Ислом Каримовнинг Қозоғистонга сафари тўғрисидаги хабар кетидан қозоқ даштидан бошқа бир хабар етиб келди: бу мамлакатдаги дизайнерлар ўзбекистонлик ароқпазларга янги бренд ясаб беришибди. “Чайхана” экан, янги бренд номи.
Суратини ҳам кўрдим янги бренднинг: чиллашир ўсмирдек найнов шиша; шишанинг тубидан бошланиб бўғзигача етадиган ёрлиқ; ёрлиққа ўзбекнинг тарихий иморатлари пештоқидаги нақшларни эслатувчи нақш туширилган; “Чайхана” сўзи остида инглизча Uzbek Vodka, деган битик; битик остида ароққа омухта қилинган таъмга ишора – бири “Лимонная”, иккинчиси “Особая”, учинчиси “Перцовая”.
Ҳе аттанг, дедим ўзбек ароқпазларининг янги бренди ўзбекча эмас, ўрисча-инглизча бўлиб қолганини кўриб.
Мана мендан илтимос қилишмайдими, мен ясаб бермайманми брендни, мен ясаган брендли ароғи сувдай кетмаса, истиконни чойхона ўчоғига уриб синдирмайманми?!
Агар ароқпазлар бренд номи “Чайхана”, бўлуви шарт, деб туриб олишса, аввало, ўзбекча қилайлик, деб кўндирардим уларни.
Кўнавермасалар давлат тили тўғрисидаги қонунни усталларининг устига тап этиб ташлардим.
Кўнганларидан кейин бонус сифатида “Чойхона”нинг тагига, мавзудан четламай, соф ўзбекча бозорбоп тагхатлар ёзиб берардим.
Биринчиси: “Чойхона – Қозон Қўрқитди“. Ароқнинг бу тури чойхона палови бошланаётган пайтда ичилади. Думба ёғнинг жиззаси газак қилинади. Пиёзу тандирдан эндигина узилган нон ёддан чиқмасин.
Иккинчиси: “Чойхона – Меҳр Томчиси“. Ароқнинг бу тури “Чойхона – Қозон Қўрқитди“ни сал кўпроқ нўш қилиб қўйган, ошга иштаҳа сақлаб, “бўлди, ичмайман”, деб таранг қила бошлган улфатга таклиф қилинади.
Учинчиси: “Чойхона – Ошдан Кейин Кетмайди“. Бундай ёрлиқ ёпиштирилган шиша дастурхонга ош келганда очилади. Бу пайтда “Чойхона – Қозон Қўрқитди“нинг шишаси ўчоқбошида қолган, “Чойхона – Меҳр Томчиси“нинг шишаси эса, улфатлар ўтирган чойхона сўриси тагига думалаб кетган бўлади.
Ва ниҳоят “Чойхона” ароғининг мен таклиф қилаётган тўртинчи тури - “Чойхона – От Оёқ“. Улфатлар ошни паққос уриб, лаганга чой қуйиб ичиб, ёғли қўлларни чойхонанинг бир вақтлар оқ бўлган лунгисигами, кетлари тагидаги ёғ босган тўшакками артиб бўлгач, ўрниларидан алпанг-талпанг турганларидан сўнг, уй-уйларига тарқалишлари олдидан ичилади “Чойхона – От Оёқ“.
Ҳазил шу ерда тугади.
Энди жиддий гап: ароқни “Чойхона”, деб номлаш ўзини, ўзбеклигини ҳурмат қилган одам учун ҳақорат, демасак-да, номақбул бир ишдир.
Чойхона маданияти тарихи асрлар қаърига бориб тақалувчи бир водийлик сифатида айтаманки, чойхона ўтмишда ўзбек учун “умумий овқатланиш муассасаси”гина бўлган эмас.
Чойхона ўзбек учун, замонавий истилоҳ ишлатсак, клуб бўлган – эрлар клуби.
Газета бўлган чойхона, радиою телевизор бўлган ўзбек учун чойхона.
Театруси бўлган чойхона ўзбекнинг. Икки ёнма-ён чойхона соҳиблари бир-бири билан чойхўрларни жалб этиш учун рақобатга киришар экан, таниқли хофизларни таклиф қилишган: Ўшнинг Бешкўпригидаги чойхонада Маъмуржон Узоқовни кўп марта эшитган ўшлик оқсоқол билан гаплашганимга икки ой ҳам бўлмади.
Энди Маъмуржон Узоқов билан ароққа бўккан маст-аластни битта чойхонада тасаввур қилинг!
Қилдингизми? Даҳшатми?
Чойхоначилар юқорининг буйруғисиз ҳам катта қилиб "Бу ерда спиртли ичимликлар ичилмайди!", деб ёзиб қўйишарди бир вақтлар.
Лекин, афсуски, айни пайтда, чойхонада ароқ ичиш ҳам йиллардан бери ғайритабиий амал бўлмай қолди (Қозон Қўрқитди, Меҳр Томчиси, Ошдан Кейин Кетмайди, От Оёқ...)
Илдизи ароқ “машруъ” бўлган Совет даврига тақаладиган бу амал ўзбекка “катта оғаси”дан юққан эди.
Афтидан, ўзбек ҳануз “ука”лик мақомида қолмоқда.
Боз устига, эндиликда, чойхона “Чайхана”га – ароққа айланди...