Қирғизистон парламентида кинофильмлардаги аҳлоқсиз ҳолатлар, порнографик лавҳаларни аниқлаш ва таъқиқлаш бўйича экспертлар гуруҳи ташкил этишга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Қирғизистон Маданият вазирлиги томонидан парламентга тақдим этилган қонун лойиҳасида экспертлар гуруҳига кинофильмлардаги аҳлоқсиз ва порнографик лавҳаларнитаъқиқлаш ҳуқуқи берилади.
Маданият вазири Алтинбек Максутов қонун парламент томонидан тасдиқланса, ҳар бир фильм намойиш этилишидан олдин экспертлар гуруҳи элагидан ўтказилишини айтди:
-Ҳар бир фильм давлат назоратида бўлиши керак. Асарни баҳолайдиган экспертлар бу ишни амалга оширади. Айниқса, кўчада сотилаётган дискларни қаттиқ назорат қилиш керак. Чунки порнография ўсмирлар онгига салбий таъсир кўрсатмоқда, -деди вазир.
Бундан ташқари махсус экспертлар гуруҳи мамлакатда суратга олинаётган янги фильмларда ҳам эр ва аёл муносабатлари тўғрисидаги ҳар бир кадрни назорат қилиши қайд этилган.
Айни пайтда Қирғизистонда порнографик маҳсулотларга чеклов мавжуд эмас. Мутахасислар бунинг оқибатида қирғиз интернет тармоғида парнографик видео ва аудиоёзувлар, фильмлар, суратлар кўпайиб кетганини айтмоқда. Бунинг устига Қирғизистон шаҳарларида 1 долларга етмаган нарҳда порнографик киноларни сотиб олиш имкониятлари мавжуд.
Бироқ қирғизистонлик киночилар Маданият вазирлигининг фильмларни назоратга олиш ташаббусини цензура сифатида баҳолаб, бу ғояга қарши чиқмоқдалар.
Таниқли кинорежсиссёр Темир Бирназаров ҳукумат киноларни назоратга олиш ўрнига, фохишаларни тугатиш билан шуғуллансин, деб фикр билдирди.
-Қонунни қабул қилишдан олдин кўчадаги порнографияни йўқ қилиш керак. Қизлар кўчада очиқдан-очиқ баданини сотмоқда. Бу порнография бўлмай нима? Ҳозир савдогарлар нон сотса ҳам қизларнинг ялонғоч суратини ёпиштириб сотаяпти. Бу бир товар белгисига айланди. Кинони назорат қилгунча, мана шуларни йўқ қилсин, -деди Темир Бирназаров.
Қизиғи шундаки, Қирғизистон парламентида порнография ва аҳлоқсиз фильмларга қарши кураш ташаббуси бир неча марта кўтарилган, аммо бу урунишларнинг барчаси самарасиз якунланган эди. Қирғизистон милицияси ҳам аҳлоқсиз фильмларга қарши курашни бошлаган ва мағлуб бўлган.
Мутахасислар Қирғизистоннинг ўзида суратга олинган ва жаҳон кинофестивалларида кўплаб совринларга эга бўлган машҳур “Маймун”, “Свет ака”, “Бўм-бўш уй” каби фильмларни ҳам оилавий бўлиб кўрмасликни тавсия қиладилар. Мазкур фильмларда эр ва аёл ўртасидаги жинсий алоқлар очиқ ойдин намойиш этилган.