бўлади.
Қачондан бери илм эмас, силоҳ мусулмоннинг иймонига қувват?
Қаранг, учинчи марта айланиб келдик шу масалага.
Видеони кўриб ўтирибману камера (ғайридинлар ясаган камера) олдидаги йигит Ватанида қолган Ҳукуматининг кўзгудаги акси бўлиб туюлаверди.
Фарқ битта холос. Фарқ соқолда. Бири соқолли, иккинчиси бесоқол (соқолсиз, демоқчиман).
Бири ҳижоб билан ёпмоқчи жамиятнинг касалини, иккинчиси демократия тўғрисидаги шилдироқ сўзлар билан.
Иккаласининг ҳам фикрлаши кир совундай қўпол, кир совундай бадбўй.
Иккаласи ҳам ўзгача фикрга бетоқат.
Бетоқатлик, фикрнинг темир-бетонлиги шу даражадаки, “душманимнинг душмани - дўстим”, деган маккорона, лекин мақсадга етиш йўлида қўл келадиган принципдан фойдаланишни ҳам билишмайди.
"Мана, бутун оммани нотўғри йўлга етаклаётган каззоб жамоалардан Хизб ут-Таҳрир, деган жамоа бор. Булар жиҳодни инкор қилади, жиҳоднинг вақти эмас дейди", дейди видеодаги соқолли йигит ва худди шу ўриндаги фикри давомида Ҳукумат чорак асрдан бери қамоқда чиритаётган ҳизбчиларни "даюс"га чиқарди.
Шунчалик осонми бутун бир қавмни даюсга чиқариш?!
Ё силоҳ шундай қилиб қўядими одамни?
Ахир иккаласининг ҳам қўлида силоҳ.
Иккаласи ҳам отишга тайёр.
Хуллас иккаласиям бир гўр кўринди.
“Икковингнинг ҳам уйингга ўлат келсин!”
P.S. Сўнгги жумлани тирноқларга қамаганимга эътибор беринг. Вильям Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” пьесасида ишлатилган бу жумла (оригиналда: A plague on both your houses) асрлар давомида қанотли сўзларга айланиб кетган ва уни бир-бири билан зидлашган томонларнинг можароси жонга текканда учинчи томон ўз истеҳзоси изҳори ўлароқ ишлатади. Яъни, ўлатни чин тиламайди, мажозий маънода ишлатади бу гапни. Бу изоҳни Ҳукумат учун ҳамда териси юпқа ва балки Шекспирни ўқимаган баъзи муштарийлар учун ёздим. Видеодаги силоҳли йигитнинг ўқиши шарт эмас – бефойда.